“Nurli kelajak Expo – 2018”

300га яқин корхона, фирма ва тадбиркорлик субъекти маҳсулотлари намойиши

 

Мактабгача таълим узлуксиз таълимнинг бирламчи, энг асосий бўғини. Мутахассисларнинг илмий хулосаларига кўра инсон умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда олади. Шу боис, болаларнинг жисмонан ва маънан соғлом ва етук шахс бўлиб камол топшида боғча тарбияси муҳим ўрин тутади.

Ушбу тизимни ривожлантиришга оид қабул қилинган кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар мактабгача таълим масканларининг моддий-техник базасини яхшилаш, қамровини янада кенгайтириш, ўқув-тарбия жараёни сифатини ошириш, нодавлат мактабгача таълим масканлари тармоғини кенгайтириш, кадрларни моддий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

“Ўзэкспомарказ”да “Nurli kelajak Expo – 2018” кўргазмаси очилишидан кўзланган асосий мақсад ҳам аслида шу.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари, тизим учун озиқ-овқат маҳсулотлари, мебель, дидактик ўйин ва ўйинчоқлар, спорт ва тиббиёт анжомлари, мусиқа асбоблари, ошхона жиҳозлари, озиқ-овқат, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 300га яқин корхона, тадбиркорлик субъекти вакиллари иштирок этди.

Айниқса, улар орасида болалар учун мўлжалланган мебель маҳсулотларининг сифати кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди.

 

– Кўргазмага Фарғона вилоятининг Бағдод туманидан келдик. Фаолиятимиз аввалида фақат вилоятимиз аҳолиси учун мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарар эдик. Ушбу кўргазма ёрдамида республикамиздаги кўплаб МТМлар билан шартномалар имзоладик, – дейди “Анварбек” хусусий мебеллар корхонаси раҳбари Толибжон Юнусов.

 

Марғилон шаҳридаги “Ҳумо” савдо тижорат фирмаси 25 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Фирмада болалар учун мўлжалланган матрас, кўрпа, ёстиқ каби бир қанча текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Ушбу корхона вакиллари ҳам мазкур кўргазма орқали ўз маҳсулотларини республикамизнинг барча ҳудудларига етказиб бериш бўйича икки томонлама шартномалар имзолади.

Шунингдек, ушбу кўргазмада пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги “Finger” хусусий корхонаси маҳсулотлари аксарият ташриф буюрувчиларнинг қизиқишига сабаб бўлди.

 

Корхонамизда оила аъзоларимиз билан бирга меҳнат қиламиз. Асосан болажонлар учун камалакдек жилоланиб турувчи 7 хил турдаги пластилинларни ишлаб чиқарамиз, – дейди корхона раҳбари Зиёдулло Суннатов. – Маҳсулотларимиз 3 ёшдан катта бўлган болажонлар учун мўлжалланган бўлиб, пластилинлар сифатини доимий назорат қилиб борамиз.

 

Яна ўқинг:  Спорт – саломатлик асоси

Мактабгача таълим тизимида халқаро алоқалар ривожлантирилиб, илғор тажриба ўрганилмоқда. Бу борада Жанубий Корея мутахассислари билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўргазмада Жанубий Кореянинг болани интеллектуал ривожлантиришга оид ўйинчоқлар тайёрлашга ихтисослашган “Mega Education” компанияси, болалар учун экологик хавфсиз ва қулай мебеллар ишлаб чиқарувчи “Parangsae” компанияси, “Dream Kindergarten” хусусий боғчаси фаолияти билан танишиш мумкин.

Қолаверса, кўргазма мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларини овқатлантиришни ташкил этишда шаффоф, марказлаштирилган таъминот тизимини яратиш, етказиб берувчиларнинг сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини ўз вақтида ва нарх сиёсатига риоя этган ҳолда харид қилиш тизимини йўлга қўйишда алоҳида аҳамият касб этди.

Икки кунлик тадбир доирасида Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси томонидан болалар учун парҳез таомлар тайёрлаш бўйича “Маҳорат дарслари” ўтказилди.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: