ХАЙРЛИ ОЙ ҲИКМАТЛАРИ

Кеча ҳамкасбимнинг машинасида ишдан қайтаётиб светофорнинг қизил чироғида тўхтадик. Шунда 7-8 ёшлар чамасидаги болакай югуриб келиб:

– Рамазон айтиб келдим мошинингизга, деб рамазон айтишни бошлади. Шеригим ҳеч қандай ажабланишсиз унга пул узатди. Мен учун бу ҳолат бир оз ғалати туюлди. Ўзим машина ҳайдамаганим сабаб бундай воқеага биринчи бор дуч келишим эди.

– Қўйсангизчи, наҳотки биринчи марта кўриб турган бўлсангиз, – деганича шеригим менинг “содда”лигимдан кулди. – Шу шаҳарда яшайсизми ишқилиб. Булар ҳам тирикчилик қиляпти-да. Уч-тўрт сўм йиғиб олишса ёмонми? Қаёқдаги тиланчиларга ҳам берамизда шу пулни, ўз ишидан мамнун деди дўстим. Мана шу гап менга алам қилди. Чунки, Рамазон айтимларини айтиш одамларга эзгу ниятлар билдириш қаёқда-ю, уни тиланчилик билан тенглаштириш… Аслида бу борада дўстимда айб йўқ. Айб ўша “тадбиркор” болаларда. Уларнинг ота-оналарида. Ахир боласини кўчага чиқариб бемалол уйида ўтирган ота-она фарзандининг катта йўлда ҳаётини хавфга қўяётганини ўйламаяпти…

Бир неча кун аввал ҳам шунга ўхшаш воқеанинг шоҳиди бўлгандим. Энди ифторликка ўтирганимизда дарвозамиз тақиллаб, ташқарида болалар қўшиқ айтиб қолишди.

Ассалому алайкум бойвачча,

Ўнг қўлимда тўппонча.

“Пақ-пуқ” отамиз,

Минг сўм берсангиз кетамиз.

Тавба, буёғи энди очиқчасига таъмагирлик эмасми? Жаҳлим чиққанидан болаларга бақириб юборибман.

– Бу нима қилганинг, болам, – деди онам. – Бу халқимизнинг қадимги удуми. Табаррук ойда бир-бирига тилак билдиришнинг бир кўриниши. Бизнинг болалигимизда Рамазон айтимларини айтиш эскилик сарқити саналарди. Рўза тутиш каби Рамазон қўшиқларини айтиш ҳам қаттиқ қораланарди. Бизга бувиларимиз уйимизда рамазон айттириб кўзларида ёш билан тинглашар, этагимизга, чўнтагимизга қанд-қурс, майиз, туршак солиб дуо қилишарди. Нега десанг бу айтимлар мавжларида одамларнинг бир-бирига меҳру оқибати, бир-бирининг ҳолидан хабардор бўлиш, қўли калталарга кўмаклашишдек эзгу, савоб амал ётади. Мустақиллик туфайли кўплаб урф-одатларимиз қатори Рамазон айтимлари ҳам ўзлигимизга қайтарилди. Ма, мана бу ширинликларни болаларга улашиб бер, хурсанд бўлишсин, – шундай деганча онам қўлимга бир ликопга қанд-қурс тутқазди…

Онам бир жиҳатдан ҳақ. Чунки, болалар ҳам меҳр кўриб, меҳрга суяниб ўсишгани айни муддао. Аммо назаримда ҳамма нарсада ҳам меъёр бўлиши керак экан. Онам айтган бир-бирига эзгу тилак билдириш ҳар куни такрорланаверса тилак эмас таъмагирликка айланар экан. Юқоридаги сингари “мисра”лар эса болаларга бирор эзгуликни ўргатиши мушкул…

Яна ўқинг:  ҲОРДИҚ ВА РАҒБАТ: бола иштиёқини оширади

Рамазон қўшиқлари аслида халқ оғзаки ижодининг маросимлар билан боғлиқ бой меросини ўзида ифода этади.

Рўзани уч кун тутиб келдик Сизга,

Рўзанинг закотини беринг бизга…

Рамазон айтиб келдик эшигингизга,

Худойим ўғил берсин бешигингизга,

дея бошланадиган Рамазон қўшиқлари халқ орасида “Ё, Рамазон”, “равгон” сингари турли номлар билан аталган. Бу қўшиқнинг ҳам бошқа маросим айтимлари каби ижро доираси чегараланган, яъни йилда бир марта Рамазон ойида, унинг ҳам учинчи кунидан бошлаб айтилган. Махсус тайёргарлик ва маълум гуруҳни талаб этадиган равгонлар, одатда ифторга яқин куйланган. Гуруҳ иштирокчилари орасида бир киши асосий айтувчи, қолганлар эса жўровоз ҳисобланади. Уйма-уй, кўчама-кўча юриб айтилган қўшиқ матни катта ва хилма-хил бўлган. Улар замирида эса ривояту ҳикоятлар, халқона қарашлар, эзгу ният, шунингдек, турмуш тарзи манзараларини кўриш мумкин.

Бу ҳовлининг юзида қўйнинг изи, молнинг изи,

Керилиб кашта тикар бойнинг қизи…

дейилади бир айтимда. Яъни, бу таърифда айтилаётган хонадон турмуши фаровон, ҳовлидаги туёқ излари шундан далолат. Керилиб кашта тикаётган уй соҳибининг қизи келажагидан кўнгли тўқ, ҳозирги турмушидан рози, шу учун ҳам каштани керилиброқ, яъни бемалол тикади у. Равгоннинг кексалар тилидан ёзиб олинган айрим турларида халқона эртак, ривоятларнинг шеърий ифодасини кўрасиз.

Қадимда (ҳозир ҳам) “равгон” куйлайдиган кишиларни “равгончи”лар дейишган. Манбаларнинг далолат беришича, қишлоғу маҳаллаларда, шаҳар кўчаларида Рамазон ойи оқшомларида равгончилар кирмаган бирор хонадон бўлмаган. Ашуланинг ўзига хос оҳангдаги хиргойиси остида уйма-уй, ҳовлима-ҳовли юрган гуруҳни кўз олдингизга келтиринг. Улар куйлаётган қўшиқ хонадонингизга тинчлик, қувончли дамларни тилайди, сизга эзгулик, яхшилик сўрайди:

Рамазон айтиб келдик эшигингизга,

Қўчқордайин ўғил берсин бешигингизга…

Умуман олганда, Рамазон қўшиқлари халқ оғзаки ижодининг энг бой, маҳсулдор намунаси саналади. Илгари уни катта ёшдаги одамлар ижро этишган бўлса, кейинчалик бу юмуш асосан ўсмир болалар, ёш йигитлар “зиммасига тушган”. Аммо ҳамиша бирдай эзгуликни тараннум этган.

Шу ўринда яна бир мулоҳазани ўртага ташламоқчиман. Бугунги кунда айтилаётган Рамазон қўшиқларининг мазмун-моҳияти ҳам бир оз ўзгаргандек гўё. Аниқроғи, асосан шаҳар жойларда Рамазон қўшиқларида эзгулик ўрнига анчайин қўпол сўзлар етакчилик қилмоқда. Масалан, “Ўчоқда кул, кармонда пул, чиқара қолинг минг сўм пул” ёки “Амаким яшасин, қўлимизга минг сўм ташласин” сингари очиқчасига таъмагирлик билан айтилаётган Рамазон қўшиқлари ўз мазмунини йўқотиб қўяётгандек.

Яна ўқинг:  ФАХРИЙЛАР ЭЪТИРОФ ВА ЭЪТИБОРДА

Асрлар давомида эзгуликни тарғиб қилиб келган, кишиларга фақат яхшилик соғинган маданий меросимиз мазмунининг бу даражада саёзлашиб кетиши дилимни ранжитгани боис ҳам юқоридаги фикрларни айтгим келди. Аслида муқаддас рамазон ойи киришидан сал олдин нафақат ота-оналар, балки ўқитувчилар ҳам бу ойнинг моҳияти, Рамазон қўшиқларининг мазмунини болаларга ўргатиши керакка ўхшайди. Акс ҳолда миллий маданиятимизнинг бу кўриниши асл мақсадини йўқотиб, тингловчининг “меъда”сига тегади, Рамазон айтимлари ҳақида нотўғри фикр уйғотади.

Нима бўлганда ҳам дилларимизни поклаган, соғлиғимизни тиклашга кўмакдош бўлган Рамазон ойи ҳаммамиз учун хайрли ўтган бўлсин. Кириб келаётган Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин.

Фарҳод ТОЛИПОВ,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: