Афинада ўтган “FOOD EXPO GREECE – 2018” халқаро кўргазмасида Ўзбекистон вакиллари илк бор иштирок этди
Жорий йилнинг 10-12 март кунлари Афинада озиқ-овқат ва ичимликлар – “Food Expo Greece – 2018” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.
Бешинчи марта ташкил этилаётган мазкур кўргазма озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликларига мўлжалланган минтақадаги энг йирик кўргазмалардан бири ҳисобланади. Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган навбатдаги тадбирда дунёнинг 22 давлатидан келган 1 минг 250 дан зиёд компания ва фирмалар вакиллари иштирок этди. Эътиборлиси, кўргазмада ўзбекистонлик ишбилармонлар илк бор иштирок этди.
Ўзбекистон миллий стенди остида тақдим этилган қуритилган мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қандолатчилик маҳсулотлари, макарон, биологик фаол қўшимчалар, қуритилган меваларни қайта ишлаш, асал, спиртли ичимликлар кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Музокараларда Ўзбекистонда етиштирилган мева ва сабзавотлар, озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш ҳамда хорижий ишлаб чиқарувчилар билан замонавий ихчам технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш бўйича қиймати 28 миллион долларлик шартномалар имзолашга эришилди.