Суд ҳокимияти ва ОАВларининг ўзаро муносабати
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси томонидан “Суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситаларининг ўзаро муносабати: бугунги ҳолати ва истиқболлари” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Мазкур семинарда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида суд ҳокимиятининг ОАВ билан ўзаро муносабатини янада яхшилаш ва янги босқичга кўтариш ҳамда судлар фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритишнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама этилди.
Тадбирда суд ҳокимиятининг очиқлиги – ҳуқуқий демократик давлатнинг муҳим шарти, суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари муносабатининг ҳуқуқий асослари, судлар фаолиятида ошкораликни таъминлашда ОАВнинг ўрни, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини ёритишда журналист маҳорати каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий суд ҳузуридаги Тадқиқот маркази, Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Т. ОРТИҚОВА