Равшан Эрматов ва унинг гуруҳи ЖЧ-2018га жиддий тайёрланмоқда
Футбол бўйича жаҳон чемпионати старти олдидан, бугун Россия пойтахтидаги “Кемпински отель” меҳмонхонасида Осиё футбол конфедерациясининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда ФИФА президенти Жанни Инфантино, қолаверса, Осиё футбол Конфедерацияси раҳбари Шайх Салмон бин Иброҳим Ал-Халифа жаҳон чемпионатида иштирок этувчи Осиё терма жамоалари ва ҳакамларга омад фикрларини билдириб ўтди.
“Осиёда футбол жадаллик билан ривожланиб боряпти. Умид қиламанки, бу йилги мусобақада Осиё терма жамоалари ҳам ўзларини ҳар томонлама кўрсата олишади. Қолаверса, айни пайтда Осиёда ҳакамлик соҳаси ҳам анча ривожланган. Сўнгги йилларда ушбу қитъадан бир қатор кучли реферилар етишиб чиқди. Жаҳон чемпионатининг финал босқичида энг кўп ўйин ўтказиш бўйича рекордчи ҳам бугунги кунда айнан осиёлик ҳакам Равшан Эрматов бўлиб тургани ҳам фикримга исбот бўла олади”, – дейди ФИФА президенти Жанни Инфантино.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатида Осиёнинг беш карра энг яхши ҳаками, ҳамюртимиз Равшан Эрматов бошчилигидаги бригада ҳам иштирок этади. Шунингдек, ўзбек футболи тарихида илк маротаба Алим Арифов жаҳон чемпионатида комиссар вазифасини бажаради. Айни пайтда Равшан Эрматов бошчилигидаги ўзбекистонлик ҳакамлар гуруҳи Россиядаги ФИФАнинг ҳакамлар учун мўлжалланган махсус базасида бутун дунёдан ташриф буюрган реферилар билан биргаликда Жаҳон чемпионатига сўнгги тайёргарликни бошлаб юборган.