РЕЙНО КАСАЛЛИГИ

Бу хасталик ҳақида эшитганмисиз?

Бу касаллик 1862 йилда илк маротаба француз шифокори Морис Рейно томонидан таърифланган. Ушбу хасталик хуружсимон ривожланадиган, қўл ва оёқларда артериал қон айланишининг бузилиши билан кечади. Кўпинча совуқдан ёки қаттиқ ҳаяжонланиш, асабийлашишдан сўнг унинг белгилари намоён бўлади. Дард асосан қўл кафтларини шикастлайди. Масалан, бемор қиш пайтида кўчага қўлқоп киймасдан чиқса ёки қўлларини совуқ сувда чайса, совуқ бирор нарсани ушласа дарҳол Рейно касаллиги хуружи ривожланади.

Хуруж вақтида парестезиялар (терида оғриқ) кузатилиб, бармоқлар ва кафтлар ранги кетма-кетлик билан ўзгара бошлайди, аввал у оқ тус олади. Бир неча дақиқадан сўнг кўкаради ва музлайди. Энг охирида шикастланган соҳа қизаради. Оғриқ кучидан беморлар қўл-оёқларини қимирлата олмай қолади. Бундай хуружлар бир неча дақиқадан, бир неча соатгача давом этиши мумкин.

Баъзи беморларда касаллик хуружи қўлларнинг қаттиқ музлаши, карахт бўлиши ва игна санчиши каби ҳиссиётлар билан кечади. Асосан 15-20 дақиқадан сўнг қон айланиши қайтадан тикланиб, қўл териси тўқ пушти тус олади.

Хуруж тугаганидан сўнг ҳам оғриқ сақланган ҳолда, қўлларнинг қизиши ва шишиши кузатилади. Кўпинча бундай ҳолат қўл ва оёқнинг 2-5 бармоқларида учрайди. Аммо баъзан бурун, қулоқ, даҳан ва тизза усти терисида ҳам ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Баъзи беморларда оғиз ичидаги қон томирлар шикастланиши натижасида тил карахт бўлиб, хуруж пайтида улар гапира олмай қолади.

Касалликнинг эрта даврида тери оқариши фақат бир бармоқнинг учида кузатилади ва кейинчалик касаллик авж олганда барча бармоқларга ўтиб, ҳатто оёқ бармоқларида ҳам бу ҳол учрайди. Аммо бунда оёқнинг катта панжалари шикастланмайди.

Агар даво муолажалари ўз вақтида бош­ланмаса терида турли хил трофик (узоқ вақт битмайдиган яра) ва патологик ўзгаришлар ривожлана бошлайди. Яъни, қўл ва оёқ бармоқлари териси тортишиб, ингичкалашиб кетиши мумкин. Кейинчалик бу аъзоларда паронихиялар – яхши битмайдиган яралар ривожлана бошлайди.

Бу касаллик қўпроқ аёлларда учраб, асосан ўсмирлик давридан кузатилади. Хасталик оилавий тус олиши ёки наслдан-наслга ўтиши мумкин.

Рейно қасаллиги иккиламчи феномен ҳисобланади. Яъни, бу касаллик қуйидаги касалликларнинг асорати сифатида учрайди:

Бириктирувчи тўқималарнинг диффуз касалликларида – тизимли склеродермия хасталигида. Бармоқлар қон айланиши бузилиши касалликлари – артериитлар, артериовеноз аневризмаларда. Умуртқа поғонаси ривожланиши касалликларида, масалан, одамнинг бўйин қисмидаги қўшимча қовурғалар ўсишида, умуртқа поғонасининг бўйин қисми шикастланишида. Асаб тизими касалликларида. Эндокрин касалликларда. Шуни таъкидлаш лозимки, Рейно касаллигида барча қўл ва оёқдаги шикастланишлар, албатта, симметрик равишда ривожланади. Тери ранги ўзгаришининг кетма-кетлиги эса юқорида айтилгандай уч фазали бўлади. Яъни, дастлаб тери оқаради, кейин кўкаради ва охирида қизариб чиқади.

Яна ўқинг:  Гўдак парвариши – оналарнинг ширин ташвиши

Рейно касаллиги билан хасталанган беморлар хуруж қайталамаслиги учун совуқ кунларда узоқ муддат қўчаларда турмаслиги, иситилмайдиган совуқ, зах жойларда бўлмаслиги лозим. Каттаю кичик куз-қиш фаслларида қўлқоп, иссиқ ички кийим ва қалпоқ кийиб юриши керак. Шунингдек, оёқни ҳам ҳамиша иссиқ тутиш зарур. Тамаки чекиш, кофе ва таркибида кофеин мавжуд ичимликларни истеъмол қилиш мумкин эмас.

Хуружлар даврини қисқартириш мақсадида беморлар қуйидаги усулларни ўрганиши керак, яъни улар хуруж пайтида қўлларини илиқ сувда иситишлари ёки шароит бўлмаса, кафтларини қўлтиқ остига олиб иситиш зарур. Уларни тез-тез айланма ҳаракат қилдириш ва ишқалаб иситишга ҳаракат қилиш лозим.

Агар хуруж беморда қаттиқ асабийлашиш, руҳий зўриқиш (стресс) ёки хавотирланиш, кучли ташвишланишдан сўнг ривожланган бўлса, асабни тинчлантирувчи дори-дармонларни шифокор маслаҳати билан истеъмол қилиш керак.

Кўп ҳолларда Рейно касаллиги барқарор кечувчи, ҳамда ўз вақтида ва тўғри даволанганда тузалиб кетади. Касалликка дучор бўлган ҳар бир бемор шифокор томонидан диспансер ҳисобига олинади. Йилда икки маротаба бемор диспансер кўригидан ўтиши ва шифокорга кўриниши лозим. Албатта, ҳар бир бемор ушбу касалликка дахлдор бўлган янги белгилар пайдо бўлганда, вақтни бой бермай дарҳол шифокорга мурожаат этиши зарурлиги тўғрисида огоҳ бўлиши керак.

Феруза ОҚИЛОВА,

тиббиёт фанлари номзоди, пойтахтимиздаги 4-сонли шаҳар болалар клиник шифохонаси бош шифокори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: