Энкопрезни қандай даволаш мумкин?

Болаларда ахлатини мунтазам функционал тутолмаслик (энкопрез) чаноқ ­аъзолари иннервациясининг туғма норасолигида (масалан, орқа мия чуррасида), орқа ва бош мия шикастланганида ҳамда ақли заиф болаларда кузатилиши мумкин. Функционал ахлат тутолмасликка олиб келувчи бир қанча сабаблар мавжуд.

Биринчи сабаб. Беморларда энкопрез, руҳий зўриқиш (қўрқув, ваҳима) ва кайфиятни туширувчи таассуротлар оқибатида юзага келади. Кўпгина беморлар анамнезида кучли изтироб чекиш (яқинларидан бирининг вафоти, бахтсиз ҳодиса, табиий фалокат ва ҳоказо), чекиши ёки сурункали равишда қўрқиш (болаларини калтаклайдиган ота-оналардан ёки бажарилмаган уй вазифасини ҳар дақиқада сўраб қолиши мумкин бўлган ўқитувчидан қўрқиш) туфайли келиб чиқиши аниқланади.


Иккинчи сабаб. Беморларда мунтазам равишда табиий хоҳишни сўндирилиши (дефекация) ҳам энкопрезни келтириб чиқаради.
Баъзан, атроф-муҳитни эндигина тушуниб етаётган, салбий таъсирда бўлган 1-3 яшар болалардаги табиатан содир бўлган қисман ахлат тутолмаслик патологик энкопрезга олиб келиши мумкин.

Бунда айрим ота-оналар болаларига ҳожатга чиқишни жуда эрта ўргатмоқчи бўлишади. Улар болани мажбуран тувакка ўтказишиб, агар ичини ўз вақтида бўшатмаса жазолашади ҳам. Бундай мажбурий тадбир болалардаги салбий кайфиятни кучайтириш билан бирга дефекация ҳиссини ҳам сусайтиради. Вақти-соати етиб, бу жараён сурункали тусга ўтиб, тўғри ичак ахлатга тўлгандан сўнг, у оз-оздан беихтиёр сезмасдан ахлат ажрата бошлайди. Бундан ташқари, бу гуруҳ беморларда дефекация рефлекси сўнишига атроф­муҳит, жумладан, мактабгача тарбия муассасаси ва мактаб шароитидан кейин жамоат ҳожатхонасига кўникишнинг қийинлиги, қоронғиликдан қўрқиш, танаффус пайтида хожатхонанинг бандлиги, дарс маҳали сўраб чиқишдан уялишлар каби бир неча ҳолатлар сабаб бўлиши мумкин.

Оқибатда соғлом болада, дефекация ҳиссиётини мунтазам босиб юриш тўғри ичакда катта ҳажмдаги ахлат массасининг тўпланиб қолишига, бу эса ўз нав­батида ичак деворини таранглашишига ва яллиғланиш оқибатида барорецепторларнинг сезувчанлиги сусайишига олиб келади. Бунда дефекация рефлексининг сурункали бузилиш даражаси чуқурлашиб, унинг сезувчанлиги йўқолади ва ахлат беихтиёр ажраладиган бўлиб қолади.
Учинчи сабаб. Функционал ахлат тутолмаслик сабабларининг яна бирини бола эрта ёшида бошидан кечирган ўткир меъда-ичак касалликлари (дизентерия, энтероколит ва сурункали диспепсия) ташкил этади.

Тўртинчи сабаб. Асфиксия (бўғилиш) билан туғилган ва туғруқ йўлларидан ўтаётиб жароҳатланган гўдакларда ҳам кейинчалик энкопрез вужудга келади. Бундай беморларнинг оналари сўровланганда анамнезида ҳомиладорлик ва туғруқ асоратли кечгани маълум бўлади. Бундан ташқари энкопрезга муддатидан кеч туғилиш, кечки токсикозлар, она қонидаги иммунологик номутаносиб­ликлар, туғруқда қисқич ва вакуумнинг ишлатилгани шулар жумласига киради. Бу омилларнинг барчаси тамомила асфиксия ҳамда мияга қон қуйилиш билан кечадиган жароҳатланишга олиб келади.

Клиник белгилари ва ташхис қў­йиш. Касаллик кўпинча 3-7 ёшда бош­ланиб, энкопрез бир хил намоён бўлади. Бунда доим тоза ва қуруқ юрган бола қўққисдан беихтиёр ахлат ажратадиган бўлиб қолади. Баъзи ҳолларда ахлат фақат кундузлари ҳаракатчан ўйинлар, жисмоний зўриқишлар оқибатида, ҳеч бир сабабсиз ажралса, бошқача гуруҳ беморларда ота-оналар боланинг кечаси тўшакларни булғаб қўйишганидан шикоят қилади. Бу аломатлар қўққисдан пайдо бўлиб, қисқа вақт ичида бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин. Бошқа ҳолларда эса касаллик аста-секинлик билан тўхтовсиз кучайиб бораверади. Бола тўшак ва иштонини мунтазам булғайди, ундан бадбўй ҳид анқиб туради, аммо у бу ҳодисани ўзи сезмайди.

Яна ўқинг:  Теримизга эътиборлимизми?

Клиник манзараларнинг ифодаланиши бола асаб-руҳий муҳитининг шикаст­ланиш даражасига, касалликнинг давомийлигига, ташқи таассуротларга ва унинг парваришланишига кўп жиҳатдан боғлиқ. Бора-бора, айниқса ота-­онанинг бепарволиги оқибатида касаллик кучайиб, бола мунтазам иштонини булғайдиган бўлиб қолади. Энкопрез баъзан тунги энурез билан уйғунлашиб келади. Сохта энкопрез пайдо бўлишдан аввал ахлатнинг оз-оздан аҳён-аҳёнда беихтиёр ажралиши кузатилади. Қабзиятнинг кучайиши ва ахлат тутолмаслик баъзан бир вақтнинг ўзида ривожланиши мумкин.

Бунда айрим ота-оналар патологик ҳолатнинг юзага келишида ўзларини айбдор сезишгани ҳолда болага нисбатан бўлган муносабатларини оилавий жанжал ва камчиликларни шифокордан яширишга уринишади. Баъзан катта болаларнинг ўзлари ҳам бу ҳолатда азият чекиб кўпинча ахлат тутолмасликни яширади ёки уялиб, қўрқиб буни тасдиқлайди. Шуларга қарамасдан бундай ҳолларда врач анамнез маълумотларини синчиклаб ўрганиши мақсадга мувофиқ.
Энкопрез сабабларини ўрганишда ишонч ҳосил қилиш мумкинки, носоғлом муҳитли оилаларда тарбияланган болаларда бу камчилик кўпроқ учрайди. Айрим болаларнинг ота-оналари ажралишганда ёки бирга турганларида ҳам, улар орасида совуқ муносабатлар ота уйга кам келиши ва рўзғор кам-кўстига қарашмаслиги, бола билан қўпол муносабатлар асосий сабаб бўлиши мумкин. Аммо яхши оилаларда ҳам болаларга салбий таъсир кўрсатувчи омилларни кўпроқ учратиш мумкин. Бунда бола атрофида сунъий равишда асабий ҳолат вужудга келтирилади, айниқса, боланинг касаллик «сир»ини ота-оналари танишларига, қўшнисига айтиб қўйганида, боланинг уларга муносабатлари совуқлашиб қолиши бунга сабаб бўлиши мумкин.

Давоси. Функцинал ахлат тутолмайдиган беморларни даволаш комплекс тарзда олиб борилиши зарур. Даво тадбирлари боланинг руҳий ҳолатига таъсир этиб, шартли рефлексларни идора этишга нерв импульсларининг ўтказилиши яхшиланишига ҳамда сфинктер тонусини оширишга қаратилган бўлиши лозим. Бунда, энг аввало, бемор атрофида хотиржам ва илиқ муҳит яратилиши керак.
Оила ҳаёти ва мактаб режимининг меъёрига тўғри амал қилиш муҳимдир. Даво услуби ва усулини танлашда энкопрез тури ва хусусиятлари ҳар бир беморда алоҳида инобатга олиниши шарт. Масалан, сохта энкопрезда ичак дистал қисмини тозалаш, сабзавотли суюқ овқат, кўкатлар, карам, асал, қора олхўри, сут-қатиқ маҳсулотларидан иборат енгил ҳазм бўладиган ва ични юмшатадиган парҳез тутилиши лозим. Бундан ташқари, 1 ошқошиқдан 3 маҳал вазелин ёғи, сано препаратлари, итузум, турп пўстлоғи дамламаси яхши фойда беради.
Ахлат тутолмаслик тунда кузатилса, болани ётишдан олдин ҳожатга боришга ўргатиш муҳим аҳамиятга эга. Рефлекс пайдо қилдириш учун кечқурунги машқлар сифатида, ёшига қараб 300-600 мл дан 10-20 кун мобайнида термо-контраст ҳуқналар тавсия қилинади. Шу билан вақтида болага ичини кам-камдан бўшатиш шартлиги уқтирилади, бу ахлатни тутиб туришни яхшиловчи восита ҳисобланади.

Болада кундузги энкопрез кўпроқ учраса, давони эрталаб ва кечқурун тозаловчи ҳуқналар қилишдан бошлаш лозим. Бу ерда икки нарса катта ўрин тутади. Биринчидан тўғри ичак тозаланиб, ахлат ажралиши ҳам ўз-ўзидан тўхтайди, энг муҳими, болада керакли вақтда дефекация рефлекси ҳосил бўлиб мус­-таҳкамланади. Кейинчалик болани куннинг бир вақтида, яхшиси эрталаб нонуштадан кейин ичини бўшатишга ўргатиш керак. Ҳуқна қилиш кетма-кет 25-30 кун мобайнида уй шароитида ўтказилади, баъзан бошқа ҳеч қандай усулларга эҳтиёж қолмайди.

Барча муолажалар шифокор тавсиясига асосан амалга оширилиши лозим. Бунда албатта болалар колопроктологига мурожаат қилиш муаммони ечишда ва даволашда муҳим ўрин тутади.

Абдурашид ҲАМРОЕВ,

Яна ўқинг:  Иллатлар илдиз отса, дунё залолатга ботади

тиббиёт фанлари доктори, профессор,

олий тоифали болалар жарроҳи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: