Оналик бахти остонасида

Ҳомиладорликда аёллар организмида рўй берадиган ўзгаришлар

Ҳомиладорликнинг тахминий белгилари

Ҳозирги пайтда ҳомиладорликни аниқлашда махсус дорихона тест-қоғозчаларини қўллаш мумкин. Бу усул билан ҳомиладорликда аёллар пешобида хориогоник гонадотропин гормони текширилади. Бунинг учун аёл эрталабки пешобига тест-қоғозчасини ботиради. Агар унда иккита чизиқча пайдо бўлса реакция натижаси ижобий бўлади. Мабодо чизиқча ягона бўлса натижа салбий ҳисобланади.

Ультратовуш ёрдамида ҳам ҳомиладорликни аниқлаш мумкин. Ҳомиланинг юрак уришини 5-6 ҳафталигидаёқ билса бўлади. Ҳатто, унинг тасвирини 3-4 ҳафталигидаёқ кўриш мумкин.

Ҳомиладорлик ҳайз кўришнинг тўхташи билан белгиланади. Маълумки, соғлом аёлларда унинг даври ўзгармайди. Баъзи эмизикли гўдаги бор аёлларда ҳам бу табиий жарён кузатилмайди. Ҳайз даврининг бузилиши умумий касалликларда ҳам учраб туради. Хусусан, қандли диабет, сил, сурункали заҳарланиш (кимёвий моддалар ва бошқалардан) оғир руҳий изтироб ёки тўсатдан бошга тушган мусибат, шунингдек, барвақт климакс натижасида ҳам ҳайз тўхташи ёки унинг циклик даври бузилиши кузатилади.

Бу табиий жараёнинг тўхташи ҳомиладорликнинг тахминий белгиларидан бири бўлишига қарамай яна турли акушерлик текширишларини ўтказиш зарур бўлади. Одатда ҳомиладорликнинг 5-6-ҳафтасидан бошлаб бачадон катталашади. Унинг шакли ва қаттиқ-юмшоқлиги ўзгаради. Шунингдек, сут безларининг шакли ўзгариб, улар ҳам катталашади ва қаттиқлашади. Юқорида таъкидланганидек сут безини сиққанда ундан оғиз сути чиқади. Ҳомиладор аёлни акушер-гинеколог текширганда бачадоннинг катта-кичиклигини, унинг шаклини, қаттиқ-юмшоқлигини, қанчалик силжувчан, оғриқли ёки оғриқсиз эканлигини ва унинг туриш ҳолатини, қин гумбазининг қандай жойлашганини ҳамда унинг қанчалик силжувчанлигини аниқлашда тиббий кўрикнинг ўзига хос аҳамияти бор.

Ҳомиладорлик тахминан 15-20 ҳафталик бўлганда ҳомиланинг юрак уриши қорин девори орқали оддий акушерлик стетоскопи билан аниқ эшитилади. Юрак уришини тиббий ускуна ёрдамида ҳам эшитса бўлади. Бунинг учун қорин девори сатҳига вазелин суртиб, унинг эшитадиган қисмини қорин девори бўйлаб суриб, ҳомиланинг юрак ураётган соҳаси топилади. Бунда тиббий ускуна ёрдамида эмбрионнинг юрак уриши саналади (дақиқасига ҳомиланинг юраги 130-140 марта уради).

Ҳомиланинг юрак уриши ҳомиладорликнинг иккинчи ярмидан бошлаб эшитила бошланади. Асфиксия (бўғилиб қолиш) рўй берганда унинг юрак уриши бу ҳолат босқичига қараб дақиқасига 100-110 марта уриши ёки тезлашиб 150 марта ва ундан ҳам тез ура бошлайди. Объектив текширилганда ҳомиладорлик 20 ҳафталик бўлгандан бошлаб ҳомиланинг қимирлаши аниқ билинади. Ҳомиладорнинг ўзи ҳам ҳомиланинг қимирлаганини анча илгари сезиши мумкин. Лекин буни аёл ичаклар ҳаракати билан алмаштириши ва у янглиш маълумотга эга бўлиши мумкин.

Яна ўқинг:  БОЛАЛАР ПНЕВМОКОКК ИНФЕКЦИЯСИГА ҚАРШИ ЯНГИ ВАКЦИНА

Ультратовуш ёрдамида ҳомила скелетини ва юрак уришини, ундаги мавжуд нуқсонларни кўриш мумкин.

Пайпаслаб кўриш усулида ҳомила ҳолати аниқланади. Бу усул ҳомила тана аъзоларининг катта-кичиклигини, уларнинг бачадонда жойлашиш ҳолатини, олдин келувчи тана қисми, бош ёки думба ва уларни қаерда эканлигини аниқлашдан иборат.

Ультратовуш тиббий текшируви ёрдамида ҳомиладорликни эрта муддатида ҳам аниқлаш мумкин. Бундан ташқари ҳомиланинг сўнгги ривожланиш даврида унинг бачадонда ётиш ҳолатини (боши, танаси, оёқ-қўллари, ички аъзолари), оёқ-қўллар ва бошининг жойлашиши ва кўкрак қафаси ўлчови аниқланади.

Ҳомиладорлик муддатини ҳамда унинг ривожланишидаги нуқсонларни (гипотрофия, гидро – ва микроцефалия ва бошқалар) ҳам бу усул ёрдамида билиш мумкин. Шунингдек, ушбу текширув усули ҳомила йўлдошини, қоғоноқ сувининг кўп ва озлигини, кўп ҳомилалик, айниқса, ҳомиладорликнинг кечишини кузатишга имкон беради. Ультратовуш орқали тиббий кўрик бўлажак она учун ҳам, ҳомила учун ҳам зарарсиздир.

Ҳомиланинг қимирлашини она сезмай қолса, у нобуд бўлган ҳисобланади. Қоғоноқ суви шимилаётганига кўра бачадон кичиклаша боради. Бўлажак она қорин пастида оғирлик сезади. Унинг оғзи бемаза бўлиб, эти увишади. Сут безлари юмшаб қолади. Ҳомиланинг тирик ёки нобуд бўлганини ультратовуш усулида аниқланади. Бу мудҳиш ҳолат қанчалик эрта аниқланса, аёлга шунчалик ўз вақтида ёрдам бериш мумкин. Акс ҳолда онада турли патологик ҳолатлар юз бериши, хусусан, бачадонда ҳомила чириши, қон ивишининг сусайиши, ўлган ҳомилани бачадондан олиб ташлаш жараёнида коагулопатик қон кетиши мумкин.

Ҳомиладорликнинг давом этиши, унинг муддати ва туғиш вақтини аниқлаш

Ҳомиладорлик сўнгги ҳайзнинг биринчи кунидан ҳисоблаганда ўрта ҳисобда 280 кун ёки акушерлик ойи билан 10 ой – 40 ҳафта давом этади. Лекин баъзан ҳомиладорлик 280 кундан кам ёки ортиқ давом этиши ҳам кузатилади. Аёлларда ҳомиладорлик муддатини аниқлашда кўп қийинчиликлар учрайди. Чунки, унинг қачон бошланганлигини аниқ билиш қийинроқ бўлади. Унинг муддати охирги ҳайзнинг биринчи кунидан тўла кун ёки тўла ҳафталар билан ҳисобланади. Яъни, бу муддатлар илмий тиббий тилда охирги ҳайзнинг биринчи куни 0 куни, 0-6 кунлар “ноль тўла ой ҳафталик”, 7-13 кунлар эса “биринчи тўла ой ҳафталик” ва ҳомиладорликнинг охирги 40–ҳафтаси – “39 тўла ой ҳафтаси” деб ҳисобланади.

Яна ўқинг:  Нонуштага шарбат ичиш мумкинми?

Акушерлик тажрибасида туғиш вақтини аниқлаш учун Негель усулидан фойдаланилади. Бунинг учун охирги ҳайзнинг биринчи кунидан 3 ой орқага санаб, унга 7 кун қўшилади. Масалан, агар охирги ҳайзнинг биринчи куни 20 август бўлса, шу кундан 3 ой орқага саналиб (20 июль, 20 июнь, 20 май) унга 7 кун қўшилса, демак, туғруқ келгуси йилнинг 27 май куни кузатилади.

(Давоми бор)

Юлдуз ЖАББОРОВА,

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: