“ЎЗИМИЗНИНГ БОҒ”ДАН: СМАРТФОН
UzDaily.Uz бераётган хабарига кўра жорий йилнинг охиригача Ўзбекистонда мобиль телефонлар, смартфонлар ва планшет компьютерларни мунтазам ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
UzDaily.Uz бераётган хабарига кўра жорий йилнинг охиригача Ўзбекистонда мобиль телефонлар, смартфонлар ва планшет компьютерларни мунтазам ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
23-27 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган VI халқаро саноат ярмаркасида Ўзбекистонда шу маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштираётган ширкатлар ўз маҳсулотларини намойиш этишган. Ярмарка доирасида Artel савдо белгиси мобил телефонлар ва смартфонлар тақдимотини ўтказган. Компания вакилининг UzDaily.Uz’га берган маълумотига кўра, ушбу мобиль қурилмалар 2012 йилнинг декабрида савдога чиқарилади.
Artelнинг смартфонлари Android операцион тизими остида ишлайди. Айни вақтда компания ўз маҳсулотларини сертификатлаш устида иш олиб бормоқда.
Хитойнинг ZTE компанияси эса ноябрь ойидан смартфонлар ва планшетларни Ўзбекистонда йиғишни бошлайди. ZTE компанияси Peng Sheng ширкати билан ҳамкорликда UZTE қўшма корхонасини ташкил этган. Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки, Artel савдо белгиси 2011 йилда фаолиятини бошлаган бўлиб, маиший техника воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бугунги кунда кондиционерлар, чангютгичлар, микротўлқинли печлар, плиталар, ошхона учун ўрнатма техника, мини печлар, 2012 йилнинг иккинчи ярмидан эса телевизорлар, кир ювиш машиналари, совутгичлар ишлаб чиқаришни бошлаган.
ZTE компанияси эса, IDC таҳлил маркази тадқиқотларига кўра, ушбу йилнинг учинчи чорагида жаҳон смартфон бозоридаги улушини 3,3 фоиздан 4,1 фоизгача оширишга муваффақ бўлган.
Қайд этиш жоиз, бунгача ҳам бир неча маротаба Ўзбекистонда мобиль телефонлар ва планшетлар ишлаб чиқариш тўғрисида хабарлар тарқалганди. Жумладан, 2011 йилда Ҳиндистоннинг Olive Telecom компанияси 2012 йилдан “Навоий” ЭИИЗда планшетлар ишлаб чиқариши ҳақида хабарлар тарқатилганди. Бундан ташқари, 2012 йилнинг сентябрида Сингапурнинг Servetechno Pte. Ltd ширкати Ўзбекистонда смартфонлар, планшетлар ва компьютерлар йиғиши ҳақида хабар берилганди.