Меҳр ифори

Май – гуллар ранг талашадиган ой… Сен уларнинг ифорини димоғинг билан ажратиб оласан: атиргул, қирқоғайни, чиннигул, настарин… саноғи йўқ. Боғ тарафдаги ариқдан жийда гулининг атри оқиб келаётганга ўхшайди. Унинг бўйи билан бетакрор ранги ҳам кўнглингга кириб келади: болалик қадрдонинг, кутганинг, азиз меҳмонингдек. Ўша томон қадам ташлайсан. У сенга қучоқ очиб, югуриб келаётгандек бўлаверади. Соғинч шамолнинг бағрига сингиб елади. Қуёш гулларнинг ичига беркиниб олгандек: гулзорга термулсанг, чеҳранг нурланади, қувват оласан.

Рассом қизалоқ хаёлга чўмган бувисини саволга тутади:

– Айтинг-чи, бувижон, сизга қайси гул ифори кўпроқ ёқади?

Бироз жимликдан сўнг кампир мийиғида кулиб қўяди:

– Меҳр гулида, болам…

Қизалоқ елкасини қисиб, бошини чайқади, кўзларини катта очди.

– У гулни ҳечам эшитмаганман. Қаерда ўсади? Балким топиб келарман.

– Уми, болам… ёш-у қарининг жонида бўлади. Илдизиям қадр ва эътибордан қувват олади. Сен унинг суратини чизмоқчи бўлсанг, атрофга қара. Ҳар қадамингда уни кўрасан.

Хиёбон… Хотира майдони. Эл-юрт тинчлиги учун курашган ота-боболаримиз номлари қайд этилган лавҳлар. Бу даргоҳ йил ўн икки ой муқаддас қадамжога айланган. Зиёратчилар лавҳларнинг пойини гулларга тўлдиради.

Ҳассасига суянган бобо узоқларга термулади. Хотираларга чўмган хаёли шодон болаларнинг кулгуларидан бўлинади.

* * *

Юз билан юзлашаётган момонинг қўллари ҳамиша дуога очилган.

– Ҳурматниям, неъматниям олди бувингники, – деб уқтиради онаси Эъзозага. Қизалоқ тушунмай ҳайрон туради. Она тандирдан чиққан нонларни оларкан:

– Лоладагини бувингга олиб бор, табаррук қилиб берсин, – дейди. Буви бир тишламгина синдираркан, “нондек азиз бўлинглар, болам!” дейди…

* * *

– Боғлардан бир хабар олайлик, ота қўлига кетмон тутади. Ҳали бўйи отасининг белига ҳам етмаган ўғил кичкинагина кетмончасини кўтариб, отанинг кетидан эргашади.

– Полвон ўғлим, – эркалатади ота.

– Яқинда сизга иш қолдирмайман, – ишонч билан отасининг белидан қучади ўғил.

– Ҳа-да, ўғлим, – елкасига қўйилган қўл болага куч беради

* * *

Эндигина қадам олган болакай ҳар куни онаси билан сайр­га чиқади. Майсазорда югуриб чарчамайди, кичкинагина қўлчаси билан қоқигулларни териб онасига тутади. Кафтчасида эзилиб кетган “гулдаста”ни оларкан, она боласини бағрига босади.

Яна ўқинг:  MAHORAT, SHAHD VA SHIDDAT

* * *

“Рассом” қизалоқ кўрганларини қоғозга туширади. Расм­ларини бувисига кўрсатади.

– Энди буларни “Меҳр гули” деб номлагин. Унинг ифори умрингни безайди, болам, – дейди. – Меҳр гулга ўхшайди, ҳамма гулнинг юраги борга ўхшайди, қувончи бирга ўхшайди.

Май – меҳр ранги товланадиган, тобланадиган ой.

Д. ШОМАЛИКОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: