ШИФОБАХШ НЕЪМАТЛАР

АНЖИР

Халқ табобатида анжир қадимдан жигар, талоқ ва ўпка яллиғланишини даволашда қўлланилган. Илмий тиббиётда ҳам бу мева кенг фойдаланилади.

Анжирнинг ўзига хос хусусияти бор. Унинг шинниси асал каби таъсирга эга. Бу меванинг озиқлик хусусияти гарчи дон ва гўштникидек бўлмаса ҳам, бошқа ҳамма меваларникидан зўрдир.

Хом анжир, шунингдек, унинг барги сўгал ва уларнинг ҳар хил турларига, доғларга суртилади. Ғарқ пишган анжир ейилса касалликлар сабабли бузилган мижозни тузатади ҳамда чипқонларни пиширади.

Унинг меваси ва қоқиси тутқаноқ касалига фойда қилади. Анжирни қулоқ ости шишларига қўйиб боғланса ҳам шифобахшдир.

Шунингдек, анжир томоқ қирилишига фойда қилади ҳамда кўкрак ва ўпка йўлларини юмшатади. Анжирнинг шарбати она сутини кўпайтиради.

Ҳўл анжир, айниқса, агар уни майдаланган бодом билан ейилса, юмшатувчи ва ични енгил суради.

Анжирни ва хусусан унинг сутини ишлатилса буйракдаги қумни ҳайдаб чиқаради.

АНОР

Турли хил касалликларни даволашда анор шарбати ва пўстидан тайёрланган қайнатма кенг қўлланилади. Нордон анор ва хусусан, унинг шароби сафрони босади ва хилтларни ички аъзоларга оқишини тўхтатади. Унинг пўсти айниқса, куйдирилгани жароҳатлар учун доридир. Шунингдек, тиш оғриғини босади ва милклар шамоллаганда фойда қилади.

Анорнинг ҳаммаси ҳам озиқ сифатида яхшидир. Унинг нордон-ширини меъда учун кўпинча олма ва беҳига қараганда манфаатлироқ бўлади.

Унинг уруғи асал билан бирга тиш оғриғига ва қулоқ оғриғига даво қилади ҳамда у бурун ичига суртиладиган доридир. Анорнинг уруғини янчиб, асал билан қўшиб оғиз оғриғига суртилса фойда қилади.

Ширин ва аччиқ анорнинг сиқиб олинган сувини асал билан қўшиб бир неча кун офтобга қўйиб кўзга суртилса, кўздаги ҳароратга ва кундузи кўрмай қолишда фойда қилади.

Нордон анор кўкрак ва томоқни дағаллаштиради, ширини эса уларни юмшатади ҳамда кўкракни қувватлантиради. Аммо уруғини ёмғир суви билан қўшиб ичирилса, қон тупуришда фойда қилади. Анорнинг ҳамма турлари хафақон (гипертония)га фойда қилади ва ширини иштаҳани очади.

Нордон-чучук анор меъданинг яллиғланишига фойда қилади. Иситмалаган киши анорни овқатлангандан кейин сўриши керак.

Анорнинг нордони ширинига қараганда сийдикни кўпроқ юриштиради, умуман иккаласи ҳам сийдик ҳайдовчидир.

Яна ўқинг:  Болалар тагликлари фарзанд учун фойдалими ёки...

ДЎЛАНА

Халқ табобатида дўланадан киши толиққанда, уйқусизликда, юрак атрофида оғриқ пайдо бўлганда даво сифатида қўлланилади. Унинг шифобахш хусусиятлари кўп.

Дўлана сафрони пасайтиради. Ич кетишини тўхтатади ва сийдик тутилишининг олдини олади.

Маҳфуза ИМОМОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: