Тамаки чекиш: илк қадам огоҳ этади

0
38
марта кўрилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра инсон саломатлиги 50-55 фоиз ҳолатларда инсоннинг ўзи ва унинг соғлом турмуш тарзига боғлиқ экан. Бунинг асосий тамойилларидан бири зарарли одатлардан холи бўлиш ҳисобланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) нинг 1988 йил 42 сессиясида 31 май – халқаро чекишга қарши курашиш куни дея эълон қилинди. Кашандаларда чекмайдиганларга нисбатан бронхит (бронхлар яллиғланиши) ва ўпка эмфиземаси олти карра, ҳалқум саратони беш баробар, қизилўнгач ва меъда саратони уч маротаба, қон айланиш тизими касалликлари 2,5 ҳисса кўп учрайди. Меъда яраси ўн маротаба, тўсатдан юз берувчи ўлим ҳолати эса беш маротаба кўп кузатилади. Яна чекувчилар орасида юрак инфаркти, стенокардия касалликлари чекмайдиганларга қараганда 12-15 маротаба кўп учрайди. 35-40 ёшларда миокард инфаркти билан касалланганларнинг 80 фоизини тамакини ўсмирлик давридан бошлаб чекканлар ташкил қилади.

Тамаки тутуни таркибида киши соғлигига зарарли таъсир қилувчи 400 дан ортиқ моддалар борлиги аниқланган. Уларга никотин, ис гази, аммиак, азот, сероводород, бензопирен, полоний – 210, маргимуш, метан, бутан, кадмий, гексамин, тоулен, метанол ва бошқа моддалар киради.

Бу зарарли одат жинсий майлни сўндиради ва бепуштликка олиб келади. Чекиш уруғ ҳужайралари (сперма)га салбий таъсир қилишини кўрсатди.

Чекадиган аёлларда ҳам 60 фоиз кўп ҳолатларда бепушт бўлиш хавфи юқори бўлади. Тамаки тутунидан организмга тушадиган никотин ва бошқа зарарли моддалар ҳомиланинг шаклланишида ўта муҳим бўлган овуляция жараёнини бошқарадиган эстроген гормонларининг ишлаб чиқишига салбий таъсир қилади. Натижада овуляция жараёни бузилади ва бепуштлик юзага келади. Тамаки чекиш ҳомиланинг қон билан таъминланишини сезиларли даражада ёмонлаштиради ва унинг ривожланишига салбий таъсир қилади. Натижада тамаки чекувчи аёлларда ҳомила тушиши унинг чала ёки ўлик туғилиши, жисмоний ва ақлий заиф фарзандлар туғилишига ҳамда уларда кашандалик ва гиёҳвандликка мойиллик кучли бўлишига сабаб бўлади.

Кашандалар нафақат ўзларини, балки атрофидагилар учун ҳам хавф туғдиришади. Уларнинг ёнверидаги одамлар пассив чекувчилар, деб аталади. Улар фаол кашандаларга нисбатан кўпроқ тамаки тутунидан заҳарланади. Ота-онаси чекадиган болаларнинг организми фаол чекувчиларга нисбатан кўпроқ зарарланади.

Чекиш натижасида ютилган тамаки тутуни оғиз бўшлиғи, трахея ва бронхлар шиллиқ қаватларини шикастлайди. Натижада шиллиқ қават юмшаб қолади ва зарарланган жойларга касаллик пайдо қилувчи микробларнинг кириши осонлашади. Ҳалқумнинг бурун қисмида, ҳиқилдоқ, бронхларда чекиш сабабли сурункали яллиғланиш жараёнларини тез-тез пайдо бўлишига сабаб бўлади. Чекувчиларда сурункали бронхит касаллиги ривожланиб, уларни эрталабки йўтал ва қийинчилик билан балғам ажралиши безовта қилади. Яна уларда ҳансираш пайдо бўлиб, нафас олиш қийинлашади. Кашандаларда қўл-оёқларнинг увишиши, оқсоқланиш, сурункали касалликларнинг (бронхит, стенокардия, меъда ва ўн икки бармоқли ичакнинг яраси ва шу каби хасталиклар) тез-тез хуруж қилиши кузатилади.

Яна ўқинг:  Қуритилган олхўри саратон хасталигига қарши кураш воситасидир

Тамаки таркибидаги никотин оғиз бўшлиғининг шиллиқ қаватидан тез сўрилади ва қонга осон тушади. Натижада 20-23 дақиқада бутун организмга тарқалади. Энг аввало, никотин марказий асаб тизимига, бош ва орқа мияга таъсир қилади. Никотин буйрак усти безларида адреналин ва норадреналин каби гормонларнинг ишлаб чиқарилишини кучайтиради. Бунинг натижасида юрак фаолияти тезлашади ва нотекис ура бошлайди. Никотин юрак ва бош мия қон томирларини торайтиради. Қон босимини оширади. Бу заҳарли модда таъсирида ушбу аъзонинг жисмоний зўриқишларга чидамлилиги сусаяди. Чекувчи ўз юрагининг уришини сеза бошлайди. Юрак томирлари зарарланиши ривожланади ва униг мушакларини ёғ босади.

Маълумот ўрнида:

Бугунги кунда ер юзида 1,3 миллиард аҳоли тамакига қарамдир. Тамаки чекиш ҳар йили 5,4 миллион одамнинг ўлимига сабаб бўлади. Бу зарарли маҳсулот киши умрини 12-15 йилга қисқартиради. Чекувчилар ўртасида касалликлардан юз берадиган ўлим кўрсаткичи чекмайдиганларга қараганда 30-50 фоиз юқори бўлади. Ўпка саратони билан касалланганларнинг 95 фоизини тамаки чекувчилар ташкил қилади. Ҳар 8 сонияда бир инсон чекиш билан боғлиқ бўлган касаллик оқибатидан вафот этади. Агар бу зарарли одатнинг олдини олиш чора-тадбирлари кўрилмаса 2030 йилга бориб ҳар йили 10 миллион одам чекиш билан боғлиқ бўлган касалликлардан вафот этади.

Америкалик кардиологлар чекиш юрак чап қоринчаси мушакларининг қалинлашиши ва унинг оғирлиги ошишига олиб келишини аниқлашган. Бу юрак етишмовчилиги хавфини оширади. Чекувчиларда юрак ишемик касаллиги, инфаркт, инсульт бўлмаган ҳолатда ҳам, ушбу аъзонинг чап қоринчасида ўзгаришлар кузатилади. Унинг шакли ва ўлчамлари катталашади. Бу юрак фаолиятининг ёмонлашишига олиб келади. Шунингдек, ушбу заҳарли модда ўпка тўқималарига бевосита салбий таъсир этиб, рак ҳужайраларининг пайдо бўлишини тезлаштиради.

Гипертония (хафақон) юрак томирлари ва бош миянинг атеросклерози, юрак ишемик касалликларининг юзага келиб чиқишига сабаб бўлади. Никотин қонни қуюлтиради. Натижада қон лахталари, яъни тромблар ҳосил бўлиши учун шароит яратилади. Бу эса миокард инфарктини келтириб чиқаради.

Тамаки таркибидаги углерод гази (СО2) қондаги эритроцитлар (қизил қон таначалари) таркибидаги гемоглобин билан бирикиб, уларни кислородни қабул қилиш ва тўқималарга олиб бориш имкониятини камайтиради. Тўқималарга кислород боришининг камайиши тўқима ва ҳужайралардаги моддалар алмашинуви жараёнларини издан чиқаради. Оқибатда моддалар алмашинувининг бузилиши билан боғлиқ касалликлар, томирларда атеросклероз, бўғимларда полиартрит хасталигининг ривожланиши, ички аъзолар фаолиятининг издан чиқиши, организмда хилтларнинг тўпланиб қолишига шароит яратилади.

Яна ўқинг:  ОНА ВА БОЛА ҳамиша эътиборда, эъзозда

психологик жиҳатдан қараганда кашандалик инсон хотирасининг энг ашаддий душмани ҳисобланади. Чекиш хотиранинг пасайиши, уйқусизлик, хаёлпарастлик ҳамда “вос-вос” каби ҳолатларга олиб келади.

Кашандалик – бир лаҳзалик роҳатланиш эвазига саломатликни бой бериш ҳисобланади. Бу офат ўтмишда тарқалган даҳшатли эпидемиялар каби ҳалокатлидир. Тамаки чекишни ҳар қандай ёшда ҳам ташлаш мумкин. Аммо, бу осон кечмайди. Авваламбор, инсонда ирода ва чекишни ташлаш учун кучли хоҳиш бўлиши керак.

 

Кенжабой ИСМОИЛОВ,

Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил

этиш илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими,

тиббиёт фанлари номзоди

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.