Ногиронлик нафақаси тайинланадими?
Икки нафар фарзандим бор. Каттаси 4 ёш, кичик ўғлим 2 ёшда. Иккиси ҳам туғма лаб-танглай кемтиклиги билан оғрийди. Айни пайтда ишсизман. Шунга қарамай давлат томонидан фарзандларимнинг иккисига ҳам ногиронлик нафақаси тайинланадими? Нафақа олиш муддати қанча? Бунинг учун кимга мурожаат этишим керак?
Нозигул МУҚИМОВА
Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани
Бундай ҳолларда сиз ўзингиз истиқомат қилаётган туман ҳокимиятига мурожаат қилишингиз лозим. Болаларингизнинг ногиронлик даражасини аниқлаш мақсадида улар туман тиббиёт бирлашмаси томонидан махсус текширувдан ўтишади. Агар уларни жарроҳлик йўли билан даволаш имконияти бўлса, фарзандларингизга ногиронлик даражаси берилмайди ва нафақа пули ажратилмайди. Аксинча ҳолатда болаларга Тиббиёт маслаҳат комиссияси(ТМК) томонидан махсус маълумотнома берилади. Шу маълумотнома билан пенсия жамғармасига мурожаат қилинади ва фарзандларингизга нафақа пули ажратилади. Ногиронлик нафақаси болалар 16 ёшга тўлгунига қадар бериб борилади.
Ирода МУСТАФОЕВА,
Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани 7-сонли давлат нотариал идораси нотариуси