Нотўғри қадам
Ҳовлимиз этагидаги гилос дарахти йил сайин ўсиб, ҳосили ғуж бўлиб борди. Дадам тириклигида илк нишонанинг мўл ҳосилини кўриб – Ўз бошига етмасайди, – деганди. Кўчатни падари бузрукворим ниҳоллигида нотаниш оғайнисиникидан олиб келган экан. – Қодир, кўчатни ҳовлинг этагига эк. Вақти келиб яхши ҳосилга киради, деганида онам негадир: – Ёшингизга ярашадиган ишни қилсангизчи, – дея қаршилик қилган эди. Очиғи онамнинг ўзини тутишига унчалик тушунмаганман.
– Сен нимани ҳам тушунардинг, ҳеч бир иш бекорга бўлмайди. Набираларнинг насибасидир. Дарахт ҳосилга кирса, Қодирни болалари ейди, сени ва мени ҳам оғзимиз тегади, дерди дадам. Онам эса охири бахайр бўлсин, дерди. Дадам эса волидамнинг сўзларига бепарволарча – Онангни гапига қулоқ солма, ҳали ҳосилнинг мўллигидан эплолмай қоласан, деганди менга.
Йиллар ўтиб, гилос айни кучга кириб шу қадар меваси мўл бўлдики, қўшнилар тўрт-беш дарахтнинг ҳосилини йиғиб тўкканида ҳам шу дарахт меваси каби ширин ва бўлиқ бўлмасди. Ҳосилидан опа-укаларимникига, онамга ҳамиша илиниб, жўнатардим. Аммо негадир онажонимнинг шу гилосдан татиб кўрганини ҳеч кўрмадим. Қишлик ғамим ҳам бинойидек бўларди. Бора-бора гилоснинг таърифи маҳалла-кўй ва қариндошларникида машҳур бўлиб, пайванд этишга унинг новдасидан олиб кетишадиган бўлишди.
– Она! Киши дунёдан ўтганидан кейин ҳам у эккан дарахтдан кимдир баҳраманд бўлса, савоби ўша марҳумга етар экан, деб эшитганман. Эҳтимол, шу гилоснинг ҳам савоби дадамга дастурхон бўлаётгандир, – десам. Ҳа, ишқилиб нима бўлса ҳам бари хайрли бўлсин. Билиб-билмай қилган гуноҳларимизни Яратганнинг ўзи кечирсин, болам! – дея бироз сукут сақлади-да, аста – Қодир, гилоснинг шохлари мўрт бўлади, дейишади. Арзимаган юкни кўтара олмас эмиш. Дарахтнинг баҳридан ўт. Уни кесиб ташлагин… – деб ниманидир менга айтмоқчидай бироз каловланди. – Ие, она, “Чумчуқдан қўрққан, тариқ экмайди”, деб онамнинг сўзини бўлдим. Гилос ҳали бақувват. Синадиган эмас. Тузуккина ош-нонимни йўқ қилайми, она! Устига-устак дадамдан ёдгор бўлиб қолди.
– Сенинг тинчингни, ўйлайманда, болам, – дебди онам.
Негадир онамни ҳар кўргани борганимда, “болаларингга ҳазир бўл. Гилосга чиқмасин. Ўзинг ҳам ундан эҳтиёт бўлгин”, деган хавотирли сўзларини қўяй демасди.
Навбатдаги баҳор. Бу йилги ҳосил авалгисидан ҳам мўл бўлади чоғи, дарахт гулларга ўралиб олгандек. Адашмабман. Шохларидаги ҳосил “чўғ” бўлиб ёнади-я. Тикка ўсган шохлардаги гилосни бир амаллаб териб олиш керак…
– Қодир ака уйдан сизга ҳозиргина қўнғироқ қилишди. Тезда уйга бораркансиз… Қизиқ, шу чоққача уйдан қўнғироқ бўлмаган… тинчликмикан? Минг бир хаёл билан уйга келдим. Ҳовлида гилоснинг азим шохи ерда узала бўлиб ётар, челакка терилган гилослар ҳар томонга сочилиб кетган эди. Пешайвонда рафиқам нима деди… “Одилжон… тераман деб”… атрофни қуюқ туман чулғагандек назаримда. Қулоғим битиб қолган чоғи, шифокорнинг сўзларини англолмаяпман. “Кучли зарбдан дедими? Қўли синган!!!”… ичкарида эса онамнинг аччиқ кўз ёш ила ҳасрат билан “Айтувдим, Сизга ўғирланган кўчат кўкармайди унсаям буюрмайди, деб дадаси… айтувдим. Одилжонимда нима айб эди?” дея айтган сўзлари қулоғимга элас-элас эшитиларди…
Ота ўз ҳаёт дарахтига болта урмайди. Аммо ўйламай қилинган нотўғри қадам ортидан эса ҳаёт боғига путур етказиб қўйиши мумкин экан?!
Маърифат ТОЛИПОВА