ЯНГИ ЙИЛ ДАСТУРХОНИ ортиқча вазнга сабаб бўлмасин

Янги йилда барча аёллар байрам дастурхонини ҳар йилгидан ҳам тўкинроқ ва чиройли бўлишини истайди. Улар турли-туман салатлар, пишириқлар, таомлар тайёрлаб оила аъзолари ҳамда меҳмонларни ҳайратга солишга ҳаракат қилишади. Аммо дастурхон атрофида ўтирганингизда 31 декабрь ҳам йилнинг бир куни эканини унутманг!

– Барча таомлардан оз-оздан татиб кўриш мумкин. Бироқ, уларни тўйгунингизча истеъмол қилиш Сиз учун фақатгина ортиқча калория манбаи бўлади. Энг муҳими кечқурун ёғсиз гўшт, балиқ, товуқ ҳамда кўкатлардан бир озгина тамадди қилинг. Аммо “Наполеон” торти бўлакларини эрталабки нонуштага қолдирганингиз маъқул.

– Байрам дастурхонини тайёрлаш тараддуди билан овора бўлиб, югур-югурлар Сизни чарчатиб қўймасин. Албатта, ўз вақтида тушлик қилиб олишни унутманг. Чунки, кун давомида овқатланиш ёдингиздан чиқиб қолса, кечқурун байрам дастурхонидаги мазали ва тўйимли егуликлар Сизни ўзига оҳанрабодай тортади. Беихтиёр ҳаддан зиёд, бетартиб овқатланишдан тезда тўйиб қоласиз.

– Янги йилни спиртли ичимликлар ичишдан бошламанг. Байрам куни алкоголли ичимликларни миёридан ортиқ истеъмол қилиш умуман тавсия қилинмайди. Айниқса, оч қоринга ичилган ичимлик ўзингизни назорат қилишни сезиларли даражада сусайтиради.

– Байрам кечаси дастури ҳақида олдиндан режалаштириб олинг. Агар кечки соат 20: 00 дан тунги соат 2: 00 гача Янги йил дастурхони атрофида ўтиришни режалаштирсангиз, осонгина ҳамма овқатни паққос туширишингиз ҳеч гап эмас. Яхшиси соат 8: 00-8: 30 атрофида овқатланиб, тунги соат 12 га қадар оила аъзоларингиз билан дилдан суҳбат қуринг. Фарзандларингиз билан турли хил ўйинлар ўйнанг, Янги йил учун мўлжалланган кинофильмларни томоша қилинг.

– Янги йил дастурхонини безашда рангларга ҳам эътибор беринг. Чунки, дастурхон ва идишларнинг ёрқин ранги иштаҳа очишга туртки бўлади. Қизил, сабзиранг каби дастурхонлар ва шу тусдаги идиш-товоқлар қорни тўқ одамнинг ҳам иштаҳасини қитиқлайди.

– Хорижлик дизайнер, “Ранглар ва уларнинг сирли таъсири” китоби муаллифи Жозеф Кеннет фикрига кўра кўк, бинафшаранг, яшил каби совуқ ранглар инсоннинг меъёрда овқатланишига ижобий таъсир этади. Шунингдек, кичикроқ десерт ликобчалар ҳам байрам дастурхонидан кичикроқ таом бўлакларини олишга Сизни мажбур этади.

Унутманг, азизлар, бир кунлик байрам кечаси деб нафақат меъда-ичак тизимингизга, балки юрак-қон томир тизимингизга ҳам ортиқча юк юкламанг.

Яна ўқинг:  Анор экиш ва парваришлаш бўйича тавсиялар

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: