Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

ЎЗБЭКИСТОН ХАЛҚИГА ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ

07.01.2013
28 марта ўқилди
ЎЗБЭКИСТОН ХАЛҚИГА ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ

Азиз юртдошларим!

Қадрли дўстлар!

Янги йилга саноқли дақиқалар қолган мана шу шукуҳли дамларда юртимизга қутлуғ қадамлар билан кириб келаётган 2013-йил билан сиз, азизларни чин қалбимдан табриклаш, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматимни билдириш, самимий тилакларимни изҳор этиш мен учун катта шараф, катта бахтдир.

Ўтган давр мобайнида бошимиздан кечирган, эл-юртимиз ҳаётида рўй берган воқеаларни, амалга оширган ишларимизни баҳолар эканмиз, ўз поёнига етаётган 2012-йилни шукроналик туйғуси билан, мамнуният билан кузатишга тўлиқ асосларимиз бор.

Бунинг исботини авваламбор Ватанимизнинг олдида турган буюк мақсад ва муддаоларга эришиш, замонавий, эркин ва мустақил давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида амалга ошираётган улкан ишларимизда, иқтисодиётимизнинг барқарор суръатлар билан ўсишида, аҳолимизнинг яшаш даражаси ва сифати юксалишида, юртимизнинг қиёфаси тобора чирой очаётганида, мамлакатимизнинг халқаро майдонда обрў-эътибори ва ўрни кучайиб бораётганида кўришимиз, англашимиз қийин эмас.

Шу борада бир ҳақиқатни ҳеч иккиланмасдан айтишни ўзимнинг бурчим деб биламан.

Ўзбекистонимизнинг бугунги кунда бутун дунё тан олаётган юксак марраларга эришишида, бир сўз билан айтганда, обод ва фаровон ҳаёт барпо этишда аввало шу саховатли заминда яшаётган ҳар қайси инсоннинг муносиб ҳиссаси борлигини, бу ютуқларнинг барчасига халқимизнинг кундалик оғир ва машаққатли меҳнати, мардлиги ва матонати, бир ёқадан бош чиқариб, ягона оила бўлиб, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни кўз қорачиғидек асраб яшаётганимиз мустаҳкам замин бўлаётганини ҳеч қачон унутмаслигимизни истардим.

Мамлакатимизнинг тараққиёт суръатларини, ҳаётимизда рўй бераётган туб ўзгариш ва янгиланишларнинг миқёси ва кўламини ўзимизга тасаввур қилиш учун биринчи навбатда қуйидаги рақам ва кўрсаткичларга эътибор беришимизни ўринли, деб биламан.

2012-йилда жаҳон миқёсида молиявий ва иқтисодий инқироз давом этаётган бир пайтда, кўпчилик мамлакатларда ўсиш ўрнига пасайиш ҳолатлари юз бераётганига, жиддий ижтимоий муаммолар ва ён-атрофимизда кескинлик, турли қарама-қаршилик кучайиб бораётганига қарамасдан, Ўзбекистонимизда иқтисодиётимиз барқарор суръатлар билан ривожланиб, бу борадаги кўрсаткич 8,2 фоизни, охирги уч йил якуни билан 27,7 фоизни ташкил этганининг ўзи ортиқча таърифлашга ва изоҳлашга ўрин қолдирмайди.

Ўтаётган йилда давлат бюджети умумий харажатларининг 59 фоизи айнан социал соҳаларга, яъни аҳолининг эҳтиёжини қондиришга йўналтирилганини алоҳида таъкидлаш лозим, деб ҳисоблайман.

Фақатгина жорий йилнинг ўзида аҳолимизнинг реал, яъни амалдаги даромадларининг ўртача 17,5 фоизга ошгани, давлат бюджетидан ойлик оладиган ходимларнинг иш ҳақи, нафақа ва стипендиялар миқдори ўртача 26,5 фоизга ўсганини қайд этиш зарур.

Даромадлар ошиши билан аҳолимизнинг банкларда сақланаётган омонатлари ҳажми ўтаётган йилда 34,6 фоизга, охирги уч йилда эса 2,4 каррага кўпайгани ҳаётимиз тобора фаровон бўлиб бораётганининг яққол кўрсаткичи, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Ўз якунига етаётган йилда мамлакатимиз миқёсида 9,3 миллион квадрат метр, шу жумладан, қишлоқ жойларда 7,2 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилганининг ўзи ҳам шундай хулоса чиқаришга асос бўлиши муқаррар.

Ҳаётимизни тубдан ўзгартираётган бундай мисолларни мамлакатимизнинг турли соҳа ва жабҳаларидан яна кўплаб олиб келиш мумкин.

Ўзбекистон қўлга киритаётган бундай марраларнинг мустаҳкам замини одамларимизнинг, аввало ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган ёшларимизнинг дунёқараши, сиёсий ва ижтимоий фаоллиги, гражданлик позицияси тобора кучайиб бораётганида, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.

Буларнинг барчаси шу юртда яшаётган ҳар қайси инсон ўзининг, оиласининг тақдирини биз учун ягона Ватан бўлмиш Ўзбекистон тақдири билан узвий ва чамбарчас боғлиқ ҳолда кўраётганидан далолат беради. Ва ҳаётга бундай ёндашиш эртанги кунимизнинг мустаҳкам пойдеворига айланиб бормоқда.

Айни шу фурсатдан фойдаланиб, ҳаётимизда юз бераётган ана шундай ўзгариш ва янгиланишларнинг ижодкори ва бунёдкори бўлмиш сиз, азиз юртдошларимга мамлакатимизнинг тараққиёти, уни дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига кўтаришдек эзгу мақсадларимизни амалга ошириш йўлидаги муносиб хизматларингиз учун чин қалбимдан миннатдорлик билдиришни ҳам қарз, ҳам фарз деб биламан.

Муҳтарам дўстлар!

Бугун, мана шу мунаввар дақиқаларда янги йилга пок ва қутлуғ ниятлар билан қадам қўяр эканмиз, Оллоҳдан аввало ўз марҳамати ва назарини аямасдан, бебаҳо неъмат бўлмиш тинчлик ва осойишталикни, аҳиллик ва бағрикенгликни, қут-баракани янада зиёда қилишини, бундан буён ҳам доимо йўлимизни очиб беришини сўраймиз.

Биз кириб келаётган янги – 2013-йилга мамлакатимизда “Обод турмуш йили” деб ном бердик. Бунинг замирида халқимиз, Ватанимиз истиқболини, шу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар қайси оиланинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш, шаҳар ва қишлоқларимизни янада обод, ҳаётимизни янада фаровон этишга қаратилган амалий интилишларимиз мужассам экани, ўйлайманки, барчамизга яхши аён.

Янги йилда иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатларини 8,0 фоиздан кам бўлмаган даражага кўтариш, унинг рақобатдошлигини кучайтириш, модернизация ва диверсификация қилиш, мулкдорлар кафолатини янада ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини кенг қўллаб-қувватлаш, халқимизнинг виждони бўлмиш маҳалла ваколатларини янада кенгайтириш бўйича бошлаган ишларимизни, ҳеч шубҳасиз, изчил давом эттирамиз.

Шу борада аҳолининг реал даромадларини кўпайтириш, жумладан, иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялар 23 фоиздан кўпроқ оширилиши кўзда тутилмоқда.

Янги йилга мўлжалланган бундай дастур ва режаларимизнинг барчаси 2013-йилнинг ўтиб бораётган эски йилдан асло кам бўлмаслигига, ҳаётимизнинг ҳар томонлама файзли ва баракали, сермазмун бўлишига хизмат қилади, иншоолло.

Азиз ва муҳтарам ватандошларим!

Барчангизни бағримга босиб, кириб келаётган янги – 2013-йил билан яна бир бор табриклайман.

Мана шу гўзал айёмда қалбим тўрида бўлган энг эзгу, энг олижаноб тилакларимни сиз азизларимга изҳор этмоқчиман:

Теглар:#2013/1

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
ХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН ИШЛАШ ЁХУД ИСТИҚБОЛ ОДИМЛАРИЖамият

ХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН ИШЛАШ ЁХУД ИСТИҚБОЛ ОДИМЛАРИ

Оила ва гендер илмий тадқиқот институтининг истиқболдаги фаолияти тўғрисида тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оила ва хотин қизлар қ

07.03.202457
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023170
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.2024117
Инсон нега ўз жонига қасд қилади?Жамият

Инсон нега ўз жонига қасд қилади?

Суициднинг кўпайиб бораётганлиги ҳар биримизни хавотирга солади. Ушбу долзарб ижтимоий-психологик муаммони фақат суицидологларга юклаб қўйиш билан унинг ечимини топиш анча мушкул.

29.11.2022117