Ўзбек фарзанди эканимдан фахрланаман
Бугун моҳир пианиночи Беҳзод Абдураимов исми мусиқа оламида кўпчиликка яхши таниш. Эндигина 27 ёшни қаршилаган бу ўзбек ўғлони дунё бўйлаб аллақачон юзлаб концерт дастурларини намойиш этишга улгурди. У жаҳоннинг энг кўзга кўринган Лондон, Мюнхен, Бостон, Мария сингари оркестрлари билан ўз чиқишларини муваффақиятли намойиш этди.
Мухлислар эътирофига сазовор бўлди. Яқинда Беҳзод Москвадаги Чайковский номли залда пойтахт филармонияси билан биргаликда Рихард Вагнер, Ференц Лист ва Сергей Прокофьевнинг мусиқий асарлари асосида яккахон концерт дастурини тақдим этди. Айтиш жоизки, унинг бу чиқиши ҳам олдингилари қатори ёрқин лаҳзаларга, давомли олқишларга бой бўлди.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида Беҳзод Абдураимов билан ижодий учрашув ташкил этилди. Пианиночимизнинг 15-16 февраль кунлари Германиянинг Франкфуркт шаҳрида бўлиб ўтадиган коцерт дастури олдидан уюштирилган мазкур тадбирда ОАВ вакиллари иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди. Биз ҳам фурсатдан фойдаланиб, истеъдодли созандани суҳбатга тортдик:
– Биламизки, сиз яқинда Россиянинг Москва шаҳридаги Чайковский номли концерт залида кўп сонли мухлислар учун яккахон концерт дастурингизни тақдим эттингиз. Таассуротлар билан бўлишсангиз?
– У ерда мени жуда илиқ кутиб олишди. Муҳташам концерт саройида ажойиб дастуримни
намойиш этдим. Томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлганимдан бениҳоя хурсандман.
– Биламизки, мусиқа бўйича илк сабоқларни айнан Ўзбекистонда олгансиз. Кейинчалик таълимни АҚШнинг Парк университетида давом эттирдингиз. Хорижда мусиқий таълим олган инсон сифатида бугун Ўзбекистонда мазкур соҳага қаратилаётган эътибор ҳақида қандай фикр билдирасиз?
– Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида
таҳсил олганман. Мен ўзбек фарзанди эканимдан доимо фахрланаман. Ўзбекистон – иқтидорлилар юрти. Биргина мен таҳсил олган муассаса битирувчиларининг кўпчилигини АҚШ, Европанинг аксарият мамлакатлари, ҳаттоки, Янги Зелландия, Чилида ўтказилган концерт дастурларимда учратганман. Бу уларнинг иқтидори, истеъдоди юқорилигидан далолат. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири билан суҳбатлашганимда Президентимиз томонидан ижодкорлар учун яратиб берилаётган шарт-шароитларни эшитиб, жуда хурсанд бўлдим.
– Ҳозирда хорижда фаолият юритасиз. Президентимиз томонидан чет элга кетган иқтидорли ёшларни Ватанимизга қайтариш, уларга самарали фаолият юритишлари учун бир қанча имкониятлар яратилмоқда. Агар сизга ҳам бундай таклиф берилса, қандай муносабат билдирасиз?
– Менга ҳали бундай таклиф бўлмади, аммо шуни таъкидлаб ўтишни истардимки, хориждаги карьерамни етарли даражада олиб бордим, деб ҳисоблайман. Эндиги асосий мақсадим, фаолиятимни ўз юртимда давом эттиришдир.
– Сиз дунёнинг энг кўзга кўринган саҳналарида концерт дастурларингизни намойиш этгансиз. Айтиш жоиз бўлса, санъаткор эришиши мумкин бўлган барча ютуқларни қўлга киритгансиз…
– Инсон доимо ўз олдига юксак мақсадлар қўйиб яшаши керак. Менинг ҳам жуда кўп орзуларим бор. Яқин келажакда Тошкент ёки Самарқанднинг Регистон майдонида юқори даражадаги классик мусиқага бағишланган фестиваль ташкил этишни ният қилганман. Насиб бўлса, Тошкентни Марказий Осиёнинг маданият пойтахти сифатида дунёга танитмоқчиман.
– Биламизки, классик мусиқалар тингловчи томонидан саралаб тингланади. Нима деб ўйлайсиз, бу каби мусиқаларни болаларга қайси ёшдан бошлаб эшиттириш, қандай усулда ўргатиш мақсадга мувофиқ?
– Бу учун болаларни кўпроқ бадиий жиҳатдан сифатли концерт дастурларига олиб бориш керак. Яъни, классик мусиқа тинглаётган пайтда, унда зерикиш ҳисси бўлмаслиги лозим. Мен айтаётган сифатли мусиқа боланинг зерикишига йўл қўймайди. Сабаби ўзим билан ҳам мусиқа тинглаш асносида бу каби ҳолатлар жуда кўп бўлган. Унутмаслик керакки, мусиқа эшитиш бу кўнгилхушлик эмас, у инсон дунёқарашининг шаклланишига хизмат қилувчи асосий омилдир.
– Ўзингиз қандай мусиқаларни севиб тинглайсиз?
– Миллий мусиқамиз – мақомни жуда яхши кўраман ва севиб тинглайман.
Ҳозирда профессионал бастакор билан биргаликда ўзбек миллий мумтоз асарларини фортепианода чалиб, жаҳонга олиб чиқишни режалаштирмоқдаман.
Хуршида ҲУСЕНОВА суҳбатлашди.