Кўзда меҳр, сўзда сеҳр бор
Ўқувчининг маънавий салоҳияти унинг билими ва зукколиги билан ўлчанади.
Табиийки, бу жараён таълим-тарбиянинг тўғри йўлга қўйилгани билан баҳоланади. Бу эса ўқитувчидан ижодкорлик ва юксак малакани талаб этади.
Ўқитувчи таълим-тарбия бериш жараёнида аввало ўқувчилар ўртасида соғлом муҳитни ярата олиши лозим. Шунингдек, фақат билим бериш билан чегараланиб қолмасдан, инсоний фазилатлар, тарбия асослари тўғрисида ҳам тушунчалар бериб бориши лозимки бу келажакда ўқувчи учун дастуриламал бўлади.
Ўқитувчи дарс жараёнида ўқувчилар фикр-мулоҳазалари, истак-хоҳишларини ҳисобга олиши, уларнинг билимига, хулқига холисона баҳо бера олиши керак.
Ҳар бир болада даҳо яширин, деган эди алломалардан бири. Шундай экан ўқувчи қандай баҳога ўқишидан қатъий назар унда маълум қобилият мавжуд бўлади. Ўқитувчининг вазифаси эса унинг мазкур иқтидорини англай олиши, ўқувчига ўз қобилиятини намоён қилиши ва ривожлантириши учун туртки бериши лозим.
Ўқитувчи ўз ўқувчисига “Ишон ва текшириб кўр” усулида ёндашмоғи лозим. Масалан: Ёлғон гапирган болага “Нимага ёлғон гапирасан?” “Сен ёлғончисан”, деб эмас, балки “Биламан, сен ёлғончи эмассан, лекин бу сафар ёлғон гапирдинг. Мен сени бошқа бундай қилмаслигинга ишонаман”, деб мурожаат этиши даркор. Бу ишонч болага жуда катта масъулият юклайди. Ўзини ёлғончи эмаслигига ишонишига уриниб кўради. Ёлғон гапириш одатини ташлайди.
Яна бир мисол. Шеър ёдлаб келмаган ўқувчига – Нега ёдламадинг? – деб паст баҳо берсак, у ўз билимига нисбатан ҳукм қилганидан ранжийди ва руҳияти чўкади. Унинг учун аъло баҳога эришиш ва муваффақият онлари узоқлашгандай туюлади. Агар бу ҳолатга бошқача ёндошсак “шеърни ёдламабсан, сен буни уддалай олардинг, уриниб кўрмабсан. Эртага албатта бу шеърни ёдлаб келасан”, деб унга имкон ва ишонч берилса ўқувчи масъулиятни ҳис қилишни бошлайди. “Қуш уясида кўрганини қилади” дейди доно халқимиз. Ўқувчилар ўқитувчидан билим олиш баробарида унинг ҳаракатидаги ижобий ва салбий сифатларни ўзларига юқтира боради.
Шундай экан, болажонларимиз хушфеъл, олижаноб, юксак маънавиятли, билимли, ақлан ва жисмонан соғлом бўлишлари учун уларни болаликдан маънавий дунёсини бойитишимиз, уларга самимий туйғуларимиз орқали меҳримизни бериб, қалбларини эзгулик руҳи билан тўлдириб, Ватанга оилага ва яқинларига нисбатан меҳрли, садоқатли ва ғамхўр қилиб тарбияламоғимиз лозим.
Дилфуза ҲАЙДАРОВА,
Қарши шаҳридаги 41-ихтисослаштирилган
давлат умумтаълим мактабининг ўқитувчиси