ЙИҒЛАЁТГАН БОЛА

У СИЗНИНГ ФАРЗАНДИНГИЗ

Ёши улуғлар дуога қўл очар экан, “Хонадони бола кулгусига тўлсин”, дейишни канда қилишмайди. Дарҳақиқат, болали уйда ғам бўлмайди. Шунинг учун уни бозорга ўхшатишади. Аммо эркатойимизнинг ўжарлиги тутса, хархашаларига асабимиз ҳар доим ҳам чидаб беролмайди. Натижада уни тинчлантириш мақсадида беихтиёр бақириб юборганимизни билмай қоламиз. Хўш, бола йиғлаётганида уни қандай овутган маъқул. Пиру бадавлат отахону онахонларимиз бу борада бизга қандай маслаҳат беришаркин?

– Эътибор берган бўлсангиз йиғлаган бола доимо ўзига яқин инсонининг қучоғига ошиқади, – дейди Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 80 ёшли Абдурашид ота Мусаев. – Бу бежиз эмас. Боиси, у айни шу пайтда яқинларининг меҳрига муштоқ бўлади. Энди ўзингиз ўйланг, шундай вазиятда унга қўпол муомала қилиш тўғрими? Бу ҳаракат унинг руҳиятини букиб қўйиши мумкин. Зеро, бола итоаткор, мустақил қарашлари ҳали шаклланмаган бўлади. Гўдак йиғлаётган маҳал имкон қадар унга ён босинг. Бу пайтда болага айтилган “ўчир”, “оғзингни юм”, каби сўзлар унинг бир умр хотирасига ўрнашиб қолиши ва натижада катталарга ҳадик билан қарайдиган қилиб қўйиши мумкин. Тарбия борасида фарзандларимга ҳам шуни кўп бора уқтираман. Сабрли бўлишларига ундайман. Зеро, комил ва баркамол авлодни тарбиялаш ҳам ўз-ўзидан амалга ошмайди. Баъзан набираларим хархашаси отасига ҳам, онасига ҳам малол келаётганини пайқасам койимасдан дарҳол уни кўча-кўйга, гузар бошига, боққа олиб бораман. Бола бироз овунганидан сўнг уйга кирамиз-да, набирамнинг хатосини аста тушунтираман. Бола доно, ҳамма гапга тушунади. Фақатгина буни биз катталар тушунсак бўлгани.

– Айрим оилада бола йиғласа, “кўзи қораяди”, “ўпкаси кенгаяди” дея эътибор беришмайди, – дейди Зангиота туманида яшовчи 75 ёшли Манзура Раҳимова – Аммо йиғининг инжиқликдан фарқи бор. Бола бежиз йиғламайди. Унинг феъл-атворидан келиб чиқиб, сўзларига қулоқ солиб, кўнглига йўл топилса муаммо ўз ечимини топади. Борди-ю, тинимсиз йиғласа, демакки, унинг бирор ери оғриётган, ёки безовта қилаётган бўлиши мумкин. Айрим оналарнинг кўча-кўйда фарзандининг хархашасига жавобан қўполлик қилаётганини кўп кузатаман. Бола ҳамиша ўз туйғуларига ёндашиб иш кўради. Она эса бундай пайтда тадбирли бўлиши, болага бироз ён босиши лозим. Шуни унутмаслик керакки, боланинг йиғлайвериши ҳам унинг боши қизишига сабаб бўлади. Бу эса мия фаолиятида салбий ўзгаришларга, яъни мия қон босимининг ошишига сабабчи бўлиши мумкин. Бундай пайтда бола бироз ҳовуридан тушиши учун бағрингизга олиб уни мақтаб қўйиш, яхши сўзлар билан эркалаш керак.

Яна ўқинг:  Азамат ишончни оқлади

М. ЭШОНХОНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: