БОЛАЛАР ЛИБОСЛАРИ: НОЗИК ДИД, ЮКСАК СИФАТ, КЎРКАМ КЎРИНИШ

Эгнидаги ўзига ярашган бежирим либосини кўз-кўз этаётган кичкинтойингиз берган совғангиз боис сиздан беҳад мамнун. Ўзингиз ҳам харид қилганингиз кўркам либоснинг унга ярашиб туришидан таскин топасиз.

Дарҳақиқат, истиқлол туфайли бугунги кунда нафақат республикамизда, балки чет элларда ҳам харидоргир бўлаётган ўзбек либослари ўзига хос кўриниш касб этмоқда. Жаҳон андозаларига мос равишда ишлаб чиқарилаётган бундай маҳсулотларга талаб кундан-кунга ортиб бормоқда.

Ана шундай кўркам либослар ишлаб чиқараётган “Зета Текс” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси 2009 йилда ташкил топган. Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган мазкур корхона текстиль, тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бу корхонада ёрдамчи маҳсулот сифатида ёрлиқ ва қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга асосланган матбаа цехи ҳам мавжуд. Корхона маҳсулотлари ички ва ташқи бозорда сотилади. Тайёр трикотаж маҳсулотларининг 80 фоиздан кўпроғи хорижга экспорт қилинади. Жорий йилда экспорт ҳажмини янада кўпайтириш мақсадида 3 ёшгача бўлган болалар кийимлари тайёрланаётган корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати янада кенгайтирилмоқда. Ўтган йили 400 минг АҚШ долларига яқин маҳсулот экспорт қилинган бўлса жорий йилда бу кўрсаткични янада кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Иш унуми юксак бўлиши учун ҳар бир ходим меҳнатига етарлича эътибор қаратиш лозимлигини корхона мутасаддилари яхши англаб етишган. Замонавий русумдаги тикув машиналарида меҳнат қилаётган малакали тикувчилар ёшларга касб сирларини қунт билан ўргатишмоқда.

“Зета Текс” қўшма корхонаси раҳбари Мирзанеъмат Мирзааҳмедов кичкинтойлар учун тикилаётган кийим-кечакларнинг харидоргирлиги ва улар учун танланадиган матолар хусусида қуйидагиларни гапириб берди.

– Маҳсулотнинг сифати унинг қай даражада харидоргир эканлигини белгилайди. Корхонада тикилаётган кийимлар учун 100 фоиз биринчи нав пахта толасидан тайёрланиб, Ўзбекистонда йигирилган калава ип сотиб оламиз. Қўқондаги “Индорама”, Бухородаги “Мергантекс”, Чиноздаги “Пласттекс” қўшма корхоналарида тайёрланган бундай калава ипларнинг сифати юқори. Ушбу калава ипларни мато тўқув цехимизда тўқитамиз. Сўнгра бошқа корхоналарда матони бўятиб, унга гул солдирамиз. Бу жараён бўёқ рангларининг сифатига, матонинг юпқа ва қалинлигига юксак эътиборни талаб этади. Энг аввало, бўёқнинг мувофиқлик сертификатига эга бўлиши назорат қилинади. Калава ипдан хом трикотаж мато тўқиш ва бу матони бошқа фирмаларда бўятиб, тикув цехимизда тайёр трикотаж маҳсулот сифатида ишлаб чиқаришга асосланган жараённинг ўзига хос муҳим жиҳатлари мавжуд. Биринчи навбатда кийим-кечаклар тикиш учун танланган мато кичкинтойларни ташқи таъсирдан ҳимоя қилиши, уларда кислород циркуляцияси (айланиши)ни яхшилашга хизмат қилиши лозим. Иккинчидан бола дунёқараши катталарникидан тубдан фарқ қилади. Матоларнинг ёрқин рангларда бўлиши болаларда уларни қабул қилиш диапозонининг тез ривожланишини таъминлайди. Матонинг юмшоқлиги баданни терлашдан сақлаши ҳамда қуёш нурларини танага ўтказмаслигига ҳам кичкинтойнинг ўсишига ижобий таъсир этади. Шунингдек, унинг енгиллиги, пишиқлиги, тана ҳароратига мос келишига ҳам эьтибор қаратилади.

Яна ўқинг:  УСТОЗ – ҲАЁТИМИЗ ЧАРОҒБОНИ

Болалар учун тайёрланаётган кийимлар ассортиментида биринчи ўринда гигеник жиҳатдан қулайлиги ҳамда уларнинг ривожланиш давридаги ҳаракат барқарорлиги асосида оддий бичимлар кўринишида бўлиши лозим.

Дарҳақиқат, ўндан ортиқ турдаги болалар кийимлари тайёрланаётган корхонада маҳсулотнинг сифат даражаси биринчи ўринда туради. Иккинчидан уларни қадоқланишига жиддий эътибор қаратилган. Чунки, қадоқлаш харидор дидига мос бўлса унинг хариди ҳам осон бўлади. Либослар катта-кичиклигига қараб махсус пакетларга жойланиб экспортга жўнатилмоқда.

Корхонада қиз болалар кийими учун алоҳида ўғил болалар кийими учун эса алоҳида расмлар танланиб қўйилган либосларнинг бежиримлигидан кўз қўвнайди

Бунда боланинг зерикиб қолмаслиги учун бир хил рангдаги кийимлари устига уларнинг дунёқарашига мос расмларни танланишига алоҳида эътибор қаратилган.

Уч ёшли боланинг дунёқараши кенг бўлади. Уни табиат билан боғлиқ расмлар қизиқтиради. Агар эътибор берган бўлсангиз кичкинтойлар кўпроқ ёрқин рангларга талпинади. Уларга либос тикаётган корхона чеварлари кўпроқ матоларнинг сариқ, қизил, яшил каби ёрқин ранглиларини танлашади. Қиз болалар кўпроқ мато рангига ва гулига эътибор беришади. Шу боис уларнинг либосларига кўпроқ гул, капалак, дарахт, қуёш расмларини ўғил болалар кийимларига эса футбол тўпи, машина ёки турли ҳайвонларнинг, мультфилм қаҳрамонларини тасвирловчи расмлар қўйиб тикилаётган либослар янада кўркам кўриниш касб этмоқда. Бунда боланинг ёшига қараб кичкина ёки каттароқ расм танланади. Уни кўришига қулай бўлишига ҳам алоҳида эътибор берилади. Бундан болажонлар албатта хурсанд бўлишади.

Корхонада ёшларнинг ҳунар ўрганиб ўз касбининг фидойиси бўлиб етишишига алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада Яккасарой туманида жойлашган Енгил саноат касб-ҳунар коллежи билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Ҳар йили бу билим даргоҳи битирувчиларидан 10-15 нафари битирув амалиётини қўшма корхонада амалга оширмоқда. Улар алоҳида малакали тикувчиларга бириктирилади. Севара Мусаева, Шаҳзода Аброрхўжаева, Нилуфар Тошкенбоева, Зебо Норова, Севара Қурбонова, Фахриддин Жўраев каби ўз касбининг фидоийлари ёшларнинг севимли устозига айланган. Амалиёт даврида иш ўрганиб пухта билимга эга бўлган ёшлар диплом олганидан сўнг ишга қабул қилинади… Бундан коллеж битирувчилари ҳам уларнинг ота-оналари ҳам мамнун бўлишмоқда.

Айни вақтда хорижлик ишбилармонлар томонидан юқори баҳоланиб экспорт қилинаётган “Зета Текс” корхонаси маҳсулотлари ташқи бозорда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлмоқда. Бунинг замирида эса юксак сифат, ишдаги самара ҳамда тинимсиз изланиш мужассам.

Яна ўқинг:  ЭГИЛУВЧАН ДИСПЛЕЙ

 

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: