Олимнинг ибратли умри

Илм аҳлининг ҳаёт мазмуни ўз она Ватани ва миллати тақдирида қандай из қолдиргани билан белгиланади. Агар бу қутлуғ из илм-фан соҳасидаги салоҳият билан безатилган бўлса, ёш авлодга намуна бўладиган умр китоби яратилади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Зоология институти бош илмий ходими, устоз академик Жалолиддин Азимов таваллудининг 80 йиллиги ҳамда илмий-педагогик ва ижтимоий фаолиятининг 60 йили илм аҳли учун ибрат мактаби бўлишга арзирли мазмунга эга.

Ж. Азимов 1938 йилнинг 10 мартида Андижон шаҳрида хизматчи оиласида таваллуд топди. У ўрта мактабни тугатгач, 1954–1959 йиллар мобайнида Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон қишлоқ хўжалик институти (ҳозирги Самарқанд қишлоқ хўжалик институти)нинг Ветеринария факультетида таълим олиб, уни муваффақиятли тамомлади. 1959 йилдан Ўзбекистон Ветеринария илмий-тадқиқот институтида ўз меҳнат фаолиятини бошлади. 1961 йилда Москвадаги академик К. Скрябин номидаги собиқ Бутуниттифоқ гельминтология институти аспирантурасига ўқишга кирди. 1963 йилда “Ўзбекистон жанубидаги қўйлар гельминтлари (гижжалари) ва асосий гельминтозлар динамикаси” мавзусидаги номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Устозимиз 1964–1969 йиллар мобайнида Ўзбекистон Ветеринария илмий-тадқиқот институтида, 1969–1978 йилларда ЎзР ФА Зоология ва паразитология институтида катта илмий ходим, 1978–1989 йилларда Республика паррандачилик илмий-ишлаб чиқариш лабораторияси директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган.

1989–1991 йилларда серқирра олим Ўзбекистон Миллий университети профессори, 1991 йилдан 2009 йилга қадар ЎзР ФА Зоология институти директори лавозимида ишлади. 2009 йилдан ҳозирга қадар устозимиз ЎзР ФА Зоология институтида бош илмий ходим ва лойиҳа раҳбари лавозимида ишлаб келмоқда.

Ж. Азимов ўз илмий мактабини яратган, таниқли зоолог ва паразитолог олимдир. Унинг илмий тадқиқотлари кенг қамровли бўлиб, паразит-хўжайин муносабатларини назарий таҳлил этиш ҳамда биологик хилма-хилликни сақлашнинг илмий асосларини яратишга бағишланган. Салоҳиятли устозимизнинг бу борадаги тадқиқот натижалари жаҳон миқёсида муҳим аҳамиятга эга бўлган фундаментал кашфиётлар сирасига киради. Ҳайвонлар организмида яшаб, улардан одамларга ҳам юқувчи трематодалар келтириб чиқарадиган касалликлар ва уларнинг олдини олиш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар мамлакатимизнинг ветеринария соҳасидаги амалиётида кенг қўлланилмоқда. Шистосоматидлар соҳасидаги тадқиқотлар эса глобал аҳамиятга эга бўлиб, ҳозирда шистосомоз муаммоси БМТ қошидаги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг махсус дастурига киритилган.

Яна ўқинг:  Sport, san’at va iroda

Ҳар бир миллатнинг, халқнинг умумжаҳон цивилизациясидаги ўрни асосан дунё илм-фанига қўшган ҳиссаси билан белгиланади. Фаннинг фидойи кишилари тимсолида бу фазилат яққол кўзга ташланади. Хусусан, академик Ж. Азимов тадқиқотларининг хорижий давлатлар илмий жамоатчилиги томонидан ҳам катта эътироф этилганлигининг сири ҳам шунда.

Устозимизнинг серқирра илмий фаолияти унинг республика ва хорижий журналларда чоп этилган 785 дан ортиқ илмий мақолаларида ўз аксини топган.

Академик Ж. Азимов қатор халқаро конференция ва симпозиумларда (Германия, Англия, Исроил, Франция, АҚШ, Чехия, Венгрия, Канада, Россия, Украина, Грузия, Арманистон, Қирғизистон, Туркманистон ва шу каби давлатларда) фаол қатнашиб, фан ютуқларини кенг илмий жамоатчилик эътиборига ҳавола этиб келмоқда.

Жонкуяр мураббий сифатида устоз илмий кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратиб келмоқда ва унинг раҳбарлигида тайёрланган 20 нафарга яқин фан докторлари ва 30 дан зиёд фан номзодлари республика ва Ҳамдўстлик мамлакатлари илмий муассасалари, олий ўқув юртлари ва иқтисодиётнинг турли соҳаларида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Жалолиддин Азимов 1991 йилдан ҳозирга қадар ЎзР ФА Зоология институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш раиси бўлиб фаолият юритмоқда.

Тажрибали, тиниб – тинчимас олим 2006 йилда жаҳон фани ютуқлари даражасида эътирофга сазовор бўлган илмий тадқиқотлари учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологиялар маркази танлови ғолиби бўлди.

Мустақилликнинг йигирма олти йиллиги муносабати билан академик Жалолиддин Азимов “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди. Олийжаноб инсон, бағрикенг устоз, етук мураббий, ўз соҳасида илмий мактаб яратган олим, интеллектуал салоҳият эгаси ва чин инсон, устозимиз Жалолиддин Азимовни қутлуғ ёши билан барча шогирдлари ва илмий жамоамиз номидан чин дилдан қутлаймиз.

 

Эркинжон ШАКАРБОЕВ,

ЎзР ФА Зоология институти илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, биология фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: