Бағрингиздаги болангизга олисдан муносабатда бўлманг

Фарзандингиз мактаб остонасига қадам қўйди. Сиз ҳам у билан биргаликда ҳаяжонланиб ҳар куни ўқув муассасасига кузатиб қўясиз. Унинг янги муҳитга тезроқ, муаммосиз мослашиши, синфдош­лари орасида ўз ўрнини топа олиши, янги муҳитда ўзини эркин ҳис қилишида оила “об-ҳаво”сининг аҳамияти катта. Бола энг яқин, жонли, дилдан уюштириладиган мулоқотга қанчалик кўп жалб этилса, кутилган натижа шунчалик ижобий бўлади. Бунинг учун сиздан алоҳида тайёргарлик талаб этилади.

Сиз, аввало, болангиз учун алоҳида вақт ажратишга ҳаракат қилсангиз натижа, албатта, ижобий бўлади. Ўзингиз биринчи марта мактаб остонасига қадам қўйганингизни эсланг, энг қувончли ва ҳаяжонга тўла дамларини болангизга ҳикоя қилиб беринг.

Фарзандингиз ўзини йўқотиб қўймаслиги учун унга зарур маълумотларни ўргатинг. Яъни, бу ёшдаги болалардан “Ойингнинг исми нима?” деб сўралганда баъзида улар “ойи”, ёки “опа” деб жавоб беради. Ўзининг исмини сўраганингизда эса сиз эркалаб чақирадиган исмни айтиши мумкин. Шунинг учун болага биринчи навбатда ўзининг ва ота-онасининг тўлиқ исми-шарифи, яшаш манзилини яхши ўрганиб олишига аҳамият беринг.

Болангизни мактабда учраши мумкин бўлган қийинчиликлар ва омадсизликлар билан қўрқитманг. Кўпчилик болалар бу ёшда бир жойда ўтира олмайдилар, ўқишни, ҳисоблашни истамайдилар. Эрталаб уйқудан уйғониши, мактабга бориши осон кечмайди. Шундай пайтда уларга “Сени мактабга олмайди”, “Икки баҳо қўядилар”, “Синфда устингдан куладилар” каби сўзлар билан огоҳлантириш ҳам яхши натижа бермайди. Тўғри, дастлаб бу иш ижобий бўлади, лекин бора-бора акс таъсир кўрсатиши ҳам мумкин. Сабаби бола ўз хоҳишини енгишга қийналади ва олдинга қадам босишга иккиланиб қолади, кейин ўзига осонроқ кўринган қарор қабул қилади: “Мактабга бормайман”.

Болани яхши сўзларга ўргатиш – оилавий муносабатларнинг аксидир. Болангизнинг нутқида “раҳмат”, “марҳамат”, “кечирасиз”, “мумкинми?” каби сўзларни тез-тез ишлатишга ўргатинг. Аввало, бунинг учун оиладагилар ҳам бир-бирларига шу сўзларни қўллаб туришлари мақсадга мувофиқ бўлади. Айниқса, болага нисбатан бу сўзларни тез-тез қўлланг.

Уни мустақил ҳаётга ўргатинг. Бола кундалик турмушда қанча кўп нарсани мустақил бажарса, ўзига шунча ишончи орта боради. Унинг ўзи кийинишга, кийимларини жойига илиб қўйишга, тугмаларни қадашга ўргатинг. Зарур нарсаларни сўраб олишга, масалан, мактабда “ошхона қаерда жойлашган?” ёки “қанақа овқат бор?” каби саволларни бериб ўзига керакли жавобларни олишга, шифокор ҳузурида навбат олиш каби ишларни ҳам ўзи ҳал қилсин. Уйда кечки таом тайёрлашда ҳам унинг фикри билан ўртоқлашинг, қизиқишини инобатга олинг. Дам олиш кунларини ташкил этишда ҳам ҳар бир оила аъзосининг вақти ва қизиқиши ҳисобга олиниши керак. Бунда ҳам албатта, боланинг фикрини сўранг. Уни ҳам оилада ўз ўрни борлигини, фикрлари инобатга олинишини ҳис қилишга ўргатинг.

Яна ўқинг:  Ardoqlagum Ona tuproqni

Фарзандингизни ҳис қилишга, ҳайратланишга ўргатинг. Бирга тез-тез сайрга чиқиб туришга ҳаракат қилинг. Диққатини табиатдаги ўзгаришларга қаратинг. Масалан, баҳорда биринчи гуллайдиган дарахт, биринчи очиладиган чечак, кунларнинг исиши, қушларнинг учиб келиши, кузда баргларнинг ранги ўзгариши, тўкилиши… буларнинг ҳаммасини шундай чиройли гаплар билан тас­вирлаб берингки, болангиз атрофга бефарқ бўлмасин. Уни севинишга, ҳайратланишга ўргатиб боринг. Демак, боламиз нафақат билимли, ақлли бўлиши, балки киришувчан, мослашувчан, муайян вазиятларда мустақил ечим топаоладиган бўлиб улғайиши ҳам зарур экан. Маслаҳатларимиз сизга асқотиб қолади, деб умид қиламиз.

Психолог тавсиялари асосида

Асолат АҲМАДҚУЛ қизи

тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: