ТИЛ – НУТҚНИНГ ҚУРОЛИ
Алишер НАВОИЙ
Агар бир кўнгилда тил найзасининг жароҳати бордир, фақат яхши сўз ва ширин тил унга малҳам ва роҳатдир.
* * *
Мулойим сўз – ваҳшийларни улфатга айлантиради; сеҳргар – оҳанг билан афсун ўқиб, илонни инидан чиқаради.
* * *
Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз.
* * *
Тили ёмон одам – халқ кўнглини жароҳатлайди, ўз бошига ҳам офат етказади.
* * *
Хушсухан одам юмшоқлик билан дўстона сўз айтади; кўнгилга тушиши мумкин бўлган юз ғам – унинг сўзи билан даф бўлади.
* * *
Сўзда ҳар қандай яхшиликнинг имкони бор, шунинг учун ҳам айтадиларки; “нафаснинг жони бор…”
* * *
Бахт бағишловчи тоза руҳ манбайи ҳам тил; ёмонликлар келтирувчи наҳс юлдузининг чиқар жойи ҳам тил.
* * *
Тил ширин ва ёқимли бўлса яхши; тил билан дил бир бўлса яна яхши.
* * *
Тил билан дил – инсондаги энг яхши аъзолардир. Бўстонда – гулсафсар, гулғунча ва райҳонлар энг ёқимли гуллардир.
* * *
Одам – тили билан бошқа ҳайвонлардан имтиёзлидир. Унинг тили орқали бошқа одамлардан афзаллиги билинади.
* * *
Тил – шунча шарафи билан нутқнинг қуролидир. Агар нутқ номаъқул бўлиб чиқса – тилнинг офатидир.
* * *
Тил ширинлиги – кўнгилга ёқимлидир; мулойимлиги эса – фойдали.
* * *
Ширин сўз соф кўнгиллар учун асал каби тотлидир; болалар учун мулойим табиатли одам – ҳалвофуруш каби севимлидир.