ГРИПП АСОРАТИ БИЛАН ХАВФЛИ

Маълумки, грипп тез тарқаладиган юқумли касалликлардан биридир. Грипп эпидемияси деярли ҳар йили қайд этилиб, умумий аҳолининг 20-25 фоизи бу касаллик билан хасталанади. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг маълумотларига кўра, авиайўловчилар ўртасида гриппга чалинган минг-минглаб кишилар касалликни дунё миқёсида тарқалишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, бугунги кунда аҳоли йиғиладиган жуда кўп тадбирлар (маданий, спорт ва ҳоказо) ҳам аҳоли ўртасида грипп касаллигининг кенг тарқалишига сабаб бўлмоқда.

Касалликнинг энг катта пандемияси 1918-1919 йилларда кузатилган бўлиб, тахминан 500 миллионга яқин киши касалланиб, шулардан 40 миллиондан ортиғи вафот этган. Гриппнинг ушбу пандемияси “испанка” номи билан тарихда қолган. 1957 йилда асосан Хитой ва Японияда бўлиб ўтган гриппнинг “Осиё пандемияси” ва 1968-1969 йилларда бўлган “Гонгконг пандемияси”дан 4 миллионга яқин киши грипп асоратларидан вафот этган. Хасталик юқори нафас йўлларидаги ўткир юқумли касалликларнинг 50 фоизидан кўпроғини ташкил қилади. Бу касаллик мавсумийлик хусусиятига эга бўлиб, асосан йилнинг куз ва қиш ойларида қайд этилади.

Грипп юқори нафас йўллари яллиғланиши, тана ҳарорати кўтарилиши ва организмнинг умумий заҳарланиши билан кечадиган, жуда тез тарқалиш хусусиятига эга бўлган юқумли касалликдир. Ушбу касалликни вирус қўзғатади. Вирус инфлюэнцавирус авлодига мансуб бўлиб, уларнинг 3 та тури (серотиплари) мавжуд — “А”, “В”, “С”. Грипп вирусининг “А” тури 1933 йилда У. Смит, К.Эндрюс, П. Лейдлоу, “В” тури 1940 йилда Т. Френсис, Т. Меджили ва “С” тури 1947 йилда Р. Тэйлер томонидан кашф этилган. Собиқ иттифоқда эса грипп вируслари Л.Смороденцев (1936) ва Л.Зильбер (1937) томонидан ажратилган ҳамда грипп эпидемияларининг барчаси вирус табиатли эканлиги исботлаб берилган. “А” турдаги грипп вируси “В” ва “С” турдаги грипп вирусларидан фарқли ўлароқ, асосан касалликнинг оғир турларини келтириб чиқаради. “А” турдаги грипп вируси одамда, паррандаларда ва баъзи бир сут эмизувчи ҳайвонларда хасталик қўзғатади. Ўтмишда одамлар ўртасида қайд этилган барча эпидемия ва пандемияларни айнан “А” турдаги грипп вируси қўзғатган. “А” турдаги грипп вируси ўта ўзгарувчанлиги билан “В” ва “С” турдаги грипп вирусларидан фарқ қилади. “В” турдаги грипп вируси касалликни фақат одамларда қўзғатади. Бу турдаги вирус унча катта бўлмаган грипп эпидемиялари сифатида намоён бўлиши мумкин. “С” турдаги вирус қўзғатадиган касаллик жуда енгил ўтади. Касаллик аломатлари яққол ривожланмаган бўлади ёки умуман белгиларсиз кечиши мумкин. Шу боис гриппнинг “С” вируси қўзғатган касаллик фақат лаборатория текшируви ўтказилиши натижасида аниқланади.

Яна ўқинг:  Ясситовонлик қандай пайдо бўлади?

Грипп вируслари ташқи муҳитга чидамсиз. Қиздирилганда ва қайнатилганда, хона шароитида, қуёш нури таъсирида тез нобуд бўлади. Дезинфекцияловчи воситалар (хлорли оҳак, хлорамин, гипохлорид кальций ва бошқалар) таъсирида бир зумда ҳалок бўлади. Паст ҳароратда вируслар узоқ вақт давомида тирик сақланади. Грипп вирусларини тарқатувчи манба -беморлар ҳисобланади. Ушбу касалликда вирус ташувчанлик шаклланмайди. Шу сабабли гриппга чалинган бемор касалликнинг ягона манбаи ҳисобланади. Мавсумий грипп фақат одамдан одамга юқади, касаллик одамдан ҳайвонга юқмайди. Парранда гриппи эса мавсумий гриппдан фарқли равишда, паррандалардан одамларга юқади, лекин касалликнинг одамдан одамга, одамдан паррандага юқиши исботланмаган.

Грипп касаллигида вируслар соғлом одамларга бевосита кўрпа-тўшакдан, сочиқ, идиш-товоқ, пиёла, қошиқ-санчқи, камдан-кам ҳолларда ўйинчоқлардан юқиши мумкин. Касаллик соғлом одамларга ҳаво-томчи йўли билан юқади. Бемор йўталганда, аксирганда, ҳаттоки нафас чиқарганда, гаплашганда, атроф-муҳитга кўп миқдордаги вирусларни тарқатади. Вируслар билан зарарланган ҳаводан нафас олган соғлом кишилар хасталикни юқтириб олади. Бемор касалликнинг яширин даврида ва бошлангандан кейин, бир неча кун (ўртача 4-5 кун) мобайнида юқумли бўлади. Касаллик беморнинг фақат юқори нафас йўллари орқали юқади. Соғлом кишининг юқори нафас йўллари шиллиқ пардаси ҳужайралари ичига кириб вируслар кўпаяди ва уларни емиради. Вируслар таъсирида юқори нафас йўллари шиллиқ пардасининг ҳужайралари нобуд бўла бошлайди. Шиллиқ пардалар яллиғланиб, шишади ва беморда тумов аломатлари қайд этилади.

Хасталикнинг яширин даври 12 соатдан 3 кунгача, ўртача 1-2 кун давом этади. Касаллик тўсатдан бошланади. Соппа-соғ юрган одам бирданига мазаси қочиб, аъзои бадани увишиб, тана ҳарорати кўтарилади. Орадан 1-2 соат чамаси вақт ўтгач, касалликнинг бошқа аломатлари юзага чиқади. Тана ҳарорати кўтарилиб, бемор совуққотади, қалтирайди. Боши ва қўл-оёқлари, мушаклари зирқираб оғрийди. Бемор ўзини ёмон ҳис этади. Организмнинг заҳарланиши кучаяди. Бошнинг пешона ва чакка соҳасида, кўз соққасида оғриқ пайдо бўлади. Бурун битиб, нафас олиш қийинлашади, бурундан ажралма чиқади, иштаҳа ёмонлашади. Бемор кўп терлаб, умумий ҳолсизлик кузатилади.

Ушбу касаллик, айниқса, болалар ва қарияларда оғир кечади. Гриппга чалинган болаларда ҳам касаллик аломатларининг барчаси кузатилади. Бола инжиқ, йиғлоқи бўлиб қолади. Касаллик авжига чиққанда бола алаҳсирайди, талвасага тушади, қусади. Бурун-лаб соҳаси бўзариб кўкимтир тус олади, юзи қизаради. Иштаҳа бузилиб, ҳеч нарса емай қўяди. Касалликда асорат қайд этилмаса, 2-3-куни тана ҳарорати меъёрига тушади. Касаллик аломатлари 5-6-кунга бориб аста-секин йўқола бошлайди. Аксарият ҳолларда касалликнинг айрим белгилари 7-10 кунгача ҳам сақланиб туриши мумкин. Грипп касаллиги енгил, ўрта оғир, оғир ва ўта оғир шаклларда кечади. Касалликнинг ўта оғир шакли баъзи ҳолатларда ўлим билан якунланади. Касаллик ўзидан асоратлар қолдиради. Хасталикдан кейин беморда менингит (мия пардаси яллиғланиши), отит (ўрта қулоқ яллиғланиши), бронхит (бронх йўллари яллиғланиши), зотилжам (ўпка тўқимаси яллиғланиши) ва бошқа бир қатор асоратлар қолдиради. Баъзилар бу касалликка етарли эътибор бермасдан, уни «оёқда» ўтказади, ўзбошимчалик қилиб даволанади. Бу эса юқорида кўрсатилган асоратларга ва кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин.

Яна ўқинг:  ОНАЛИК ВА БОЛАЛИК МУҲОФАЗАДА

Агар оила аъзоларидан бирида грипп касаллиги аломатлари пайдо бўла бошласа, уни боғчага, мактабга, ўқув юртларига ва ишга юбормаслик керак. Беморни уйда алоҳида, яъни изоляция қилиш касалликни тез ва асоратсиз даволашда энг муҳим чора-тадбирлардандир. Беморни алоҳида хонага ётқизиб, зудлик билан уйга ҳудудий поликлиника ёки бошқа хизмат кўрсатадиган даволаш-профилактика муассасаларидан шифокор чақириш керак. Унга кўп миқдорда турли хил суюқликлар (лимон чой, мева шарбатлари, наъматак дамламаси, қатиқ, асалли чой) ва енгил ҳазм бўладиган овқатлар керак. Бемор иштаҳаси ва хоҳишига қараб, суюқликлар ва овқатлар бериш лозим. Хаста киши фойдаланган сочиқ, дастрўмолдан бошқалар фойдаланмаслиги зарур. Уларни қайнатиб ювиш, кейин дазмоллаш лозим. Идиш-товоқлар, қошиқ-санчқи ва пиёла ҳам бемор томонидан фойдаланилгач, дарҳол қайнатилиши керак. Бемор қатъиян врач тавсиялари асосида даволанса, гриппдан тез ва асоратсиз тузалиб кетади.

Соғлом турмуш тарзига эътибор бериш, хусусан кун тартиби ва иш режимига риоя қилиш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш, сув муолажалари билан танани чиниқтириб бориш, тўғри овқатланиш, очиқ ҳавода сайр қилиш, грипп касаллигидан сақланишда муҳим аҳамият касб этади. Грипп касаллигининг олдини олишда, касалликка қарши эмлашнинг ҳам аҳамияти катта. Ҳозирги кунда яхши самара берадиган бир қатор вакциналар амалиётда қўлланилаяпти. Гриппга қарши эмлатиш, шифокорлар тавсиясига кўра амалга оширилгани маъқул. Бу касалликка чалиниб, даволанишдан кўра, унинг олдини олган афзал. Хавфли ва жиддий асоратлар қолдирадиган гриппдан сақланиш, биринчи навбатда ҳар бир кишининг ўзига боғлиқлигини унутмаслигимиз керак.

Қўйли ЙЎЛДОШЕВ,

олий тоифали терапевт.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: