ҚИЗ БОЛА ГУЛДЕК НОЗИК: унга алоҳида меҳр ва эътибор керак
Оилада фарзанд дунёга келгач, ота-онанинг масъулияти бир неча баробар ортади. Айниқса, қиз болани соғлом ва баркамол этиб камолга етказиш ниҳоятда эътибор талаб этадиган вазифадир. Чунки қизбола гулдек нозик. Уни нафақат парваришлаш, балки жисмоний ва руҳий ривожланиш босқичларини доимий кузатиб бориш зарур. Бу жараёнда умумий амалиёт шифокори, педиатр ва бошқа тор мутахассислар билан бир қаторда ўсмирлар гинекологи ота-оналарга яқин кўмакчи бўлади. Зеро, айни ўсмирлик даврида қизларнинг организмида кўплаб ўзгаришлар рўй беради, хусусан, жинсий етилиш жараёни кечади. Буларнинг барчаси рисоладагидек ўтиши ва қизларимиз тўрт мучаси соғ ҳолда шаклланишида тиббий ёрдам муҳим ўрин тутади.
Бугунги кунда диспансеримизда 14-25 ёшгача бўлган қизларга шу йўналишда тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Шифо масканимизга аксарият ҳолларда у ёки бу тиббий муаммо туфайли ота-оналар фарзандларини олиб келади. Профилактика мақсадида кўрикдан ўтиш истагида бўлганлар ҳам учраб туради. Диспансерга ташриф буюрганлардан яшаш жойидаги оилавий поликлиникадан йўлланма ва анкетасидан кўчирма олиб келиш талаб этилади. Бизда тиббий хизмат кўрсатиш бепул. Ўсмирларни йигирмага яқин тор мутахассислар кўрикдан ўтказади. УТТ, ЭКГ, флюорография, электроэнцефалография каби диагностика аппаратлари ўсмирларга замонавий андозалар даражасида тиббий ёрдам кўрсатиш имконини бераяпти.
Айтиш керакки, баъзи ота-оналар қизларини гинеколог кўригидан ўтказишга аҳамиятсиз қарашади. Ҳолбуки, уларнинг келажакда соғлом ва бахли ҳаёт кечириши тиббиётнинг кўплаб йўналишлари қатори ўз вақтида гинекологик ёрдамини ҳам самарали ташкил этиб беришга боғлиқ. Акс ҳолда, жинсий аъзоларда учрайдиган баъзи патологиялар кейинчалик ривожланиб, қизларимизни қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин. Масалан, синехия касаллигини олайлик. Бу нуқсонни кичик ёшдаги қизчаларда эрта аниқлаш ва консерватив муолажалар воситасида соғломлаштирса бўлади. Ёш ўтган сари хасталик ривожланиши натижасида уни даволаш учун операция усулини қўллашга тўғри келади. Шу боис, гинеколог кўриги бундай ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Шу маънода, мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ислоҳ этиш, она ва болага тиббий хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш борасида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар жараёнида қизлар гинекологияси йўналишини ривожлантиришга ҳам давлат даражасида эътибор қаратилаётгани диққатга молик. Фарзандининг келажаги ҳақида қайғурадиган, унинг ширин турмуш кечиришини истайдиган ота-оналар борки, бундай имкониятлардан оқилона фойдаланиши мақсадга мувофиқ.
Қизларни, энг аввало, болалигидан тозалик, озодаликка ўргатиш, шахсий гигиена қоидаларини уларнинг онгига сингдириш ниҳоятда муҳимдир. Қолаверса, фарзандларимизни рационал овқатлантириш, улар билан дўстона муносабатда бўлишимиз зарур. Бироқ, бунга ҳамма хонадонда ҳам амал қилинади, деб бўлмайди.
Яқинда бир аёл қизини тиббий кўрикка олиб келди. 17 ёшли навниҳолнинг ранглари оқарган, ҳолсиз. Шу ҳолда ҳам онаси уни хаста деб эмас, балки уй ишларига кўмаклашмаётгани учун маслаҳатга олиб келибди. Қиз бўлса ўзидаги ўзгариш – узлуксиз ҳайз кўраётганини онасига айтишга уялган. Натижада у кўп қон йўқотиб, камқонликка йўлиққан, қон босими тушиб кетган. Қиз реанимация ёрдамига муҳтож эди. Зудлик билан муолажа чоралари кўрилгач, аҳволи ўнгланди.
Бундай нохуш ҳолатлар юз бермаслиги учун оналар қизлар билан дўстона муносабатда бўлиши, фарзандларнинг ички кечинмаларига қулоқ тутиши, айниқса, ўсмирлик даврида қизларда рўй бераётган ўзгаришлардан хабардор бўлиши, ҳайз циклини назорат қилишни ўргатиши лозим.
Қуйидаги ҳолатларда бирор муаммо бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар, ўсмир қизларни, албатта, гинеколог кўригидан ўтказиш керак: илк ҳайз кўрганда, қорнида қандайдир шиш бўлса, ҳайз оғриқ билан келса, жинсий етилиш эрта (8 ёшда) ёки кеч (15 ёшдан кейин) рўй берса, қиндан кўп суюқлик ажралса, пешоб, нажас таҳлилида патологиялар аниқланса, ташқи жинсий аъзолар патологияларида, семизлик ва озғинликда, қорин бўшлиғида операция ўтказилган бўлса, сурункали тонзиллит, ревмокардит ва бошқа касалликларга чалинган қизлар гинеколог шифокор кўригидан ўтиб туриши зарур.
Аҳолига мана шу масалаларни тушунтириш, ўсмир қизларни ўз вақтида гинеколог кўригидан ўтказишда, айниқса, патронаж ҳамширанинг ўрни катта. Оилага кириб борган ўрта тиббиёт ходими вояга етаётган қизларнинг тарбияси, турмуш тарзи, улар учун яратилган шароит, ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги билим ва тушунчасини бойитишга доимий эътибор қаратиши керак. Бу орқали кўплаб тиббий-ижтимоий муаммоларнинг олдини олиш, соғлом авлодни камолга етказишга эришамиз.
Наргиза ШУКУРОВА,
олий тоифали акушер-гинеколог