“Кечмагай мард дўстидан…”
Ахборот асрида яхши ва ёмон хабар бирдек тез тарқалади. Яқинда интернет тармоғида 12 ёшли бола сувда чўкаётган дўстини қутқариш вақтида ҳалок бўлганлиги тўғрисидаги хабар қалбларни ларзага солди. Бир тарафдан ёш умрга ачинсанг, иккинчи томондан унинг жасоратига таҳсин айтгинг келади. Воқеани батафсил ўрганиш мақсадида қаҳрамон ўсмирнинг яшаш манзилига бордик.
Аслида 10 ёшли Абдуллоҳ пойтахтимизнинг Қорақамиш даҳасидаги “Чаманбоғ” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилган. Оилада уч ўғил. Абдуллоҳ бош фарзанд. Ота-она турли сабаблар билан ажрашгач, Абдуллоҳ онаси Нодира Хажаевага суянчиқ бўлиб қолган эди.
Воқеа бундай бўлган: жорий йилнинг 21 январь санасида Абдуллоҳ дўстлари билан футбол ўйнаш учун соат 13: 00да спорт майдонига боради. Ўйингоҳ қўшни маҳалла ҳудудида жойлашганлиги учун улар анҳор кўпригидан ўтиб боришади. Соат 15: 00дан ошганда дўстлар ўйинни якунлаб, ортга қайтишган. Бу гал Шоҳжаҳон исмли дўсти кўприкдан эмас, унга яқин жойлашган темир қувурдан юриб ўтмоқчи бўлади. Сирпанчиқ темирдан ўтаётганда унинг оёғи тойиб, сувга йиқилади. Кўприқдан ўтиб бораётган Абдуллоҳ дўстини қутқариш учун ҳеч иккиланмай, ўзини сувга отади. Воқеани кўпқаватли уй ойнасидан кузатиб турган аёллар унга “Сувга сакрама” дея қичқиришади. Аммо дўстининг ҳаётини қутқаришни ўйлаган қаҳрамон атрофдагиларни тингламайди.
Ҳаво ҳарорати – 5 даража, сув ҳарорати эса ундан-да совуқ эди. Тез оқарсувда Шоҳжаҳон чўкиб борарди. Абдуллоҳ тезда сузиб, унга етиб олади ва дўстини қирғоққа тортиб чиқади. Бу орада бошқа дўстлар одамларни ёрдамга чақириш учун ён-атрофга югуришади. Ўша пайтда “Ёшлик” МФЙ раиси шу атрофда ҳашар ўтказаётган бўлган. Ҳамма анҳор томонга югуради. Маҳалла оқсоқоли қирғоққа яқин келган Шоҳжаҳонга чўп узатиб, уни қирғоққа тортиб олади. Кутилмаганда Абдуллоҳнинг ўзи сувга чўка бошлайди. Атрофдагилар уни қутқариш ўрнига четдан туриб кузатиш, ҳайқириш билан кифояланади…
У ҲАҚИҚИЙ ГЕНЕРАЛ
Сайёра ШОДМОНОВА,
пойтахтимизнинг Қорақамиш даҳасидаги 134-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, Абдуллоҳнинг устози:
– Абдуллоҳ табиатан оғир-вазмин бола эди. 1-синфга келганида алифбо китобини қийналмасдан ўқий олган. Илмга интилишини кўриб, синф сардори этиб тайинладим. Тўрт йил мобайнида у синфдошларига ўрнак бўлди. Спортнинг Турон якка кураши тури билан шуғулланарди. Юрагида ўти бор йигит эди.
Бир куни “Мен келажакда…” мавзусида ўқувчилар билан суҳбатлашдим. Шунда Абдуллоҳ “Мен катта бўлганимда генерал бўламан” деб қатъий ишонч билан айтди. Унинг генерал бўлишига шубҳам йўқ эди. Дўстлари орасида жасурлиги билан ажралиб турарди. У ҳақиқий генералга хос жасорат кўрсатди. Бундай мардлик ҳатто, катта одамларнинг ҳам қўлидан келиши амримаҳол.
ИСМИГА МОС ФАРЗАНД
Ҳусан ХАЖАЕВ,
Абдуллоҳнинг бобоси:
– Неварам Абдуллоҳ менга, яқинларига жуда меҳрибон эди. Онаси ишга кетганида укаларига ўзи қарарди, овқат пишириб, уйларни сарамжон-саришта қиларди. Ҳозир бир ярим ёшдан ошган укасини қўлидан қўймасди. Бошқа болалардек ўйинқароқ эмасди. Бош фарзанд эканини, онасининг суянчиғилигини, масъулиятни ҳис қиларди. Бўш вақти бўлди, дегунча инглиз тилини ўрганишга киришарди. “Укаларимни катта институтларда ўқитаман” дерди болам!
Спортга ҳам қизиқарди. Турон якка кураши бўйича кўплаб медаллари бор. Мактабда олган фахрий ёрлиқлари жавонни тўлдиради. Шунинг учун “футбол ўйнайман”, деса қаршилик қилмаганмиз. Бу кечмиш Аллоҳнинг тақдири. Начора, сабр қиляпмиз. Аммо барибир ўйлаб қоламан, агар ўша пайтда атрофдагилардан бирортаси сувга сакраганда неварам тирик қолармиди?! Ахир у ёш бола. Оқимга қарши сузишга кучи етмаган, лекин катта одамлар бемалол суза оларди…
Неварам беҳуда яшади, деб ўйламайман. Шундай мард фарзандим борлиги билан фахрланаман!
Шундан бўлса керак “Ҳайитдан кейин хинани оёғинга қўй” деган мақол бор. Воқеа жойини кўриш учун борганимизда темир қувурнинг икки тарафига ўтиб бўлмас тўсиқ қўйилибди. Маҳалла одамларининг айтишича бу сув узоқ йиллар мобайнида кўпчиликни ўз домига тортган. Мазкур тўсиқлар анча йил олдин ўрнатилганида болалар ундан югуриб ўтишмасмиди, кўплаб инсонлар ҳаёти асраб қолинган бўларди, балки.
Азиз замондош, ўтаётган умрингизга бир разм солинг. Абдуллоҳдек савобга арзигулик иш қила олдингизми? Унингдек фидойилик кўрсатиб, яқинларингиз корига яраяпсизми ёки чўкаётган болани шунчаки кузатиб турганлар каби ён-атрофга бепарвомисиз? Огоҳ бўлинг, бепарволик сизнинг ҳам фарзандларингизга зиён етказмасин. Хонадонингизда Абдуллоҳдек асл, аммо умри узоқ фарзандлар туғилаверсин!
Дилдора ФАЙЗИЕВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири