БЕШИКЧИ МАРЯМ

Елкасига бешик ортқилаб бораётган ота қувончини ҳеч кузатганмисиз? Унинг юзу кўзида бахтиёрлик шавқи, келажакка бўлган ишонч мужассам. Невараси бешигига ёпинчиқ тикаётган ёки харид қилаётган онахон сиймосида ҳаёт абадийлиги акс этади. Дарҳақиқат, ўзбек ўз тақдирини фарзандининг камоли билан боғлайди. Шунинг учун меҳнат қилади, елиб-югуради. Паркентлик тадбиркор аёл Марям Аширбоева эса ўзининг бетакрор ҳунари билан элимиз фарзандларининг соғлом вояга етишига ўз ҳиссасини қўшиб келаётир. Минг-минглаб ота-оналарга қувонч улашаётир.

Дарвоқе, асли касби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлган Марям Аширбоева 1994 йилда “Паркент ҳунармандлари” корхонасини ташкил этиб, бешик ва унга ёпинчиқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Йигирма йил мобайнида қатор шогирдлар етиштиради.

– Юртимизда бир ишнинг бошидан тутаман, тадбиркор бўламан, деган киши учун ҳамма имконият бор, – дейди биз билан суҳбатда Марям опа. – Фақат сир-синоатини билган соҳани ривожланишга ҳисса қўшсангиз, муаммоларга йўлиқмайсиз. Оиламиз бешикчилар сулоласи сифатида ном қозонган. Болалигимдан шу ҳунарга қизиққанман. Бугун эса истиқлол шарофати билан корхона ташкил этиб, ўз бизнесимизни йўлга қўйдик. Бешикни асосан тут дарахтидан ясаймиз. Чунки унинг тахтаси мустаҳкам бўлади, қурт зарар етказа олмайди, қолаверса тут – қут-барака рамзи. Шунингдек, серфарзандлик насиб қилсин деган эзгу тилаклар ҳам мужассам.

Ҳа, мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга кенг имкониятлар яратилётган тадбиркорларни ҳам изланишга, ҳам янгилик яратишга ундайди. Айни кунда турмуш ўртоғимнинг саъй-ҳаракати билан бешикларни янги технология асосида тайёрлашни йўлга қўйдик. Электр токи ёрдамида тебранма бешик ясашни ўзлаштирдик. Бу аёл кишининг вақтини тежайди.

Бу серғайрат тадбиркор аёл аввал мактабда, сўнгра маҳаллада тўгарак очди. Унда сочиқларга турли шакллар – капалак, тошбақа, хўрозларнинг расмларини чизишни, турфа ипак иплар билан гуллар тўқиш санъатини ўргатишни йўлга қўйди. Шунингдек, тумандаги “Ўқувчилар ижодиёт саройи”да ҳам тўқувчилик тўгарагини ташкил этиб, ёшларга турли кийим-кечаклар тўқиш, тикишни ўргатди.

Ташаббускор келин қайнотаси Аширбой отадан бешикчилик ҳунарини ҳам пухта ўрганди. Уларга яқин ёрдамчи бўлди. Марям опа туманда биринчилардан бўлиб, бешикларга ёпинчиқлар тикиб сотишни йўлга қўйди. Қайнонаси Зебо онадан юқтирган беғуборлик, кўнгил кенглик унга бир умрга бахт олиб келди. Турмуш ўртоғи билан уч нафар фарзандини ўзларидек меҳнатсевар этиб вояга етказишди.

Яна ўқинг:  ОНА ВА БОЛА ҳамиша эътиборда, эъзозда

Корхона очгандан кейин эса пахта матодан сочиқ, футболка, ич кийимлар, кўйлак, халат ва бешик ёпинчиқлари ва рўзғорбоп, ошхона буюмлари тикишни йўлга қўйди. Кейинчалик тикувчилик фабрикаси очиб шифохоналар учун чойшаб, ёстиқ жилдлари, халатлар тикиб берди. Шу билан бирга устозлик касбини давом эттириб, уйда ўтирган ишсиз аёлларга ҳунарини ўргатди. Кам бўлмади. Интилганга толе ёр деганларидек, умр йўлдоши Маъмур аканинг ҳар бир ишда қўллаб-қувватлаши унга омад келтирди. Паркентлик бешикчилар сулоласининг тўртинчи авлоди сифатида қайнотасининг ишини биргаликда давом эттиришди. Бугунги кунда фарзанлари Олимжон, Комилжон, қизи Дилфуза ҳамда келинлари Сайҳа ва Муҳайё билан бирга бешикчилик санъати ривожига ҳисса қўшишмоқда. Шунингдек, улар замонавий мебеллар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйган.

Марям опа “Ташаббус – 2006” танловининг республика босқичида иккинчи ўрин соҳибаси бўлди ва махсус совринни қўлга киритди. Кўп йиллик меҳнатлари эвазига вилоят, туман ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Республика, вилоят, туман, хотин-қизлар қўмитаси томонидан турли диплом ва сертификатлар билан тақдирланди.

– Юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг биз хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигимизни оширишга, ижтимоий ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор берилди. Биз турмуш ўртоғим билан оилавий тадбиркорликни йўлга қўйдик. Ана шу яратилган шароитлардан унумли фойдаланганимиз боис муваффақиятга эришиб келяпмиз. Бу корхонада невараларим ҳам бешикчилик, дурадгорлик, чеварлик ҳунарларини ўрганишаётгани менга олам-олам қувонч бахш этади. Улар меҳнатда тобланиб боради. Ҳам кўз олдингизда улғаяди. Зеро, ҳаётдаги шиорим – фарзандларимнинг касб-ҳунар эгаллашида ёнма-ён таянч бўлишдан иборат эди. Оилавий тадбиркорлик менинг ана шу талабларимга жавоб беради, – дейди ҳаётидан мамнун Марям опа.

Марям опа фақат корхона ишлари билан ўралашиб қолгани йўқ. У чорвачиликни ҳам йўлга қўйган. Рўзғорбоп барча сабзавот ва мевалар ўзининг боғидан чиқади. Даласи атрофига турли касалликларга шифо бўладиган гиёҳлар ҳам экилган.

Паркент Деҳқон бозори раҳбари Аҳрор Саидмуродов:

– Марям опа “Паркент ҳунармандлари” МЧЖ раҳбари бўлиб иш бошлагандан буён устоз-шогирд йўналишида иш юритиб кўплаб ёш ҳунармандларга устозлик қилди. Шогирди Муроджон Абдиев ҳам замонавий мебеллар – каравотлар, диван-креслолар ясайди. Паркент туманида миллий ҳунармандчиликни ривожлантиришда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш билан бирга “Ҳунарманд хотин-қизлар” уюшмаси жамоатчилик кенгашининг раиси сифатида ҳам намунали иш олиб бормоқда. Уларга бозор маъмурияти биносидан хона ажратиб берилди. Опа ҳозирги вақтда 300 нафардан зиёд хотин-қизга бош-қош.

Яна ўқинг:  Юрагинг уриб турсин, болажон!

Энг асосийси ҳар ҳафтанинг пайшанба куни маънавият ва маърифат куни ўтказилади. Мутахассислар таклиф этилади. Бозорда савдо қилаётган аёлларнинг ўзини тутиши, муомала ва кийиниш маданияти тўғрисида суҳбатлар бўлади. У ғайрат-шижоатга тўла ташаббускор аёл.

Аҳрор Саидмуродовнинг бу фикрларига биз ҳам тўла қўшиламиз. Келажакда Бойқозонда намунали тўйхона қурдириш, атрофида боғ-роғлар бунёд этиш мақсадида тиниб-тинчимаётган бу аёлга ҳавасим келди. Ундан Бойқозон қўрғони таърифу тавсифини сўраганимда бир ривоятни ҳикоя қилиб берди. Маҳаллий аҳоли қийналиб яшаётган очарчилик пайтларида у ерга ўзига тўқ киши кўчиб келган ва катта дошқозонларда кетма-кет ош берган экан. У ош тарқатадиган куни чекка-чекка қишлоқлардан ҳам кишилар таклиф қилинар экан. Шу-шу у ерлар Бойқозон деб атала бошланган экан. Опанинг саховатпеша ишларини кузатиб беихтиёр ўша ривоятни эсладим. Қаҳрамонимиз ҳам ёзги дам олиш оромгоҳларига, ўз маҳалласидаги кам таъминланган оилаларга, ногирон болаларга ёрдам беришни канда қилмайди. Байрамларда уларни совғалар билан йўқлаб туради.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: