ШИОРЛАР ШИВИРЛАБ АЙТИЛМАЙДИ

агар у Ватан ҳақида бўлса

Аскаршоҳ набирам эндигина иккинчи синфига ўтган бўлсада жуда зукко, дилига хуш келган тушунчани бирданига ёд олади. Айниқса, Ватан куйчиси – Муҳаммад Юсуф шеърларини бурро-бурро ўқийди. Икки ёшли Паризода ҳам ундан қолишмаслик учун айтганларини чучук тили билан такрорлашга интилади. Яқинда уларни “ойнаи жаҳон” қаршисида, сухандонга қўшилиб, нималарнидир кўтаринки руҳда такрорлашаётган ҳолатда кўрдим.

– Нима айтаяпсан, болам, – сўрадим қизиқсиниб.

– Шиор айтаяпмиз.

– Менга ҳам айтиб берингларчи.

Аскаршоҳ қўлларини кўкси устида қовуштирди:

– Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!

Бола ширин тилидан учган беш бебаҳо сўз ноёб қурилмага менгзар, “бетакрор”, “ягона”, “она” ва “Ватан” сўзлари тўрт устун мисол “Ўзбекистон” номини боши узра кўтариб тургандек эди гўё.

Бу гўзал шиор мазмун-моҳиятига етиш учун соатлаб бош қотирдим, воажаб, Ватанни онадан бошқа ҳеч нарсага қиёслаб бўлмас экан, ўрнига қўймоқчи бўлган тушунча ва сўзларим қанча уринмайин ҳар гал зое кетаверар, ўзга биронта сўз ҳам Ватан тушунчаси ўрнини босолмас эди, негаки, ҳар кимнинг онаси ўзи учун танҳо ва ягона бўлгани қаби, Ватан ҳам бетакрордир.

Мени она тупроқ соғинчи асради

Қишлоқдошим Сафар ҳожи Ҳа­йитов бир даврада ибратли воқеани гапириб берди:

“Муборак ҳаж сафарида юрганимизда гуруҳимизга асл насл-насаби ўзбекистонлик, аммо бирон маротаба ҳам ота-боболар юртини кўриш насиб этмаган йигитча йўлбошловчи бўлди. Тўғри, у ўзбек тилида қийналиброқ гапирар, баъзан тегиш­ли сўзни топиш учун каловланиб қоларди. Бир кун ундан:

– Ука, сен ота-боболаринг туғилиб-ўсган замин ҳақида нималарни биласан, – деб сўрадим.

– Кексалардан тупроғи серҳосил, осмони серқуёш, одамлари бағрикенг эканлиги ҳақида кўп ва хўб эшитганман, – жавоб берди у кўзлари ёниб.

Қизиқувчанлигимга бориб, уни имтиҳон қилишда давом этдим:

– Мана Ўзбекистонни бирон маротаба кўрмаганлигингни тан олаяпсан, айтчи сенга қай мамлакатнинг тупроғи азиз?

– Бу ерда байтуллоҳ ва пайғамбаримиз равзаси бўлмаганида, фақат ва фақат Ўзбекистон тупроғини кўзимга суртган бўлардим”.

… Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари жафокаш Афғон тупроғидаги жангу-жадаллардан соғ-омон қайтган Рустам жиян кўзларига ёш олиб, Ватан тупроғини юзига суртди:

Яна ўқинг:  ҚАРШИ – ТОШКЕНТ: УЧ СОАТЛИК ЙЎЛ

– Шу кунларга етаман деб сира ўйламагандим. Душман ўқи ҳар кун сафингдан кимнидир олиб кетавергандан кейин, тирик қолишинга ишонч дақиқа сайин камайиб боравераркан. Эҳтимол мени киндик қоним тўкилган тупроқ соғинчи асрагандир.

Юртимизда ҳар йили Истиқлолга эришган кунимизни бири биридан гўзал ғоя ва шиорлар остида нишонлаш яхши анъанага айланиб бораяпти. Уларнинг ҳар бири қалбимизда алоҳида меҳр уйғотиб, ўзини шу Ватан фарзанди деб билган кексаю ёшни эл-юрт фаровонлиги йўлида жипслаштиришга хизмат қилмоқда. Шу нурафшон кунларимизда биз учун олис мозий, буюк аждодларимиз мероси ва 24 йил ичида босиб ўтган йўлимизга назар ташлаш, “Ким эдик, ким бўлдик, ким бўлишимиз керак?” деган саволга жавоб излаш ҳар қачонгидан муҳимроқ аҳамият касб этмоқда.

Йўқ, мен эътиборингизни якин ўтмишда орзу қилиш ҳам мумкин бўлмаган, истиқлол туфайли воқеликка айланган тараққиёт йўлимизнинг ҳаммамизга ойнадек аён кўрсаткичларига эмас, ҳар биримизнинг кўз ўнгимизда содир бўлган, бир қарашда оддий туюлган ҳақиқатларга қаратмоқчиман.

Эли бой бўлишни кўзлаган давлат қудратлидир

Олис олтмишинчи йиллар, мактаб остонасини ҳатлаган даврим бир ғалати суҳбатнинг гувоҳи бўлгандим.

– Бугун капиталистларни чирқиратиб, солиқ ундирдим, – деди отам билан гурунглашиб ўтирган қишлоқ советининг миқтигина солиқчиси.

“Солиқчи бобо шунчалик қуд­ратга эгамикин, капиталистларни чирқиратган бўлса”.

Болалик беғуборлиги билан дилимдан шу фикрлар ўтган эса неажаб.

Дунё иккига бўлинган, деворнинг иккинчи томони кўзимизга олабўжи қилиб кўрсатилган замонларда бундан бошқача фикр юритиш ҳам амримаҳол эди.

– Кўпам уларга озор бераверманг ака, – деди отам унга жавобан. – Шуларда бўлса ўзимиз тўй-маракасида катта-катта ермиз, бир ерга олиб кетишаяптими?!

Солиқчи бобо нега шундай деди, отам нега “душманлар”нинг тарафини олди, бу суҳбат сир-синоатига орадан йиллар ўтиб етдим. Давлат одамининг “капиталист” дегани қаловини топиб рўзғор қора қозони қайнасин учун беш-ўн қўй, эчки қилганлар, сафарга чиққанда ортиб қолган пулига ноёб газламами, рўмолми олиб келиб, нархига йўл харжини қўшиб сотганлар экан. Биз бугун тижорат савоб эканини, шу каби тадбиркорлар кўп бўлса, нарх-наво пасайиб, эл эҳтиёжи қондирилишини кўриб, ҳис қилиб турибмиз ва хулоса чиқараяпмиз: – ҳаммани бир қолипга солишни кўзлаган давлатни ихтиро қилганлар одамларни танлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган, уларни топганини ейиш, кийишга одатлантиришни ўйлаган экан. Эли бой бўлишини кўзламаган давлатнинг эса охири вой эканини вақт аталмиш олий ҳакам яққол кўрсатиб берди.

Яна ўқинг:  Юртга садоқат – юксак саодат

Давру-давронимизга минг қуллуқ

… Найистонлик Мурод раис оддий юк мошинаси ҳайдовчисининг фарзанди.

Бугун ёши тўқсонни қоралаб, кўксига тўкилган оппоқ соқоли нуроний қиёфасига улуғворлик ато этиб турган Жумақули бобо ўғил-қизларини ёзнинг жазирамасию, қишнинг изғирини демай темир чангаллаб вояга етказди. Рўзғорнинг қора қозони бирда қайнаб, кўпда бўш турган давр­ларни ҳам кўрди. Тақдиру-азалда ёзилган экан бугун тўрт ўғил бошини бириктириб, набира-чеваралар даврасида бахтиёр ҳаёт кечираяпти, ҳатто ҳар бир мўмин-мусулмон учун фарз саналган Ҳаж сафарини адо этиб, муборак ҳожилик рутбасига ҳам эришди.

– Давру-давронимизга минг қуллуқ, – дейди шу кунларга шукрона айтиб хонадон фариштаси – Жумақули бобо. – Кечаги кунимиз билан бугунни таққослаб кўрсам юртимиз истиқлолга эришгани туфайли яйраб-яшайдиган замонларга етган эканмиз. Бундан чорак аср муқаддам мен каби оддий юк машинаси ҳайдовчиси қадами муқаддас динимиз беланчаги бўлган заминга етиб боришини ўйчи ўйига сиғдириб билармиди?!

Дарвоқе, тўнғич ўғил мустақиллик тотли меваси ўлароқ фермер хўжалиги ташкил этди-ю, нафақат миришкор деҳқон, балки илғор хўжалик раҳбари сифатида ўзига яраша донг таратди. Укалар унга камарбаста бўлишди. Бахтли хонадон дастурхонига кўрк бериб турган сархил мевалар, ҳатто лўппи кулчалар ҳам хўжаликнинг ўз ерида етиштирилаяпти.

– Истиқлолимизнинг 24 йиллиги нишонланадиган сана арафасида катта тўй дастурхони ёзишни режалаштирганмиз, – дейди Мурод раис. – Уч ака-ука келин тушираяпмиз, бизга бош-қош бўлган отамизнинг 90 ёшини нишонлаймиз.

Ўзбекистон аталмиш гўзал замин бир мақсад йўлида бирикиш, Юртбошимиз йўл-йўриғига оғишмай амал қилиш натижасида ёрқин келажак, юксак тараққиёт сари йўл тутаяпти, Ватан гўё ўз фуқароларига ҳам “аҳилликда ҳикмат кўп”лигидан сабоқ бераётгандек.

… Олис манзиллардан сўроқлаб келган меҳмонимни қишлоғимиз бўйлаб сайрга етакладим. Йўл бўйи пишиқ ғиштдан олти хонали иморат кўтараётган шогирдимнинг усталари билан “ҳорма-бор бўл” қилдик.

– Бу уйнинг эгаси катта тадбиркорми, – сўради меҳмон.

– Йўқ, ўқитувчи, бирга ишлаймиз.

– Шукур, минг бора шукур, – деди меҳмон. – Муаллимлари шундай иморат қураётган юрт сира кам бўлмайди…

Баралла куйланадиган сўз

… Набирам шиорни баралла овозда айтди.

Уриниб қўрдим, шиорни шивирлаб айтиб бўлмас экан.

Яна ўқинг:  Китобхон набиралар

Айниқса, у ВАТАН ҳақида бўлса…

Абдунаби АБДИЕВ,

Миришкор тумани

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: