ЮРТ – ОБОД, ЭЛ – БАХТИЁР

Янги йилнинг илк кунида атроф оппоқ қорга беланди.
Қишнинг завқи, “Янги йил” шукуҳи қор билан янада тот-
лироқ, шундай эмасми?! Арчалар кифтидаги оппоқ қорда қишнинг салобатини ҳис қиласиз. Совуқдан қизарган юзларда кумуш фаслнинг завқини, “Янги йил” айёмининг қувончини… Айниқса, кичкинтойлар қалбига бу байрам улкан шодлик олиб киради.

…Қуёшнинг заррин нурлари арчалар кифтидаги қорга тушиб янада ажиб манзара касб этмоқда. Атроф болаларнинг шодон қийқириқлари билан тўла… Улкан арча. Мамлакатимизнинг бош майдонида бунёд этилган эртаклар шаҳарчаси юртдошларимиз билан гавжум. Ранг-баранг безаклар, эртак қаҳрамонлари. Улкан мониторда болалар учун мультфильмлар намойиши, турли аттракционлар, санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар байрам завқига завқ қўшмоқда. “Янги йил” шодиёналарида мамлакатимизнинг турли гўшаларидан келган кекса-ю ёш юртдошларимиз билан бирга чет эллик меҳмонларни ҳам учратасиз…

Али Хан, фармацевт, Ҳиндистон:

— Уч йилдан буён Ўзбекистонда фармацевтика соҳасида фаолият юритаман. Мамлакатингиз менга ва оила аъзоларимга жуда ёқади. Гўзал табиати, одамларнинг хуш муомалалиги, меҳмондўстлиги таҳсинга лойиқ. Пойтахт Тошкентнинг кўчалари назаримда кундан кун чирой очиб бораётгандек. Қизларим — Альбинахон ҳамда Тевахонлар билан бу йил байрамни Ўзбекистонда кутиб олдик. Сабаби, бу ерда «Янги йил»ни нишонлаш, шаҳар айланиш, умуман байрам завқини туйиш учун имкониятлар муҳайё. Фарзандларимнинг ҳам, турмуш ўртоғимнинг ҳам қувончи чексиз. Бу қувончни мен ҳар бир ўзбекистонликнинг чеҳрасида кўряпман. Ўзбекистон улкан имкониятлар мамлакати. Бундай юртга албатта, байрамлар ярашади…

Акрамжон ака Қаландаров, Марғилон шаҳри:

— Биз оилавий шифокорлармиз. Мен тез тиббий ёрдам марказида реаниматолог вазифасида ишлайман. Умр йўлдошим — Маҳмудахон стоматолог, ўғлимиз — Ботиржон ҳам эндокринолог шифокор. Ҳозир у Тошкентда шифокорлар малакасини ошириш институтида ўқияпти. Ўғлим Ботиржоннинг таклифи билан саккиз нафар набираларимни етаклаб пойтахтга келдик. Ҳар гал Тошкентга келсам улкан ўзгаришларнинг гувоҳи бўламан. Куннинг бироз совуқ бўлишига қарамасдан шаҳар айланиб ҳоримаяпмиз. Айниқса, набираларимнинг шодлиги чексиз, уларга ҳавасим келади. Болалигимизда биз учун бундай ажиб замонлар эртак эди. Тилимизда ҳам, дилимизда ҳам шукрона, тинч ва осойишта юртда, фарзандларимиз бағримизда тотув яшаяпмиз. Набираларимиз замонавий таълим муассасаларида ўқияпти, биз юксак даражада жиҳозланган тиббиёт муссасаларида ишлаяпмиз, меҳнат қилиб, турмуш кечиряпмиз… буларнинг барчаси юртимизда яратилаётган шарт-шароитлар, Юртбошимиз саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг меваси… Бош майдонда туриб, юртдошларимизни кузатиб, дилим чексиз ифтихорга тўлди. Уларнинг юзидаги мамнунлик, шижоат, фарзандларимиз чеҳрасидаги қувонч бахтиёр элнинг шукронасини акс эттириб турибди.

Яна ўқинг:  ГИРДОБ

Мадраҳим Аҳмедов, Зангиота тумани:

— Набираларим билан байрам шодиёналарига келдик. Болаларимизнинг кайфияти чоғ, биз ҳам хурсандмиз. Халқимиз — болажон эл, уларнинг қувончи оилаларимизнинг мустаҳкамлигини белгилайди. Ҳозир қандай ўйин аттракционида (арғимоқда) учиш ҳақида келишиб оляпмиз.

Шу байрамона шароитларни яратган мутасаддиларга, тинчлигимиз посбонларига, байрам дастури ташкилотчиларига халқимиз номидан ташаккур билдирамиз.

Нодирбек Содиқов, Тошкент шаҳри:

— Бу майдонга келиб эртаклар дунёсига тушиб қолгандек бўлдик. Ҳаммаёқда шоду хуррамлик. Турмуш ўртоғим Севарахон билан эртак қаҳрамонларини кузатиб болалигимизни ёдга оляпмиз. Кичик оиламиз учун «Обод турмуш йили»нинг режаларини тузаяпмиз. Шодиёна кунларида қилинган ниятлар албатта, амалга ошади.

Мустақиллик майдонидан қайтар эканмиз, юртдошларимизнинг самимий дил сўзлари қалбимизни илиқ қувончга тўлдирганини ҳис қилдик.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,

Маърифат ТОЛИПОВА,

«Соғлом авлод» мухбирлари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: