“Кичкина деманг бизни…” ёки грипп ва ЎРВИ тарихидан
Дастлаб грипга ўхшаш касаллик ҳақидаги маълумотларни эрамиздан олдинги 412 йилда Гиппократ ёзиб қолдирган. Ўрта асрларда эса унинг эпидемиялари ҳақида бот-бот ёдга олинган.
Шу каби хасталикнинг жуда кўплаб инсонлар ҳаётига зомин бўлганлиги ҳақида 1173 йилда тарихий асарларда маълумот қайд этиб қолдирилган. XII асрдан бошлаб инсоният 130 марта ўта кучли вирусологик ҳужумга учраган. Чунки шунча марта кенг миқёсдаги ҳудудларда ушбу дарднинг пандемия ва эпидемия кўринишидаги шакли тарқалган эди. Илк бора ҳужжатларда ёзиб қолдирилган грипп пандемияси 1580 йилда тарқалган эди. Ҳозирги кунда ҳам бу хасталик кўпгина мамлакатлар учун жиддий муаммо ҳисобланади. “Инфлюэнца” (грипнинг эски номи) ҳақида турли қарашлар мавжуд. Яъни, Италияда XV аср ўрталарида жиддий эпидемия туфайли кўплаб одамлар касалликка дучор бўлади. Бу ном “influence” – “юлдузлар таъсири” деган италянча сўздан келиб чиққан ҳам дейишади мутахассислар. Яна бир илмий фараз – гипотезага кўра бу сўз лотинча “influere” – “бостириб кирмоқ” деган маънони ҳам англатар экан. Ёки италянча “influenza di freddo” (“совуққотиш таъсири сабабли”) деб аталади. Голландча “griepu” сўзи эса сўзлашганда инглизчага ўхшаш “fru” сўзи французча “gripper” дан келиб чиққан. Бу эса умуман олганда “йиғма” маъносини билдиради.
Шундай қилиб 100 хилдан ортиқ юқори нафас йўлларининг ўткир вирусини ўз ичига олган респиратор вирусли инфекциялари бир ном билан грипп дея аталган.
Аммо ЎРВИ билан грипнинг клиникаси (касаллик аломатлари) ўхшаш бўлсада уларнинг вируслари микроскоп остида кузатилганда бошқа-бошқа ҳисобланади.
Ҳатто, XX асрнинг биринчи чорагигача грипп вируси дея Афанасьев – Пфейфер вирусини ҳисоблашган. 1931 йилда грипп қўзғатувчисини Ричард Шопе кашф этган. Фақат 1933 йилда Лондон миллий тиббиёт институтининг вирусологлари Смит, Эндревс ҳамда Лаидлав грипп билан оғриган беморларнинг юқори нафас йўлларидан олинган ажралмалар юқтирилгандан сўнг хасталанган денгиз чўчқачалари ўпкасидан А типидаги вирусни ажратиб олишган.
1940 йилда эса жуда муҳим кашфиёт қилинди. Яъни, грипп вирусини товуқ жўжаси эмбрионига ҳам культивация қилиш мумкин экан. Шу кашфиёт сабабли вирусологлар учун грипп вирусларини ўрганишга янги-янги имкониятлар яратилди. 1947 йилда эса Тейлор томонидан грипнинг С тури аниқланди. 1889–1891 йилларда грипнинг ўртача оғирликдаги H3 N2 турининг пандемияси тарқалди.
Инсоният тарихидаги энг катта грипп пандемияларидан бири 1918 йилда кузатилган эди. Тахминларга кўра Хитойда ўша йили биринчи пандемия тарқалган эди. Аммо, ҳужжатларда қайд этилган ўлим ҳолатлари АҚШда 1918 йилнинг март ойида рўйхатга олинган. Сўнгра ушбу ҳолат Франциянинг порт шаҳарларида ҳамда ўша йилнинг апрель ойида Испания ва Италияда ҳам қайд этилган. Одамлар бу хасталикни “испан безгаги” дея номлашган. 10 ой давомида “испанка” – HINI вирусидан ер юзининг деярли барча аҳолиси талафот кўрган. Ушбу касалликнинг такрорий “бош кўтариши” натижасида 1918–1919 ва 1919–1920 йиллар давомида тахминан курраи заминнинг 20 млндан 50 млнгача бўлган аҳолиси қирилиб кетган. “Испан” грипи тўсатдан бошланган. Агар одам эрталаб соппа-соғ юрган бўлса, тушда касалликни юқтириб, тунда бехосдан дунёдан ўтган. Мабодо бирор бемор касалликни юқтирган илк соат ёки кунда вафот этмаган бўлса, унда грипнинг асорати туфайли нобуд бўлган. Айниқса, унинг энг катта ва хавфли асоратларидан бири бу пневмония, яъни зотилжам туфайли беморлар дунёдан тез кўз юмишган. “Испанка” нинг яна бир мудҳиш томони у энг навқирон ёшдаги беморларни кўпроқ шикастлаган. Шундан бери жаҳонда бир неча бор грипп пандемиялари содир бўлган ва миллионлаб одамлар “ёстиғини” қуритган.
1957–1958 йилларда ер юзига “Осиё грипи” пандемияси тарқалди. Бу хасталик Н2N2 штамли вирус сабабли юзага келди. Узоқ Шарқда 1957 йилларда тарқалган грипп тезда дунёнинг бошқа нуқталарида ҳам кузатилди. Фақатгина Америкада ушбу пандемия сабабли 70 мингдан зиёд бемор вафот этди. 1968 йилда “Гонконгда тарқалган вирус “Гонконг вируси” деб ном олди. 1968 йилда кузатилган ушбу пандемия сабабли 65 ёшдан катта бўлган хасталар шикастланди. Бу вирус сабабли 33 минг 800 нафар бемор вафот этди. 1977–78 йилларда тарқалган “Рус грипи” беморлар учун ўртача оғирликда кечди.
Грипп – ўткир респиратор вирусли инфекцияларнинг бир тури. Аммо ундан ўзининг оғир кечиши ҳамда асоратларининг хавфлилиги билан ажралиб туради. Ҳатто, сиз учун оддий шамоллаш бўлиб кўринган бу хасталикни “оёқда ўтказсангиз” мудҳиш оқибатга олиб келиши мумкин. Айниқса, грипдан иммун тизими ҳали тўлиқ ривожланмаган гўдаклар, ёш болалар, ҳомиладор аёллар ҳамда иммунитети паст кекса ҳамда бемор кишиларни эҳтиёт қилиш зарур. Юрак қон-томир тизими, буйраклар, юрак туғма нуқсони ҳамда ўпкасида сурункали касаллиги мавжуд беморлар вирус юқтириб олсалар хасталиклари оғир кўринишда хуруж қилади. Бу эса уларнинг аҳволларини ўта танг қилади.
Шифокорлар тез-тез грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)ларнинг асоратидан эҳтиёт бўлишга чақиришади. Бу бежиз эмас. Грипнинг ўзидан ҳам асорати оғир. Унга бронхит, трахеит, фарингит, ларингит, гайморит, фронтит каби касалликлар киради. Яна ушбу хасталикнинг пневмония (зотилжам), плеврит ўпка пардасининг яллиғланиши), перикардит (юрак пардасининг яллиғланиши) каби асоратлари ҳам бемор аҳволини оғирлаштиради. Ҳозирда дунёнинг кўпгина ривожланган давлатлари каби бизнинг мамлакатимизда ҳам грипга қарши профилактика мақсадида эмланиш мумкин. Бу хасталикка кўпчилик “оддий шамоллаш-да” дея эътибор беришмайди. Аммо бу нотўғри қараш. Бемор атрофдагиларга инфекция юқтирмаслиги учун оғиз-бурнини дока ниқоб билан тўсиб юриши зарур. Ўз вақтида шифокорга мурожаат этиш касалликнинг асоратсиз кечишига замин яратади.
Наталья ГАФНЕР,
Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази кичик илмий ходими