Ҳаёт сарчашмаси: она сутининг афзалликлари

Давоми. Боши

 

Янги туғилган боланинг ўсиши учун оғиз сути жуда зарур. Чунки мурғак организмнинг туғилганидан кейинги дастлабки кунларида юқорида таъкидланган озиқ моддалар маълум даражада кўпроқ талаб қилинади. Она сути таркибидаги оқсил – казеин моддаси сигир сутидагига нисбатан анча кам бўлиб, унда қон зардобидаги оқсилларга ўхшаш 18 хил оқсил учрайди. Бу чақалоқ ҳаётининг биринчи ҳафталикларида кўкрак сути ёғларининг ўзлаштирилиш коэффиценти 90 фоиз бўлса, сигир сутида бу кўрсатгич 60 фоизга тенг. Агар гўдакни доимий равишда сигир сути билан боқилса, унинг организмида углеводларга нисбатан тақчиллик ва аксинча, оқсилларнинг кўпайиши юзага келиб, бола организмининг ривожланиши ҳамда саломатлигида турли нуқсонлар вужудга келиши мумкин. Сигир сути қайнатиб истеъмол қилинганлиги учун ундаги кўпгина витаминлар миқдори анча камайиб кетади.

Абу Али ибн Синонинг фикрича: “Сут уч унсурдан ташкил топган: сув, оғиз сути ва ёғ”. Туя сутида сув кўп бўлиб оғиз сути ва ёғлар кам. Шунинг учун ҳам она сути, сигир ва туя, эчки сутларидан ҳамиша устун туради.

 

Она сутидаги лизоцим моддаси боланинг оғиз бўшлиғидан бошлаб то йўғон ичагигича бўлган оралиқдаги патоген микробларни нобуд этиб, фойдали микрофлорани ҳимоя қилади.

 

Экссудатив диатез (чилла яра) касаллиги асосан сигир сути ёки сунъий аралашма билан боқиладиган болаларда кўпроқ учрайди. Сигир сутида ҳам иммунитет вазифасини ўтовчи моддалар бор. Кўпинча улар генетик жиҳатдан бола организмига мос келмайди. Она сутидаги темир моддасининг аҳамияти ниҳоятда катта. Чунки унинг ўзлаштирилиши одатда 70 фоизини ташкил этса, сигир сути 30 фоиз, аралашмаларда эса 10 фоизига етади, холос. Эмизикли чақалоқни ўз вақтида тоза ҳавога, сайрга олиб чиқиш зарур. Унинг Д витаминига бўлган эҳтиёжи тўкис қондирилади.

Тадқиқотларга кўра кўкрак сути онани рак (саратон) касалликларидан сақлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлиги аниқланди. Эмизиш онани мастит-сут безларининг яллиғланиши, кўкрак саратони, тухумдонлар раки каби хасталиклардан асрайди. Яна болани кўкрак сути билан эмизиб боққан оналарда камқонлик хасталиги сезиларли даражада оз учрайди.

ХХ асрнинг 30-йилларидаёқ она сутида гормонлар ва бошқа биологик фаол моддалар мавжудлиги маълум эди. Бу соҳадаги тадқиқотлар кейинги йилларда кенг ривож топган бўлса хам ундаги гормонлар ва бошқа биологик фаол моддаларнинг ривожланаётган организм учун физиологик ва патофизиологик аҳамияти ҳали тўла-тўкис ўрганиб чиқилмаган.

Яна ўқинг:  Малҳамнинг аълоси алоэ

Тиреоид гормонлари ва уларнинг моҳияти бўйича Ўзбекистон Фанлар академияси Биокимё институтида академик Ё. Тўрақулов раҳбарлигида самарали тадқиқотлар олиб борилган. Бунда она сути ва турли жонзотларнинг сутидаги тиреоид гормонлар миқдори қиёсий таҳлил этиб ўрганилди. Бола туғилганидан кейин унинг организмига дастлаб сут билан кирадиган гормонлар миқдори ўлчанди.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, она сути таркибида кўп миқдорда тиреоид гормонлар мавжуд. Сутдаги тиреоид гормонларни янги туғилган гўдак организмдаги карбон сувлар алмашинуви унинг эндокрин тизимининг шаклланишига таъсир этиши ўрганилди. Сутда мелатонин гормони ҳам бор. У янги туғилган чақалоқ терисидаги пигмент алмашинувига таъсир кўрсатади.

Эмизиб боқиладиган болалар сунъий сут ва аралаш овқатланаётган болаларга нисбатан 2,5 марта кам касалланар экан. Бу она сути таркибидаги иммуноглобулинига боғлиқ. Ушбу А модда бола организмининг инфекцияларга нисбатан қаршилигини оширади. Америкалик олим Одрий Ж. Нейлорнинг таъкидлашича: “Ер юзида ҳар куни 40 минг нафарга яқин бола хасталик туфайли нобуд бўлади. Бунга сабаб она сутининг етишмовчилиги натижасидир”.

Янги туғилган чақалоқларда уларнинг барча аъзо ва тизимларининг меъёрий ривожланиши ва соғлом шаклланишида она сути муҳим озиқ моддалигини мутахассис олимлар исботлашди. Шунинг учун дунёга келган ҳар бир гўдакни ўз онаси сутидан баҳраманд бўлишини таъминлаш зарур. Уни амалга оширишда энг аввало, ҳар бир ота-она масъул ҳисобланади. Зеро, соғлом бола мамлакатимиз келажаги, унинг камол топишида ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши шарт.

 

Биология фанлари доктори Шониёз ҚУРБОНОВ таҳрири остида

Қарши тиббиёт коллежи ўқувчиси Моҳинур ҲАМЗАЕВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: