Юксак эътироф

Академик Аҳмадали Асқаров таниқли археолог-тарихчи олим. У 450 дан ортиқ илмий ва илмий оммабоп мақолалар, рисолалар, шу жумладан, 17 та монография, дарслик ва ўқув қўлланмалар муаллифи. Шулардан 50 дан ортиғи хорижий тилларда (инглиз, француз, немис, япон, хитой, форс, турк), 200 га яқини рус тилида чоп этилган.

Илмий ишлар йўналишининг кўлами кенг: Ўзбекистонда қадимги шаҳар маданияти ва илк давлатчиликнинг шаклланиш жараёнлари, археологик манбалар, долзарб тарихий муаммолар ечими хизматида, ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи, Орийлар муаммоси ва унинг археологик-таҳлили, археология фанининг услубий ва назарий масалалари ва бошқалар. Аҳмадали Асқаров академик Я. Ғуломов археологик илмий мактабининг изчил давомчиси. Ўзбекистон ФА Археология институтининг илмий ва илмий-ташкилий жиҳатдан шаклланишида унинг роли ва хизмати беқиёс. Олим институт илмий тадқиқотларини қардош Марказий Осиё илмий жамоалари билан ҳамкорликда, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик принциплари асосида олиб борди. Ундаги илмий ташкилотчилик қобилияти, археология фанига бўлган фидойилик, ўзига ва атрофдагиларга нисбатан талабчанлик, ҳаётда ва илмдаги принципиаллик, халқаро ва қардош республика илмий марказлари билан илмий алоқаларни мустаҳкамлаш туфайли институтни нафақат минтақада, балки дунё миқёсида тан олинган илмий марказ даражасига кўтара олди. Унинг бевосита раҳбарлигида бирдам, аҳил археолог-олимлар жамоаси шаклланди, ўзига хос “Самарқанд илмий археология мактаби” ташкил этилди.

Аҳмадали Асқаров ижодий фаолиятининг сўнгги 30-35 йили давомида асосий эътиборини ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи, айниқса, унинг этногенези муаммолари ечимига қаратди. Бу муаммога бағишланган ўнлаб илмий мақолалар, “Ўзбек халқининг этногенези ва этник тарихи” (2007 й.) номли олий ўқув юртлари талабалари учун ўқув қўлланмаси, “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” (2015 й.) номли фудаментал монографияни чоп эттирди. Ушбу мақола ва асарларда ўзбек халқининг тарихий илдизлари туркий халқлар тарихи билан узвий боғлиқ эканлигини исботлади, эски қарашларга қарши янги ғояларни кўтариб чиқди. Бу илмий иш маҳсулотлари билан таниш қардош туркий давлатлар олимлари Аҳмадали Асқаровнинг соҳада олиб борган самарали илмий фаолиятини юқори баҳоладилар.

Яқинда Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида йирик тарихчи-олимлар иштирокида форум бўлиб ўтди. Дунёнинг 20 давлатидан келган 200 га яқин олимлар, жумладан, Буюк Британия, Германия, Хитой, Россия, АҚШ, Жанубий Корея, Покистон, Япония, Мўғулистондан келган мутахассислар қатнашган тадбирда Аҳмадали Асқаровнинг илмий изланишлари, археология соҳасига қўшган муносиб ҳиссаси яна бир бор эътироф этилиб, халқаро Турк Академиясининг махсус олтин медали билан тақдирланди.

Яна ўқинг:  Мусиқа ва санъат мактаблари – истеъдодли ёшларнинг ойдин йўли

 

Эркин ХУДОЙБЕРДИЕВ,

профессор,

Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,

доцент,

Мамасоли ТЎРАЕВ,

доцент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: