Мушарраф аянинг шукронаси
Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги “Бободеҳқон” маҳалласида умргузаронлик қилаётган Мушарраф Аббосова бу йил 96 баҳорни қаршилади. Ҳар куни бири ишга, бири ўқишга шошилаётган фарзандларию невараларига оқ йўл тилаб, шундай тинч, фаровон кунларга етказганига шукроналар айтади.
– Истиқлол туфайли шаҳару қишлоқларимиз кундан-кун чирой очмоқда, – дейди Мушарраф ая. – Юртимиздаги ободлигу кўркамлик қалбларимизни янада гўзаллаштирмоқда. Фарзандларимиз соғлом униб-ўсяпти, интилганнинг бири икки бўлаётир. Шундай кунларга етказганига шукур. Фароғатли замонда яшаб, хотиржам ҳаёт кечиришдан катта бахт борми? Буларнинг барига бош-қош бўлаётган Юртбошимизнинг умрлари узоқ бўлсин!
Мушарраф ая умрининг ярмидан кўпроғини дарахт ва гул ниҳоллари етиштириб, пойтахтимизни обод этишга сарфлаган. Ҳозир невара-чеваралари, маҳалладошлари ардоғида. Фарзандлари билан бирга пиру бадавлат яшаётган онахоннинг дуосини олиш маҳалла ёшлари учун анъанага айланган.
Онахон бўш вақтларида невара-чевараларини ёнига чорлаб, ибратли ҳикоятлар айтиб беради. Халқимиз эришаётган ютуқларни ҳаётий мисоллар билан тушунтиради, бугунгидек тинч, фаровон кунларнинг қадрига етишга ундайди.
– Ҳар йили Наврўз арафасида ҳовлимизда дошқозон осиб, маҳалла аҳли билан сумалак пиширамиз, – дейди онахоннинг невара келини Фарида Саидаҳмедова. – Ушбу қутлуғ айёмда қалблар меҳр-мурувватга, эзгуликка тўлади. Қариндош-уруғ, маҳалладошлар аямизни йўқлаб келади.
Гапга қулоқ солиб ўтирган 9 ёшли Дилмурод: “Катта ойи, нега бувим, ойимлар сумалак пиширганда доим йиғлайсиз?”, – дея аяни саволга тутади. Онахон ёш боладай кулади: “Бир замонлар сумалак пишириш тақиқланган, угра оши қилиш учун уйимизда бир чакса ун топилмаган кунларни кўрдик. Ҳозир-чи, дастурхонда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Шундай замонларга етказганига шукрона қиламан-да, болам. Бу севинч, қувонч, шукроналик ёшлари…”
Мушарраф ая ҳар йили баҳорда райҳон, жамбил экади. Бу ёшликдан қолган одати. Ёшларга тарих фанидан сабоқ берган, ҳозир етмишни қоралаб қолган ўғли билан набираю чевараларига дарахт ва гул экишнинг савобли юмушлигини таъкидлашдан толмайди.
– Бувижоним уй-рўзғорга қарашни, овқат пиширишни ўргатган, – дейди аянинг набираси Нозима Саидалихўжаева. – Ширин-ширин таомлар пишириб берганимда қайнонам ҳамиша бувижонимни алқайди. Ўгитларига қулоқ солиб, кам бўлганимиз йўқ.
…Йўқловимиздан кўнгли қувончга тўлган онахон дадил қадамлар билан бизни остонага қадар кузатиб чиқар экан, дуога қўл очди:
– Яратган умримизни узоқ, ризқу насибамизни зиёда қилсин! Ҳар бир хонадонда, бутун юртимизда тинчлик-омонлик бардавом бўлсин!
Сайёра ШОЕВА,
ЎзА мухбири