Жароҳат ўрнида энди чандиқ қолмайди
Хитойлик олимлар ипак протеини асосида жароҳатни битказиб, ўрнида чандиқ қолдирмайдиган гель яратдилар.
Унинг асосий таркибини ипак толаси таркибида мавжуд бўлган ипак оқсили – серицин ташкил этади. Серицин олиш учун ультрабинафша нур ва кимёвий реакция бошида оқсил занжирини қўшимча моддалар билан бирикишини таъминлаб берувчи фотоинициатор керак бўлди.
Изланишлар натижасида юзага келган гель жароҳатланган жойдаги ҳужайраларга қўшилиб кетади ва организмнинг иммун реакциясини уйғотмайди. У яллиғланишни йўқотади ва янги қон томирчаларининг пайдо бўлишига туртки беради. Муҳими гель тери ҳужайралари ишини шундай бошқарадики, жароҳат жойида чандиқ ҳосил қилган тўқима эмас, балки янги тери ўсиб чиқади.
Шунингдек, ушбу малҳамда яра битишини тезлаштирувчи антисептик (ярани бактериялар тушишидан ҳимоя қилади) хусусият ҳам бор. Ипак протеинлари эса одам организми учун табиий бўлган фаолликка эга. Чунки ипак аминокислоталари таркиби инсон териси аминокислоталари таркибига яқин бўлади.
Отабек Юлдашев