ЁЗНИНГ ЁРҚИН РАНГЛАРИ

Инсон ҳаёти табиат билан уйғун. Ўз даврида аждодларимиз хина, ўсма, сурма каби табиий воситалардан косметологик восита сифатида фойдаланишган. Юз ва қўллар парваришида қатиқ, сут, қаймоқдан фойдаланган бўлсалар, тишлар мисвокда тозаланган. Қадимги Русда қизлар румяна (ёноқни қизартирувчи косметологик восита) ва лаб бўёғи ўрнида хом қизил лавлагидан фойдаланишган. Дастлаб лаб терисини юмшатиш учун уйқуга ётишдан олдин қаймоқ, сариёғ ёки ўсимлик ёғларидан (зайтун, писта, зиғир, канакунжут, седана, бодом, чаканда мойи) суртишган.

Айниқса, турли байрамларда хотин-қизлар сочларнинг ўзгача жилоланишига эътибор қаратишган. Мусулмон давлатларида ва Ҳиндистонда ҳозир ҳам қиз узатиш ва Ҳайит байрами арафасида хотин-қизлар қўл ва оёқларига хина қўйишади. Хина баргларида лавзон бўёвчи моддаси бор. Ўтмишда бу табиий косметологик воситадан бўёқ сифатида ҳам фойдаланишган ва турли хил матолар қизғиш ва сариқ рангга бўялган.

Шунингдек, ҳозирги кунда ҳам хина фойдали хусусиятлари сабабли қадрланади. Унинг янги узиб олинган барг, поя ва гуллари янчилиб бошга суртилиб, боғлаб қўйилса бир неча соат ўтгач сочлар қизғиш ёки жигарранг тусда товланади. Хина соч тўкилишининг олдини олади. Бош терисидаги диатез ва турли тери касалликларида ҳам шифобахш таъсир этади. Унинг қуритилган кукунсимон барглари қадоқланган ҳолида сотувга чиқарилган.

Тайёрлаш усули:

Бир қути хина кукунига 1 литр қатиқ аралаштирилади. Ёки уни қайнаган илиқ сувда ҳам тайёрласа бўлади. Бўтқасимон масса ҳосил бўлгач, ювилган бошга суртилади. Орадан 40 дақиқа ёки икки соат ўтгач сочларингизни илиқ сувда шампунсиз ювсангиз чиройли рангга бўялади.

ХИТОЙ ЧОЙИ

Қора ва бироз оқ аралашган сочларни бўяшда хитой чойи қўлланилади. Бунинг учун сочларингизни яхшилаб ювасиз. Икки ош қошиқ чойни 1 литр сувда 5 дақиқа қайнатасиз ёки аччиқ дамланган чой билан бошингизни чайиб, ҳўллигича икки соат бошингизни юқорида баён қилинган усулда ўраб қўясиз.

СУРМА ТАЙЁРЛАШ УСУЛИ

Сурма асосан соғлом, йирик шохли чорва моли илигидан тайёрланади. Бунинг учун илик суякдан ажратиб олинади ва сирли идишда салгина эритилади. Эритилган иликка стерил пахта ботириб олинади. Илик ёғини шимдириб олинган пахта чинни ёки сопол идишга солинади. Тўртта ғиштдан қўлбола ўчоқ ясайсиз. Ўчоқ ичига иликли идиш қўйилади ва устига сирли лаган ҳаво кирадиган қилиб ёпилади. Идишдаги пахтани гугурт билан ёқасиз. Пахта тутаб, аста-секин ёнади. Унинг тутуни лаган юзасини қоплаб олгач, ҳосил бўлган сурмани ёғоч қошиқда аста сидириб оласиз. Сурма шиша идишда қуруқ ва қоронғу жойда сақланади Ҳар куни уйқуга ётишдан аввал кўзларингизга сурма суртиб ётсангиз кўз нурини оширади.

Яна ўқинг:  Стрессдан қутилиш мумкинми?

Қошу киприкларга ўсма ва сурма қўйиш, шунингдек, уларни зайтун мойи билан парвариш қилиш ижобий самара беради. Ушбу момоларимиздан қолган азалий косметик воситалар барча даврларда ҳам ўз жозибасини сақлаб қолади.

ХИНА ВА ЎСМА

Фақат хинадан соч бўяшда фойдалансангиз, сочларингиз қизғиш-оловранг тусда товланади. Сочларингиз ёқимли бронза рангли бўлишини истасангиз 2/1 нисбатда хинага қуритилган ўсма кукуни ҳам аралаштиринг. Тенг миқдорда аралаштирилган хина ва ўсма кукуни сочларни каштан рангга бўяшда қўлланилади. 1/2 нисбатда хина билан аралаштирилган ўсма толқони сочларни қорамтир рангга бўяйди. Ҳар иккала ўсимлик кукуни сочларнинг узун-қисқалигига қараб 0,5 ёки 1 литр қатиққа аралаштирилади ёки иссиқ сувда бўтқасимон аралашма тайёрланади. Бўтқасимон аралашмани сочларга суртишдан аввал уларни яхшилаб ювиш даркор. Хина билан соч бўясангиз 10-15 дақиқадан сўнг сочларингиз сариқ тилларанг, 45 дақиқадан сўнг занг рангига бўялади. Сочлар 30 дақиқадан 2 соатгача бўялади. Бўялган сочлар илиқ сувда совун ва шампун қўлланилмасдан ювилади. Ойда 2-3 марта сочларингизни табиий бўёқлар билан бўяб юрсангиз сочларингизга ижобий таъсир этади.

Яна хинани какао билан аралаштириб ҳам сочларни бўяш мумкин. Бунинг учун 3-4 чой қошиқ какаони бир қути хина билан аралаштириб сочингизни бўясангиз қимматбаҳо қизил дарахт ранги тусига кирган сочларингиз ўзгача жило беради. Хинага мойчечак тиндирмаси аралаштирилса (бир ош қошиқ мойчечак гуллари ярим стакан иссиқ сув қуйиб тиндирилади) сочлар ёрқин тилларанг тусда товланади.

Қадоқланган хина ва ўсма кукунини сотиб олсангиз унинг қутисидаги ёрлиғини ўқиб чиқинг. Яроқлилик муддатига эътибор беринг. Ушбу кукунларнинг яроқлилик муддати 6 ой ҳисобланади. Ҳар иккала кукуннинг қутилари ёпиқ ҳолда қуруқ, нимқоронғу жойда сақланиши зарур.

МОЙЧЕЧАК

Мойчечак дамламаси сочларга тилларанг тус беради. Шунингдек, бу доривор восита оқарган сочларни бўяшда ҳам ишлатилади. Тиндирма тайёрлаш учун 100 грамм мойчечак гуллари устига 0,5 литр қайноқ сув солинади ва 30-40 дақиқа ўтгач сузиб олинади. Тоза ювилган сочларга тиндирма суртилади. Яхши ҳўлланган сочлар устидан целлофан қалпоқ кийиб, устидан сочиқ билан ўраб қўясиз. Икки соат ўтгач сочларингиз тилла ранг тусга кириб жилоланади. Ушбу косметик муолажа ҳар куни қўлланилса фойдадан холи бўлмайди.

Яна ўқинг:  Ҳомиладор аёлларнинг иммун тизими тадқиқ этилди

ГРЕК ЁНҒОҒИ

Тўрт ош қошиқ майдаланган хом ёнғоқ қобиғи устига икки стакан сув солинади. Сўнгра 10 дақиқа қайнатилади. Ювилган сочларга илиқ қайнатма суртилади. Бу қайнатма сочга жигарранг тус беради.

ЗАЙТУН ЁҒИ

Сочларингизга ҳар куни зайтун ёғи суртиб юрсангиз, уни оқаришининг олдини оласиз.

СОЧЛАР ПАРВАРИШИ

Соғлом соч юмшоқ, эластик бўлиб, табиий ялтирайди. Инсон кўркига кўрк бағишлайди. Сочларни доимо парваришлаб, ўз вақтида ювиб туриш уларнинг соғлом ўсишига ёрдам беради. Ёғли сочлар ҳар уч кунда қуруқ сочлар эса ҳафтада бир марта ювилади. Бошни ювиш жуда иссиқ сув ишлатиш мумкин эмас. Чунки, иссиқ сув бошдаги ёғ безлари фаолиятини кучайтириб юборади. Бош ювиш учун теридаги қозғоқ ва қичишишни йўқотадиган алоҳида гигиеник воситалар (шампунь, совун) қўлланилади. Ушбу воситалардан кўп фойдаланиш сочларга акс таъсир этиши мумкин. Сочлар илиқ сувда ювиб ва яхшилаб чайилган юмшоқ, табиий толалали сочиқ билан артилади. Ҳамда хона ҳароратида қуритилади. Сочни қуритиш учун фендан тез-тез фойдаланиш мумкин эмас. Чунки, у сочни ҳаддан ташқари қуритиб, тез синувчан қилади ва соч илдизига ҳам зарар етказади.

Сочлар тўлиқ қуригач тараш лозим. Узун сочлар пастдан юқорига оҳиста таралади. Калта сочлар эса тепадан пастга қараб таралади. Вақти-вақти билан сочларнинг учлари қирқиб турилади. Бу эса уларнинг яхши ўсишига ёрдам беради. Ҳаддан ташқари иссиқ ва совуқ об-ҳавода бош яланг юриш сочларга салбий таъсир кўрсатади. Бундай иқлим шароитида табиий толали фаслга мос бош кийим кийиш зарур ёки соябон тутиш даркор.

Сочлар ювилгач лимон шарбати солинган ёки сирка кислотаси (1 литрга ярим чой қошиқ) солинган сувда чайилса, ялтиллайди.

Гуруч

Гуруч ивитилган сувда сочлар ювилса, уни ўстиради ва бошдаги қазғоқларни кетказади.

Лавлаги

Қизил лавлаги қапйнатилган сувда ҳам бош чайилса, сочларни қорайтиради.

Пиёз пўстлоғи

Етилиб пишган, қалин пўстлоқли қизғиш пиёз пўсти қайнатилган сувда бош ювилса, сочлар жигарранг тусга киради.

Қатиқ ва зардоб

Сут маҳсулотларидан бўлмиш қатиқ ва зардоб таркибидаги минерал моддалар ва витаминлар ҳам соч илдизини мустаҳкамлаб, бош терисини юмшатади. Бу озиқ-овқат маҳсулотларини, айниқса сутни истеъмол қилиб туриш юз терисини тиниқлаштириб, уни оқартиради. Шунингдек, бошга қатиқ суртиб, целофон қалпоқ кийиб 30-40 дақиқадан сўнг сочлар илиқ сувда шампунлаб ёки атир совунда ювилади.

Яна ўқинг:  МУЗЛАТИЛГАН СУВ

Тухум сариғи

Соч қуруқ бўлса, дастлаб унга писта ёки кунжут мойи суртилади. Сўнгра 2-3та хонаки товуқ тухумининг сариғига озгина туз аралаштирилиб бошга суртилади. Устидан целофон қалпоқ кийилади ва юмшоқ сочиқ билан бош 1-2 соатга ўраб қўйилади. Кейин сочлар илиқ сувда шампун ёки атир совун билан ювилади. Бу муолажа соч илдизини мустаҳкамлаб, унинг тўкилишининг олдини олади. Сочларни юмшоқ ва майин қилади. Бошда қазғоқ пайдо бўлишига йўл қўймайди.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: