ҲОРДИҚ ВА РАҒБАТ: бола иштиёқини оширади

Пойтахтимизнинг Бўстонлиқ тумани сўлим Бурчмулла қишлоғида жойлашган “Happy Summer” (“Бахтли ёз”) болалар оромгоҳи янада кўркам кўриниш касб этган. Жорий йилда тўлиқ таъмирланган ушбу масканда “Моҳир қўллар”, расм, мусиқа ва турли спорт тўгараклари болажонлар ихтиёрида. Шунингдек, учта сузиш ҳавзасида ким ўзарга маза қилиб чўмилаётган болажонларни кўриб ҳавасингиз келади.

– Ҳар бир мавсумда 250 нафар ўқувчи дам олаётган бизнинг “Happy Summer” болалар оромгоҳида ҳар галгидек бу йил ҳам юртимизнинг турли вилоятларидан ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан келган болажонлар ҳордиқ чиқаришмоқда. Уларнинг соғлом ҳолда кучга тўлиб мактаб бағрига қайтишлари учун масканимизда барча шароитлар яратилган, – дейди оромгоҳ раҳбари ўринбосари Азиза Маҳмудова. – Бир-биридан қизиқарли беллашувлар, спорт мусобақалари, янги-янги иқтидор эгаларини кашф қилаётган қувноқ қўшиқлару жозибали рақслар гулдастасидан иборат беллашувлар болажонларнинг ҳар бир куни сермазмун ўтишига замин ҳозирлаяпти. Дарҳақиқат, “Излаган имкон топади”, – деган халқ мақолига амал қилаётган оромгоҳ жамоаси болаларнинг завқли ҳордиқ олишлари учун тинмай меҳнат қилишмоқда.

– Жорий йилда ихтисослаштирилган оромгоҳлар йўналишлари кўпайиши билан бирга улар фаолияти сифатини оширишга ҳам катта эътибор қаратилди, – дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова. – Хусусан, ҳар бир ҳудудда “Интеллектуал ривожлантириш”, “Ҳарбий-спорт”, “Ижтимоий мослашув”, “Экологик-биологик ва ўлкашунослик”, “Техник ижодкорлик”, “Бадиий ижодкорлик”, “Меҳнат ва дам олдириш” оромгоҳлари фаолият кўрсатмоқда. Мазкур оромгоҳларга болалар қизиқишлари ва дунёқарашларидан келиб чиққан ҳолда жалб этилмоқда.

Касаба уюшмалари, маҳаллий ҳокимликлар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказлари ҳамда корхона, ташкилот ва муассасалар, фермер хўжаликлари ҳамкорлигида 141 та “Меҳнат ва дам олиш” оромгоҳлари ташкил этилган. Мазкур турдаги оромгоҳларга академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг 15-18 ёшдаги ўқувчилари жалб этилган. Айни вақтгача 5 минг 240 нафар лицей ва коллеж ўқувчилари мазмунли ҳордиқ чиқаришлари билан бирга ижтимоий фойдали меҳнат кўникмаларини ўзлаштириб, танлаган касб-ҳунарлари бўйича амалиёт ўташди. Хусусан, Навоий Кон-металлургия комбинати давлат корхонаси қошида ташкил этилган “Меҳнат ва дам олиш” оромгоҳида ўқувчилар меҳнатини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, улар меҳнатларига яраша маош билан таъминланди. Шунингдек, ҳордиқ давомида ўқувчилар учун маданий-маърифий тадбирлар ҳамда спорт мусобақалари уюштирилиб, уларни сув ҳавзаларида чиниқтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Яна ўқинг:  Истиқлол – иқбол йўли

Юртимизнинг турли ҳудудларида ташкил этилган 21 та “Экологик-биологик ва ўлкашунослик” оромгоҳларида 2 минг 473 нафар бола, 19 та “Техник ижодкорлик” оромгоҳларида дам олаётган 900 нафарга яқин, 19 та “Бадиий ижодкорлик” оромгоҳларида 846 нафар болажонлар мазмунли ҳордиқ чиқаришмоқда.

Олиб борилаётган қизиқарли машғулотлар ўқувчиларнинг нафақат дунёқарашини кенгайтириш, балки уларнинг ижодкорлик қобилиятини юксалтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, жорий йилда ташкил этилган 13 та “Ижтимоий мослашув” оромгоҳларида 1 минг 200 нафар болажонлар соғломлаштирилмоқда. Бу турдаги дам олиш масканларига “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари, мактаб-интернатлар ўқувчилари, жисмоний имконияти чекланган болалар жалб этилмоқда. “Меҳрибонлик” уйлари ва махсус мактаб-интернатлар дала ҳовлиларида ташкил этилган мазкур оромгоҳлар болаларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш билан бирга уларда етакчилик ва фаолликни, ижтимоий мослашув кўникмаларини шакллантириш, қўшимча таълим-тарбия беришга йўналтирилган.

Бундан ташқари таълим муассасалари қошида 8. 00 дан 14. 00 гача ташкил этилган кундузги оромгоҳларда махсус дастурлар асосида болалар учун кўнгилочар тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилиб, турли тўгараклар фаолият кўрсатмоқда.

Шу билан бир қаторда ўқувчиларнинг ҳар томонлама хавфсизлигини таъминлаш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилган. Хусусан, ҳар бир оромгоҳда ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги, тиббиёт, энергетика, коммунал соҳа ходимларининг туну кун навбатчилиги ташкил этилган.

Болажонлар саломатлигини мунтазам назорат қилиб бориш мақсадида оромгоҳларга 1, 5 минг нафарга яқин тиббиёт ходимлари, шошилинч тиббий ёрдам машиналари бириктирилиб белгиланган миқдорда дори-дармонлар, махсус зардоб дори воситалари билан таъминланган. Мазкур масканларга етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати мутассадди ташкилотларнинг масъул ходимлари томонидан қатъий назорат остига олинган.

Юртимизда эртамиз эгалари бўлмиш болажонларнинг мириқиб ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар бекаму кўст муҳайё этилган.

Жамила ҲАЙДАРОВА

SHU O‘RINDA

Жорий йилда 1 минг 149 та оромгоҳ фаолият кўрсатиши режалаштирилган. Айни кунда 1 минг 167 та оромгоҳ фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан қарийиб 100 тага кўпайган. Мазкур оромгоҳларга қамраб олинган болалар сони эса ўтган йилга нисбатан қарийиб 10 минг нафарга ортиб, 287 минг 171 нафарни ташкил этади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: