Қушларга меҳри ўзгача болалар улар эҳтиёт бўлмасалар орнитоз билан оғришлари мумкин

Баъзи болакайлар кичик ёшдан қушларга жуда қизиқишади. Бу “хобби”ни инобатга олган ота-она фарзандига уйда боқиши учун бирорта қуш совға қилиши мумкин. Мазкур завқли машғулотнинг саломатлик ва руҳиятга фойдаси бисёр, аммо… “танганинг иккинчи томони” ҳам борлигини унутмаслик керак.

Орнитоз (пситтакоз деб ҳам юритилади) ўткир инфекцион касаллик бўлиб, уни асосан хламидия Chlamydophila psittaci қўзғайди ва одамга қушлардан юқади. Бемор одам атрофдагиларга хавф туғдирмайди, яъни одамдан одамга ушбу касаллик юқмайди.

 

Касаллик манбаи

Инфекция умумий 170 турдаги ёввойи ва хонаки қушларда учрайди ҳамда кўпаяди. Ушбу инфекция кўпинча курка, чайка, каптар, ўрдак, тўтиқуш, канарейка, чумчуқ, кам ҳолларда товуқ ва хўрозда учрайди. Касаллик қушларда аломатсиз кечади, яъни касалланган қушни аниқлаш қийин.

 

Инфекциянинг юқиш йўллари

Хасталик асосан паррандачилик фабрикасида ишловчи ходимлар, уй шароитида юқорида қайд этилган қушларни парвариш этишда иштирок этган шахслар ўртасида кузатилади. Улардан бир-бирига ва одамларга ҳаво-томчи йўли билан чанг, қуш хўраги, суви, гўнги ва тухуми орқали юқади. Айниқса, шаҳар шароитида қушлар хонадонда боқилганида токча, карниз, балкон кушларнинг нажаси ва уларнинг тумшуғидан ажралган майда заррачалар билан ифлосланиши сабабли инфекция тез ва осон тарқалади. Касаллик асосан йилнинг совуқ фаслида қайд этилади. Ушбу хасталик куз бошларида авж олади. Яна бир жиҳати болаларда бу дард билан касалланишга мойиллик юқори. Уни ўрта ёшлилар ва қариялар дарров юқтириб олавермайдилар.

 

Хасталик белгилари

Одам нафас олганда ҳаводаги чангда мавжуд бўлган хламидиялар майда бронх, бронхиола ва альвеолаларгача етиб боради. Бу паразитлар шиллиқ пардалар орқали ҳужайрага кириб боради ва кўпаяди. Касалликнинг яширин даври 6 кундан 17 кунгача (кўпинча 8-12 кун) чўзилади.

Тезда хламидиялар қонга кириб организмда интоксикация (заҳарланиш) бошланади. Шу сабабли беморларда ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ) аломатлари пайдо бўлади. Интоксикация натижасида турли тана аъзолари – жигар, талоқ, асаб тизими зарарланади. Беморда тана ҳарорати кўтарилади, бош ва бўғимларда оғриқлар пайдо бўлади ва унинг эти увушиб қалтирайди. Шунингдек, хаста болада томоқ оғриғи, қуруқ йўтал, кўнгил айниши, қусиш, ич кетиши, уйқусизлик, иштаҳасизлик, умумий ҳолсизлик кузатилади. Терида аллергияни эслатувчи тошмалар пайдо бўлади.

Яна ўқинг:  Стол тенниси

Кейин эса пневмония(ўпка пардаларининг яллиғланиши – зотилжам) вужудга келади. Беморнинг ўпкаси оғриб безовта қила бошлайди. Бола ҳансирайди, унинг нафас олиши қийинлашади, йирингли қон аралаш балғам пайдо бўлади. Хаста боланинг юраги суст уради, тана ҳарорати тез-тез кўтарилади.

 

Ундан қандай асорат қолади?

Орнитозни ўткир шакли бир ойдан уч ойгача давом этиши мумкин. Ўз вақтида даволанмаса касалликни сурункали шакли вужудга келади ва бу жараён уч-беш йил ва ундан ҳам кўп вақт мобайнида давом этади. Агар вақтида чора кўрилмаса, дардниннг асорати сифатида менингоэнцефалит(бош мия пардаларининг яллиғланиши), пневмосклероз(ўпка хасталиги), гепатит(жигар касаллиги), артрит(бўғим яллиғланиши), миокардит(юрак пардасининг яллиғланиши) ривожланиши мумкин.

 

Дардга тўғри ташхис қўйиш ва даво чоралари

Касалликка лаборатория таҳлиллари орқали, қонда хламидияларга қарши специфик антителалар мавжудлигини аниқлаш орқали ташхис қўйилади. Хасталикка аниқ ташхис қон таҳлили ва ўпканинг рентгенологик текширувидан сўнг қўйилади. Қонда хламидия миқдори ошгани, эритроцитлар чўкиши тезлашгани, лимфоцитлар меъёри бузилгани кузатилади. Рентген орқали ўпканинг қайси қисми ва тарафи зарар кўргани аниқланади. Бола боқаётган қуш ҳам текширилади.

Бемор стационар шароитида даволанилади. Орнитоз касаллиги қўзғатувчиси антибиотикларга сезувчан. Шу сабабли беморлар антибиотиклар ёрдамида даволанади. Қўшимча тарзда витаминлар комплекси берилади. Хаста бола учун тез ҳазм бўлувчи енгил таомлар истеъмол қилиш ва кўп сув ичиш фойдали. Тўлиқ тузалгунича бемор бошқалардан изоляция қилинади. Ўз вақтида ташхис қўйилиб, тўғри даволанса, бола тез тузалади.

 

Эҳтиёткорликни талаб этувчи машғулот

Касалликнинг олдини олиш учун, аввало, қуш боқишда эҳтиёткорлик даркор. Қушни харид қилишда уни яхшилаб текшириш, ветеринардан маслаҳат олиш, эпидемиологик чоралар бўйича маълумот тўплаш мақсадга мувофиқ. Қушнинг турар жойини одамлардан узоқроқ ва тоза тутиш, болаларга улар билан яқин алоқада бўлиб, уни ушлаб, ини ва идишларига қўл теккизишга рухсат бермаслик керак. Агар қушларда бирорта ўзгариш сезилса, зудлик билан ветеринарга хабар бериш шарт.

 

Орнитоз тарихидан

 Мазкур ташхис илк бор 1876 йилда қўйилган. Шифокорлар иккита беморга инфекция касалланган тўтиқушдан юққанини аниқлашган. Шу сабабли хасталикка лотинча “psittae” – тўтиқуш сўзидан келиб чиқиб, “пситтакоз” номи берилган.

 1942 йилга келиб инфекция нафақат тўтиқуш, балки бошқа ёввойи қушлардан ҳам юқиши мумкинлиги аниқланди. Шу сабабли бу касалликка лотинча “ornis” – қуш сўзига мувофиқ “орнитоз” деб ном қўйилди.

Яна ўқинг:  Маҳаллаларда “хизмат – беминнат” бепул ўқув курслари очилади

Хасталикни қўзғовчи хламидия ҳужайра ичидаги паразит ҳисобланади. У ташқи муҳитда узоқ яшаш хусусиятига эга. Хламидия сақловчи манба +60°С ҳароратда 10 дақиқа давомида қайнаганида фаолликни йўқотади. Буюмларни эса дезинфекцияловчи эритмалар орқали зарарсизлантириш мумкин.

Орнитозга чалинган бола қонида 5-7 кун ичида специфик антитанача пайдо бўлади. Касалликка қарши ҳосил бўлган иммунитет 2-3 йил у билан оғримаслик учун етади. Лекин бу муддат тугагач, инфекцияни юқтирмасликка кафолат йўқ.

 

Клара РАЖАПБОЕВА,

Республика ДСЭНМ эпидемиология бўлими мутахассиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: