МЎЪЖИЗАМИ Ё ФОЖЕА?!
Одамзот узоқ вақтлардан бери Она табиатдан илҳомланиб қилинган кашфиётлари асосида одамларнинг сиҳат-саломатлигини тиклаш, умрини узайтириш каби масалалар ечими устида изланади. Бу борадаги изланишлар мукаммал даражадаги янги организмларни шакллантириш мумкин деган ақл бовар қилмас ғояларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Шу нарсани таъкидлаб ўтмоқчимизки, киборглар ҳақидаги прогрессив ғоялар жуда узоқ вақт давомида илмий фантастика соҳасида қалам тебратган олимларнинг хаёлини чулғаб олганди. Ўтган асрларда бу ғояга бағишлаб Пол Ди Филиппо, Брюс Стерлинг, Донна Харавай, Жеймс Литтен, Мартин Кайдин ва Айзек Азимовлар каби олим — ёзувчилар асарлар битишган.
Биороботлар – янги кашфиётми?
Бугунги кунда электроника соҳаси ниҳоят даражада тараққий топганлиги сабабли илм-фан соҳаларида эришилган муваффақиятлардан тиббиётда ҳам кенг кўламда фойдаланишмоқда. Узоқ йиллик изланишлар туфайли эришилган ютуқлар кибернетик организмнинг пайдо бўлиши учун қулай шарт-шароитлар яратиб берди. “Киборг” деб аталмиш мавжудотлар ҳозирги замонда реал хусусият касб этишмоқдаки, бизнинг ушбу мақоламиз айнан киборгларга бағишланади.
“Киборг” ибораси инглизча cybernetic organism сўзидан олинган бўлиб, тиббиёт соҳасида мазкур тушунча турли хилдаги механик ва электрон воситалар ёрдамида ўз фаолиятини амалга оширувчи биологик организмга нисбатан қўлланилади. Киборг деган тушунчани 1960 йилда илк маротаба Шимолий америкалик олимлар Манфред Е.Клайнс ҳамда Натан С.Клинлар муомилага киритишди. Ўша вақтда бу олимлар Ер сайёрасидан узоқда биз учун мутлақо нотаниш ва бегона муҳитларда яшай олиши учун одамларга талаб этиладиган алоҳида хусусиятлар ҳақидаги концепция ҳақида баён қилишганди. Манфред Е.Клайнс ва Натан С.Клинларнинг фикрича, косманавтика соҳасида илмий изланишлар олиб бориш учун одамлар биологик организм таркибига турли хилдаги электрон мосламаларни жойлаштириб организм имкониятларини кенгайтириши ва кучайтириши лозим бўлган.
Ҳозирги замонда одам хаёлига сиғмайдиган илмий кашфиётлар тиббиётда қўлланилмоқда. Бундай ютуқлар жумласига сенсоневрал, неврал хусусиятли клиник этиологияга эга бўлган беморларда эшитиш қобилиятини тиклашга имкон берувчи имплантатларни, қўл ва оёқ соҳасида жиддий жароҳатлар олиши туфайли ногирон бўлиб қолган одамлар учун мўлжалланган манипуляторларни, шикастланган кўриш аъзоларининг ўрнини қопловчи электрон протезларни, сунъий аъзоларни (сунъий юрак ишлаб чиқилиб мижозга ўрнатилганида у маълум вақт мобайнида табиий аъзонинг функционал вазифаларини бемалол бажара олган) айтиб ўтишимиз мумкин.
Илмий ғояларнинг яратилиш тарихи
Канадада истиқомат қилиб умрини мавжуд борлиқни бевосита идрок борасидаги технологиялар ва алгоритмларни кашф қилишга бағишланган Стив Маннни илк киборглардан дейишимиз мумкин. У 1965 йилда Гамильтон деган шаҳарчада дунёга келганди. Ёш олимнинг отаси тўқимачилик фабрикасида ишлагани боис тез-тез уйига ҳар хил матоларнинг нусхасини олиб келарди. Ёшлик чоғиданоқ ўта даражада қизиқувчан бўлган Стив матолар билан турли тажрибаларни ўтказиб келган. Унинг илк кашфиёти шу бўлдики, у матога электр симларини ўрнатиб кўйлак тикади. Матога ўрнатилган кичик ҳажмдаги лампочкалар овоз таъсирида ёниш хусусиятига эга бўлган.
Ўрта мактабни тугатган ёш тадқиқотчи телевизорларни таъмирлаш устахонасига ишга жойлашади. Бу ерда мавжуд имкониятлар ёш олимни ниҳоятда илҳомлантириб юборади. Стив бирин-кетин ўзи билан олиб юриш мумкин бўлган компьютер (WearComp)ни яратди. Бунинг учун ёш кашфиётчи қурувчилар бош кийимига кинескопни ўрнатиб кўчма телевизорни яратди. Сўнгра унга компьютерни улади. Бу ўз даври учун инқилобий янгилик бўлган. Чунки, бу вақтда мониторлар яратилмаганди. Даҳоларча яратилган ускунанинг иш фаолиятини таъминловчи тизимлар блокини Стив белига боғлаб олганди.
1985 йилда Стив Манн ўрта мактабни тамомлаб универститетга кирди. Ўша кезлари у EyeTap — камерасини яратди. Бу ускуна ёрдамида инсоннинг бутун ҳаёти рақамли тизим ёрдамида видео мосламага ёзилиб, олинган маълумотлар компьютер хотирасида сақланиши мумкин бўлган.
Айни вақтда иқтидорли олим Торонто университетининг профессори. Стив кўзининг ёнига кичикина камера ўрнатиб олган бўлиб узоқ йиллар мобайнида оламга нафақат ўзининг кўзлари балки шу техник мослама ёрдамида назар солмоқда. Видеокамера атроф-теваракда рўй бераётган барча ҳодисаларни рақамли информация тарзида қайд этиб компьютер хотирасида сақлайди. Видеокамеранинг кичиккина экранида турли электрон ёзувлар шаклидаги импульс (буйруқ)лар пайдо бўлар экан. Бу буйруқларни Стив миядан ўтказиладиган хаёлий импульслар ҳамда танага уланган электродлар ёрдамида амалга оширади.
Танганинг икки юзи – танлаш ихтиёри сизда
Олимнинг эътироф этишича, у томондан яратилган ускуналардан фойдаланишни ихтиёр этган одамларни том маънода киборглар деб атаб бўлмайди. Чунки, танага бириктирилган техник мосламаларни исталган вақтда ечиб қўйиш мумкин. Бу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтиш жоизки, Стив Манн кашф этган техник мосламалардан фойдаланишни одат қилиб олган киши ўзининг табиий аъзолари фаолиятини издан чиқарар экан. Ҳозирги вақтда Стив ўз кўзлари ёрдамида ҳеч нарсани кўролмайди. Бундан ташқари унинг кўриш аъзолари ниҳоят даражада таъсирчан бўлиб қолган. Уйқуга ётишдан олдин Стив бутун уйдаги чироқларни ўчириб чиқишга мажбур. Чунки, ҳаттоки кичкина кучланишли ёритувчи мослама ҳам унинг организмига салбий таъсир кўрсатар экан.
Шу билан бирга олим танасига жойлаштирилган техник ускуна ёрдамида организмида кечадиган физиологик жараёнларга таъсир кўрсатиш имкониятини қўлга киритган. С.Манн организмдаги ҳар бир асаб толаси нима учун масъул эканини билади, аммо у барча аъзоларнинг иш фаолиятини ўз ихтиёрича бошқариш имкониятига эга эмас. Олим қоронғуликда атрофдаги объектлардан ташқари ўзидан иссиқлик таратувчи турли объектларни ҳам кўра олади. Атроф-муҳитдаги жонсиз объектлар — бино, иншоот, озиқ-овқат ва ҳоказолар олимнинг кўз олдида ўзидан кулранг тусдаги нур таратувчи объект сифатида намоён бўлади. Жонли организмлар эса сариқ-қизғиш рангли доғлар каби кўринади. Олим ўзининг боши томонга учиб келаётган объектларни кўршапалакларники каби сонарлар ёрдамида сезади. Бундан ташқари, Стив турли узоқликдаги объектларгача бўлган масофани ҳамда уларнинг умумий майдонини ўлчаш имкониятини берувчи ўтафаол тўр ўрнатиб олган. Ушбу мослама орқали олинадиган барча маълумотлар компьютер хотирасида сақланади.
Одамлар орасида киборглар сони ошмоқда
Канадалик профессор компьютеридаги турли манзиллар ёзилган ён дафтарчасида у учрашган ҳар қандай одамга тегишли барча зарур маълумотлар сақланади. Стив истаган вақтида ушбу маълумотлардан фойдаланиши мумкин.
Вақт ўтиши билан Стив Манн яратган кўчма компьютернинг концептуал асосларини яратиш зарурияти юзага келди. Олим ушбу концепцияни яратди. Бу концепцияда яратилган ноёб мосламанинг иш принциплари батафсил баён қилинган.
Бугунги кунда Шимолий Америка қитъасининг бирон бурчагида соқол қўйган, қора кўзойнак тақиб олган кишини учратиб қолсангиз қаршингизда киборг одам – Стив Манн ёхуд бўлмаса унинг маслакдошларидан бири келаяпти деган эҳтимолни инкор этолмасангиз керак. Айтганча Стивнинг турмуш ўртоғи Бетти ҳам ихтиёрий равишда киборг бўлишга розилик билдирган. Киборг-одамлар мана ўн беш йилдан зиёд вақт давомида ўз организмларида амалий тажриба ўтказишмоқда. Ҳозирги вақтда маълумотларга қараганда, Стив Манннинг кашфиётларидан фойдаланишни ихтиёр этган салкам 400 киборг-одам дунёга ўзгача назар билан боқмоқда экан. Ким билсин эҳтимол яқин келажакда киборг-одамларнинг салмоғи бундан ҳам кўпайиб кетар.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ҳар бир инсон, аввало, тўрт мучаси соғлом бўлиб туғилганига шукр этиши керак. Аммо тақдир тақозоси билан бирор тана аъзоларидан ажраган бўлса, унда шифокорлар тавсияси билан замонавий, энг сўнгги кашфиётлардан ҳам меъёр даражасида фойдаланиши зарур. Зеро, инсон Она табиатнинг ажралмас бир бўлагидир. Табиийликка нима етсин, азизлар!
Саҳифани Ҳалима ШУКУР қизи тайёрлади.