Бош вазир ўринбосари олим ва илмий тадқиқотчилар билан давра суҳбати ўтказди

Жорий йилнинг 15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаевнинг Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти олим ва илмий тадқиқотчилари билан давра суҳбати бўлиб ўтди.

1924 йилда ташкил этилган Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти бугунги кунда республикамизда мавжуд маданий ва ёввойи ўсимликлар навларининг генофондини экспедиция ва интродукция йўли билан йиғиш, сақлаш, уларни ўрганиш ва бошқа илмий-тадқиқот муассасаларига қишлоқ хўжалиги экинларининг нав намуналарини етказиб бериш борасидаги ишларни амалга ошириб келмоқда. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда институтнинг коллекцияларида 100 хилдан зиёд қишлоқ хўжалик экинларининг 45 мингдан ортиқ намуналари тирик ҳолда сақланмоқда.

Шу билан биргаликда, институт олимлари томонидан қишлоқ хўжалиги экинларининг янги навларини яратиш, уларни етиштириш агротехникасини ишлаб чиқиш, фермер ва деҳқон хўжаликларига озиқ-овқат ва мойли экинлар уруғлари, шунингдек, янги интенсив боғ ва ток кўчатларини етказиб бериш борасидаги илмий тадқиқотларни бажариб келмоқда.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган йиғилишда таъкидландики, мамлакатимиз иқтисодиётининг барча жабҳалари сингари аграр соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самараси ўлароқ бугунги кунда қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида эътиборга молик натижалар қўлга киритилиб, халқимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга эришилмоқда. Бутун дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда аҳоли сони тобора ортиб бораётган ҳамда ер ва сув ресурслари имкониятлари чегараланган бугунги кунда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада жадаллаштириш, селекция ва уруғчилик ишларини ривожлантириш, айниқса, озиқ-овқат ва озуқабоп экинларининг янги, ҳосилдорлиги ва сифат кўрсаткичлари юқори, турли касаллик ва зараркунандалар ҳамда табиатнинг ноқулай омилларига чидамли навларини яратиш, мамлакатимиз минтақаларининг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда уларнинг агротехникасини ишлаб чиқиш ва амалиётга кенг жорий этиш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонига мувофиқ тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари доирасида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш билан боғлиқ қатор вазифалар белгилаб берилган.

Тадбирда мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экин майдонлари мақбуллаштирилаётган бугунги шароитда уларнинг янада серҳосил навларини яратиш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш борасидаги илмий изланишлар кўламини кенгайтириш, институтда фаолият кўрсатаётган ҳар бир олим ва тадқиқотчи томонидан ҳудудлардан ҳамкор фермер хўжаликларини танлаб, уларда ўз фаолиятининг йўналишидан келиб чиққан ҳолда илм-фан янгиликларини тарғиб ва жорий этиш, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятининг пировард натижаси – иқтисодий самарадорликни ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан атрофлича мунозара қилинди.

Яна ўқинг:  “Биз ҳур диёр фарзандларимиз”

Давра суҳбатида институт илмий ходимлари – А.Аманов, А.Арзуманов, И.Анорбоев, Ҳ.Ҳасанов ва бошқалар сўзга чиқиб, қишлоқ хўжалиги, жумладан, мойли экинларининг янги навларини яратиш, уларнинг бирламчи уруғчилигини ривожлантириш, етиштириш агротехникасини ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга кенг жорий этиш борасида истиқболдаги вазифалар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

 

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги

Ахборот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: