Гўдаклар тагликдан халос бўлди, аммо…
Бугунги кунда болалар дўконларидан кичкинтойлар эҳтиёжи учун исталган маҳсулотни топиш мумкин. Дўконга киришингиз билан сотувчи биргина чақалоқлар тагликларининг турфа хилини сизга таклиф этади. Аммо, бир марталик тагликлардан доимий фойдаланиш дуруст эмас. Яъни, ундан қанча узоқ фойдаланилса, оналар учун кичкинтойни тувакка ўргатиш шунча қийин кечади.
Аслида болакайлар тувакка ўтиришни кўп ҳам хоҳламайди. Хўш, бундай ҳолатда нима қилиш керак? Энг аввало, фарзандингиз билан ушбу кичик муаммо устида ўзингиз шуғулланганингиз маъқул.
Агар гўдагингизни тагликлардан халос қилмоқчи бўлсангиз, болада тувакка ўтиришга кўникма ҳосил қилдириб бориш лозим.
Табиатан чақалоқлар пешоб чиқаришни истаганда уларнинг юзида қизариш ёки сесканишга ўхшаш белгилар кузатилади. Шунда болани дарҳол тувакка ўтқазиш керак бўлади. Яъни, ота-оналар кичкинтойи билан оғзаки мулоқотни ривожлантириши керак. Улар билан кўпроқ суҳбатлашиши гўдакда мослашувчанликни келтириб чиқаради. Масалан, бола пешоб чиқарганда онаси “тисс” деб овоз чиқариши, унинг учун шартли рефлекс сифатида ёдида қолади. Кичкинтойга ушбу сўз айтилганда ҳожатга чиқиш зарурлигини тушунади. Бунда сиз турли сўз ва овоздан фойдаланишингиз мумкин. Энг муҳими фарзандингизни тушинишингиз.
Қолаверса янги туғилган чақалоқни ел чиқариши, унинг ичи келишини билдиради. Шунда унга ич келишини англатадиган сўз айтинг. Тез орада миттивой сўзларингизга қараб нима қилмоқчилигини тушунади. Тувакка ўтиргиси келганида гўдак шу ишораларни такрорлашга ҳаракат қилади. Айрим ҳолларда болани тувакка ўргатиш натижа бермаслиги мумкин. Бундай ҳолларда кўникма ҳосил бўлгунига қадар фарзандингизга ушбу сўзларни зарурат пайти такрорлаш зарур. Чунки боланинг ҳожатга чиқиши вақт билан боғлиқ. Яъни, унинг қанча вақтда заҳартанг пешоб чиқаришига эҳтиёжи пайдо бўлганлигига қараб тўсишга ҳаракат қилинг. Чақалоқлар қорни тўйгани ёки уйқудан уйғонганида албатта тувакка ўтқизиш керак бўлади.
Тайёр тагликлардан ҳар доим фойдаланиш салбий ҳолатларга олиб келиши мумкин. Тўғри баъзида узоқ йўлга чиққанда тагликлар олиш жуда муҳим саналади. Аммо, бу одатий тус олмаслиги керак. Боланинг тувакка ўтириши она учун ҳам, бола учун ҳам қулайлик яратади. Баъзида дилбандингиз кийимингизни ҳўллаб қўйганини кўриб, жаҳлингиз чиқади. Аммо, ёш болалар учун бу одатий ҳолат саналади. Аслида буни олдини олиш ўзимизнинг қўлимизда.
Шундай экан бўш вақтингизда кичкинтойингиз билан мулоқот қилишга ҳаракат қилинг. Уларнинг ишораларини тушунишни ўрганинг. Ана шунда юқоридаги кичик муаммога тўғри ечим топасиз.
Дилфуза АЗИМОВА тайёрлади