Ясситовонлик қандай пайдо бўлади?

Ясситовонлик болаларнинг таянч-ҳаракат аъзоларида энг кўп учрайдиган касалликлардан бири бўлиб, товон таги узунасига ерга тегиб туриши билан характерланади. Меъёрий ҳолатда, аксинча, товон таги бироз букилувчи ҳолда бўлиши лозим. Ушбу хасталикка болалар 3-4 ёшга тўлганида ташҳис қўйиш мумкин. Негаки, болада маълум вақтгача товон суяклари ҳали қотмаган, кўп­лаб тоғай тўқималардан иборат, мушак ва пайлар ҳали кучсиз, чўзилувчан, юмшоқ бўлади.

Таянч-ҳаракат аъзолар меъёрда ривожланганда болада 5-6 ёшида товон ўзининг асл ҳолатига келади. Лекин баъзида товоннинг ривожланиши ўзгариб, ясситовон касаллиги келиб чиқади. Ясситовонлик пайдо бўлишида қуйидаги омиллар аҳамиятга эга:
ота ёки онада ясситовон касаллиги бўлса, бу болага ҳам ўтиши мумкин;
жуда текис ва пошнасиз ёки жуда учли, жуда кенг, ноқулай оёқ кийим кийганда;
кўп оғир юк кўтарганда ёки ортиқча вазн (семизлик) туфайли оёқларга ортиқча юк тушганда;

заиф бўғимларнинг ўта букилувчанлиги ёки рахит туфайли бу касаллик рўй беради.
Шунингдек, оёқларда болдир ва товон мушак­лари шоллигида (полиомиелит касаллиги рўй беради) асорати ёки ДЦП (болалар церебрал фалажлиги), шунингдек, товон жароҳатланиши ҳам кўпинча ясситовонликни келтириб чиқаради. Баъзида ота-оналар касалликка унчалик эътибор беришмайди. Чунки ясситовонликнинг эрта даврида унинг белгилари кузатилмайди. Лекин вақт ўтиб, товоннинг ўзига хос амортизация вазифаси бузилади ва бу ҳол таянч фаолиятини сусайтиради. Юриш вақтида ҳамма куч болдир, чаноқ-сон бўғимига, бел умуртқалари поғонасига тушади ва бунинг оқибатида бўғим касаллиги (артрозлар), умуртқалар поғонаси қийшайиши (сколиоз) касаллиги келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун ясситовонлик қанча тез аниқланса ва унинг даволаниши қанча барвақт ўтказилса, касаллик ривожланишини бартараф қилса бўлади.

Ясситовон хасталигини даволашда ўзига хос даволаш услублари қўлланилади. Кўпроқ физиотерапевтик даволаш – парафин, электрофорез билан даволаш, гимнастика, массаж (махсус уқалаш) яхши натижа беради. Касалликнинг дастлабки даврида энг фойдали муолажа уқалаш бўлиб, у мушакларнинг қотишига, қон айланишини меъёрий ҳолатга келтиришга, товон бўғимлари ва пайларига яхши таъсир ўтказади. Даволаш вақтида умуртқалар поғонасига ҳам аҳамият бериш зарур. Негаки, ясситовонликда бу аъзо шакли ўзгариши мумкин.
Ясситовонлик ташхиси қўйилгач, бола махсус оёқ кийим кийиши керак. Энг асосийси, танланган пойабзал бола оёғининг ўлчамига тўғри келиши зарур.

Табиий матолардан тайёрланган, товони қаттиқ ва унча катта бўлмаган, пошнали, қулай пойафзал бемор болаларнинг товони учун фойдали. Ота-оналар шуни ёдда тутишлари керакки, ясситовонлик эрта аниқланмаса ва даволанмаса, товон шакли бузилишига сабаб бўлиб, таянч-ҳаракат аъзоларида турли хил касалликларни келтириб чиқариши мумкин.

Хуснора НОРОВА,

Яна ўқинг:  ЭНЦЕФАЛОПАТИЯ ёки бош миядаги нуқсонларнинг сабаблари

ортопед-травматолог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: