“Саломатлик поезди” – эзгулик маёғи
Юртимизда аҳолини ижтимоий ҳимоялашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш йўлида кўплаб давлат ва нодавлат ташкилотлари фаолият олиб боришмоқда.
Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси “Ўзбекистон темир йўллари” ДАК билан ҳамкорликда ташкил этган “Саломатлик поезди” лойиҳаси доирасида кўпгина хайрли ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, мамлакатимизнинг экологик ноқулай ва чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, уларни чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш, зарур дори-дармонлар ва санитария-гигиена воситалари ҳамда керакли тиббий анжомлар билан таъминлаш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда.
Бу сафар “Саломатлик поезди” Қорақалпоғистон Республикасининг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи эҳтиёжманд оилаларга инсонпарварлик ёрдамларини етказиб бериш мақсадида Тошкент-Жаслиқ-Каракалпакия-Тошкент йўналишида ташкил этилди.
19 октябрь куни жўнаб кетган “Саломатлик поезди”нинг малакали шифокорларига жойларда жамғарманинг Қорақалпоғистон Республикаси тиббий ижтимоий патронаж бригадаси ходимлари яқиндан кўмаклашмоқда. Ушбу хайрия акцияси давомида аҳолига ва даволаш профилактика муассасаларига 49,4 млн. сўмлик озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда умумий қиймати 281,29 минг АҚШ долларига тенг бўлган дори-дармон ва тиббиёт анжомлари, санитария-гигиена воситаларидан иборат мурувват ёрдамлари етказиб берилади.
Режа мувофиқ, Тошкент-Жаслиқ-Каракалпакия-Тошкент станцияларига яқин ҳудудлардан ташқари “Соғлом авлод учун” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси филиалининг “Автоамбуланс” машинаси орқали ҳудуддаги барча “Мурувват”, “Меҳрибонлик”, “Саховат” уйлари, шу билан бир қаторда шифохоналар, республиканинг болалар туғруқ комплексларига ҳамда махсус мактаб-интернатларига ўз ёрдамини кўрсатишни режалаштирган.
“Саломатлик поезди” 27 октябрь куни Тошкентга қайтиб келади.
Ф. ТОЛИПОВ