Сардор – халқаро турнир ғолиби

Жомбой туманидаги 23-мактабнинг 9-синфида таҳсил олаётган Сардор Яҳёевни бугун нафақат у туғилиб ўсган Самарқанд вилоятида, балки мамлакатимизда ҳам яхши танишади. Чунки, у бир неча йиллардан буён хорижий давлатларда ўтказилаётган қатор спорт мусобақаларида юртимиз довруғини дунёга ёймоқда. Ўзбекистонимиз байроғини боши узра баланд кўтариб, юрт шаънини муносиб ҳимоя қилмоқда.

Унинг каратэ спорт турига илк қадам қўйган пайтларини отаси Ўктамхон ака Нажмиддинов шундай эслайди:

– Сардорни ўзимиз яшайдиган Жомбой туманида жойлашган “Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби”нинг каратэ тўгарагига етаклаб борганимда у эндигина беш ёшга тўлган болакай эди. Жуда нимжонлиги боис бошида унинг машғулотларга кўникиб кетишига ишончим кам эди. Кейинчалик ўғлимнинг ростдан қийналаётганини кўриб уни бу ердан олиб кетмоқчи ҳам бўлгандим. Лекин Сардор аҳдида қатъий туриб олди. “Мен келажакда катта спортчи, чемпион бўламан” деб ҳатто ўзидан катта спортчилар билан ҳам баҳсга кириша бошлади. Худога шукур, бугун у берган ваъдасини устидан чиқди. Бизни, устозларини, муҳими, жонажон Ўзбекистонимиз, халқимиз олдида юзи ёруғ.

Сардор олти ёшидан туман, вилоят, республика миқёсидаги, ўн ёшидан бошлаб эса халқаро мусобақаларда иштирок эта бошлади. 2009 йилда Қозоғистонда ўтказилган каратэ бўйича Евроосиё чемпионатида бир йўла уч соврин – учта медални қўлга киритди. Мусобақанинг яккама-якка беллашувида олтин, якка ва жамоавий комплекс машқ бажариш баҳсларида иккита кумуш медаль билан тақдирланди. 2010 йилда АҚШда ўтган жаҳон кубогида олтин, 2011 йили Малайзиядаги халқаро турнирда кумуш медаль соҳиби бўлди. Унинг энг сўнгги ютуғи Дубай шаҳрида яқинда ўтказилган каратэ бўйича болалар, ёшлар ва катталар ўртасидаги халқаро турнирда эришган олтин медалидир. Сардор қирқдан зиёд давлат вакиллари иштирок этган мазкур мусобақада юзлаб рақибларидан устун келиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасини эгаллади.

Сардор ўқув фанларини ҳам қунт билан ўзлаштирмоқда. У ҳеч вақт ўқиб-изланишдан чарчамайди. Шу боисдан баҳолари доимо аъло. Шунингдек, хорижий тилларни пухта эгаллашга ҳаракат қилмоқда. Бўш вақтларида китоб ўқишни, ҳатто мусиқа асбобларини чалишни хуш кўради.

– Хорижда бўладиган спорт мусобақаларига борганимда чет эллик тенгқурларимга юртимиз тарихи, унинг гўзал табиати, бу ерда биз учун, хусусан спорт билан мунтазам шуғулланишимиз учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар ҳақида сўзлаб бераман. Ва бошқа давлатдаги тенгдошларимнинг бизга чиндан ҳаваси келаётганидан чексиз ғурурланаман, – дейди Сардор жилмайиб.

Яна ўқинг:  Замонавий диагностика маркази

Қаҳрамонимиз ҳозирда Самарқанд Олимпия заҳиралари коллежидаги спорт марказида каратэ бўйича вилоят терма жамоаси мураббийи Мунис Мухторов раҳбарлиги остида келгуси мусобақаларга пухта тайёргарлик кўрмоқда.

Васила ПЎЛАТОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: