“EXCLUZIVE EDUKATION AND BUZINES” халқаро мутахассислар эътирофида

Бугун юртимизда фаолият юритаётган нодавлат ўқув марказлари билимга чанқоқ ёшларнинг илм олишга бўлган интилиш ва истакларини замонавий дарс бериш усуллари орқали ривожлантириб бормоқда. Бундай марказлар таклиф этаётган ўқиш муддатлари, курс таркибига киритилган фанлар, билим ва малаканинг даражаси бир-биридан тубдан фарқ қилади.

Ўзбекистон Савдо саноат палатаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси қошидаги “EXCLUZIVE EDUKATION AND BUZINES” нодавлат таълим маркази ҳам янги йўналишда фаолият юритаётганига ҳали унча кўп вақт бўлгани йўқ.

Ўқув маркази маркетинг, менежмент, тадбиркорлик, бозор иқтисодиёти, молия бозори, архитектура ва дизайн, ошпазлик каби 8 та йўналиш бўйича давлат корхоналаридаги ишчи-ходимларнинг малакаларини ошириш ва мутахассисликка тайёрлашга йўналтирилган.

Шунингдек, бу ерда тадбиркорликка қизиқувчи ёшлар соҳа бўйича чуқур билим олади. Марказда Қарши давлат иқтисодиёт ва Қарши давлат муҳандислик университетларининг малакали фан номзодлари ва олий тоифали педагог-мутахассислари таълим беради. Қолаверса, яна 5 нафар мутахассис-ходим тарғибот ишларини олиб бориб, тингловчилар билан семинар-тренинглар ўтказади. Шунингдек, уларга ўзлари қизиқадиган йўналишда суҳбатлар, маърузалар ўқийдилар.

Айтиш жоизки, ушбу нодавлат таълим маркази Қашқадарё вилояти миқёсида Халқаро олий ўқув юртларида ўтиладиган 8-дастур бўйича фаолият юритаётган ягона тизимли ўқув марказидир. Чунки бошқа ўқув марказлари абитурент тайёрлаш ёки билимларни чуқурлаштиришга хизмат қилса, “EXCLUZIVE EDUKATION AND BUZINES”да касб-ҳунарга йўналтириш, кадрлар малакасини ошириш, тадбиркорларнинг бизнес юритиши қўллаб-қувватланади.

Жумладан, ошпазлик йўналишида давлат бюджетидаги коллеж, мактаб, МТМ ва олий ўқув юртларидаги ошпазлар санитария-эпидемология соҳаси бўйича ўқитилади. Тингловчиларга 72 соатлик тренинг мобайнида вилоят ДСЭНМ ходимлари, Савдо-саноати палатаси мутахассислари, Вилоят ошпазлар уюшмаси, муҳандислик ва иқтисодиёт бўйича таълим берувчи ўқитувчилар озиқ-овқат технологияси, овқатланиш хавфсизлиги ва санитария-эпидемология қоидаларига риоя қилиш каби мавзуларда билим берадилар.

– Таълим марказимиз ўзининг дастурига эга бўлиб, бошқа ўқув марказларидан фарқли ўлароқ, юртимизда бозор иқтисодиёти шароитида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, кичик бизнесни бошқариш ва корхоналарда менежмент фаолиятини ташкил этиш, уларнинг ривожланиш тенденцияларини амалга оширишни кўзда тутади, – дейди таълим маркази раҳбари Наргиза Абдуллаева. – Бунинг учун марказда тингловчиларга барча қулай шароитлар яратилган.

Яна ўқинг:  ИЛМ НУРИ ЁРИТГАН УМР ЙЎЛИ

Бизнес юритиш гуруҳларида бир кунда 8 соатдан дарс ўтилиб, курсни тугатганларга сертификат берилади. Ўқитиш тизими корхона ва ташкилотлар билан шартнома асосида пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Тингловчилар ўқишни тамомлаганларидан сўнг стандарт бизнес-режа, бизнесни режалаштириш ва ишлаб чиқиш, бизнес-режа натижаларини талқин қилиш ва уни расмийлаштириш бўйича амалий билимга эга бўладилар.

Эътиборга молик томони, яқинда Грециядан мамлакатимиздаги нодавлат таълим марказлари фаолиятини ўрганиш мақсадида ташриф буюрган халқаро тадқиқотчи жаноб Янис Зервис “EXCLUZIVE EDUKATION AND BUZINES” фаолиятини юқори баҳолади. Айниқса, тадқиқотчи бу ердаги семинар-тренинг ва дарслар халқаро стандартлар асосида ўтилаётганига, шунингдек, тингловчиларнинг изланувчанлиги ва ҳозиржавоблигига алоҳида эътибор қаратди. Янис Зервис жорий йилнинг сентябрь ойида ушбу ўқув маркази фаолиятини қайта мониторинг қилишни режалаштирди.

Бу каби ютуқларга эришишда аввало Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси раҳбари Саъдулла Бобоқуловнинг мутахассис-ўқитувчиларни танлаш ва жалб этишдаги юқори малакаси ва эътибори, семинар-тренингларнинг режали ва мазмунли олиб борилиши, тингловчилар учун яратилган имконият ва замонавий ўқув дастурлари алоҳида аҳамиятга эга.

М. ҚОДИРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: