ИЖОДИЙ САЛОҲИЯТИМИЗ НАМОЙИШИ

“Art Week Style.uz – 2012” санъат ҳафталиги якунланди

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг ижодий-интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, миллий ҳаёт тарзимиз учун ёт ғоялар, “оммавий маданият”нинг зарарли таъсиридан асрашнинг муҳим шарти сифатида миллий санъатимиз ва маданиятимизни равнақ топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу жиҳатлар “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси томонидан 4-9 октябрь кунлари ўтказилган “Art Week Style.uz – 2012” санъат ҳафталигида ҳам ўз ифодасини топди.

Ҳафталик доирасида ўтказилган “Олтин Гепард” иккинчи халқаро Тошкент кинофоруми, “Theatre.UZ/2012” халқаро театр фестивали, VI халқаро Тошкент фотобиенналеси каби йирик лойиҳаларда мусиқа, кино, театр, фотография, тасвирий санъат, дизайнерлик, мода, меъморлик каби кўплаб соҳа ва йўналишлар қамраб олинди.

Бир ҳафта мобайнида Ёшлар ижод саройи, Миллий санъат маркази, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси каби маданият масканларида ранг-баранг фото ва тасвирий санъат кўргазмалари, тақдимот маросимлари бўлиб ўтди. Ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар жаҳоннинг номдор модельер ва дизайнерлари билан бир саҳнада ўз ижодий ишларини намойиш этиш имконига эга бўлди. Олий таълим даргоҳларида бўлиб ўтган маҳорат сабоқлари, анжуман ва учрашувлар, жонли мулоқотлар, амалий семинарлар либослар дизайнерлиги, тўқимачилик саноати бўйича таълим тизимини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди.

Санъат ва маърифат байрами доирасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўтган халқаро анжуманда мамлакатимиз меъморий обидаларидаги муқаддас битикларнинг халқимиз маънавиятининг юксалиши ва Шарқ тамаддуни ривожидаги аҳамияти ҳақида фикр алмашинилди. Халқаро маданият карвонсаройида Буюк ипак йўли мамлакатлари маданий меросини асраб-авайлашнинг долзарб масалалари, соҳага оид илмий лойиҳа натижалари атрофлича муҳокама этилди.

Ҳафта мобайнида Тошкентдаги санъат саройларида жаҳоннинг номдор мусиқачилари, ижодий жамоалари иштирокида концертлар бўлиб ўтди. Уларга асосан болалар мусиқа ва санъат мактабларининг истеъдодли ёшлари таклиф этилгани навқирон авлодни мусиқанинг энг нодир намуналаридан баҳраманд этиш имконини берди.

Ҳафталикнинг энг йирик ва ёрқин тадбирларидан бўлган Миллий либослар фестивалида ёш дизайнерларнинг турли ҳудудларимизнинг ўзига хос либослар тўплами намойиш этилган бўлса, “Underground” намойишида ёшлар эркин мавзу ва услубда ўз ижодини томошабинларга ҳавола этди. Маҳорат сабоқлари ўзаро фикр ва тажриба алмашишда алоҳида аҳамият касб этди.

Яна ўқинг:  KUZ FASLI

“Анъанавий маҳорат ва ижод” халқаро анжуманида юртимиз ва хорижий олий таълим масканлари ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликнинг янги истиқболлари белгилаб олинди. Миллий санъат марказида бўлиб ўтган Азербайжон гиламлари кўргазмаси, сартарошлик санъати бўйича халқаро танлов санъат байрамига янада ранг-баранглик бахш этди.

– Санъат ҳафталиги тадбирлари жуда қизиқарли, мароқли ва юксак маърифий аҳамияти билан менда унутилмас таассурот қолдирди, – дейди Испаниянинг Ёш дизайнерлар уюшмаси президенти Лаура Виктория Валенсия. – Бунда аҳолининг турли қатламлари, касб-кори, ёши, миллати турлича бўлган одамлар фаол қатнашгани эътиборлидир. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда инсон омили, унинг ижодий-маънавий камолотига устувор аҳамият қаратилаётганидан далолатдир.

– Бундай жонли, қизиқарли, завқли, ранг-баранг тадбирларга бой санъат ҳафталиги ҳар қандай ижодкорни руҳлантириб юборади, – дейди актёр Марк Дакаскос (АҚШ). – Барча кўргазма ва намойишлар, премьераларда мамлакатингиз ижодкорлари санъатнинг қай йўналишида бўлмасин, ўз мактаби, миллий анъана ва қадриятларига юксак садоқат ва меҳр билан фаолият кўрсатаётгани таҳсинга лойиқ.

Ёшлар ижод саройида “Аrt Week Style.uz – 2012” санъат ҳафталигининг якуний тадбирларидан бири сифатида “Дом стилья” модалар уйи ижодкорларининг либослар тўплами намойиш этилди. Миллий либослар фестивали ва “Underground” намойишида ижодий ишлари энг яхши деб топилган модельер ва дизайнерларга диплом ва сертификатлар топширилди.

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: