ЎҚУВЧИЛАРНИ КАСБГА ЙЎНАЛТИРИШДА ЯНГИ ИСЛОҲОТЛАР
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик Республика ташхис Маркази ва Ўрта махсус касб-ҳунар таълими Маркази билан ҳамкорликда Чилонзор туманидаги 1-Тошкент педагогика коллежида “Умумтаълим мактабларида ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш муаммолари ва ечимлари” мавзусидаги Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда Халқ таълими тизимидаги Республика ташкилотлари, ҳудудий халқ таълими бошқарув органлари, Республика ташхис Маркази ва унинг ҳудудлардаги таркибий бўлинмалари, Олий таълим, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтлари, Илмий-тадқиқот муассасаларининг раҳбар ва мутахассис олимлари, амалиётчи психолог ва педагог ходимлари, илмий тадқиқотчилар иштирок этди.
Конференциянинг асосий мақсади узлуксиз таълим тизимида ўқувчиларга таълим-тарбия бериш ва уларни онгли равишда касб танлашларига эришиш самарадорлигини оширишда педагог-ўқитувчилар, амалиётчи психологларни касбий маҳорати ва компетентлилигини ривожлантиришдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан тавсияларни қабул қилишдан иборат.
Мазкур конференция турли йўналишлар бўйича ташкил этилган бўлиб, уларнинг ҳар бири бўйича изланиш, тадқиқот олиб борган, инновацион ёндашувларни амалга ошираётган ҳамда амалий илғор иш тажрибасига эга бўлган мутахассисларнинг эришган натижалари, фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсиялари билан танишиш ҳамда уларнинг иштирокида ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис соҳасининг асосий йўналишларини ривожлантириш истиқболлари билан боғлиқ долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича илмий, методик ҳамда амалий масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати