Реклама

Сифатли таълим учун замонавий бошқарув керак

Кўпдан буён бир масала кенг жамоатчилигимизни ўйлантириб, турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган эди. Бу – таълим тизимидаги бир-бирига чамбарчас боғланган муаммолар учбурчаги, яъни ўқитувчининг қадр-қиммати, таълимнинг сифати, интеллектуал салоҳият масаласи эди. Чиндан ҳам, шу уч нарса тараққиётни белгиловчи энг муҳим омиллардан саналади. Бироқ дастлабки икки омилсиз учинчисига эришиш қийин.

Бугун мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, шунингдек, ўқув-тарбия жараёнида таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини қўллашга ҳар қачонгидан-да катта катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ўқув-тарбия жараёнига бошқарувнинг янги механизмларини жорий этиш ишлари, жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини оширишга давлат сиёсати даражасида қаралаётганининг яна бир амалий тасдиғи бўлди.

Ушбу ҳужжат халқ таълим тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишларини белгилаб берди. Унга кўра, соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишда Халқ таълими вазирлигининг мувофиқлаштирувчи роли ва масъулияти янада оширилди. Энди Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар)лар халқ таълими бошқарма ва бўлимлари, шунингдек, вазирликка идоравий мансуб бошқа ташкилот ва муассасалар бошлиқларини лавозимга тайинлаш ҳамда лавозимидан озод қилиш масаласи маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан келишилмасдан Халқ таълими вазири томонидан амалга ошириладиган бўлди. Шу билан бирга, халқ таълими муассасаларини бошқариш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шаффоф ва самарали жамоатчилик назоратига эришиш, шу жумладан, барча муассасаларнинг телекоммуникация тармоқларига уланишини таъминлаш, барча фойдаланиши мумкин бўлган маълумотлар манбасини яратиш, уларнинг фаолиятини баҳолашнинг электрон рейтинг тизимини жорий этиш соҳани ислоҳ қилишнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Фармонга биноан, 2019 йил 1 январдан бошлаб туманлар ва шаҳарлар кесимида танлаш асосида умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлиги бўйича рейтинг тузилади ва кейинги ўқув йили бошланишидан кечиктирмай рейтинг якунлари оммавий ахборот воситаларида ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг веб-сайтида жойлаштирилади. Бу эса, ўз навбатида, муассасаларда таълим сифатини яхшилашга, ўқитувчиларнинг билим даражаси ва педагогик маҳоратини оширишга, умумтаълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Ўқув-тарбия жараёни устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш имконини беради.

2019 йил 1 мартдан бошлаб давлат умумтаълим муассасаларига болаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиш тартиби босқичма-босқич жорий этилиши эса, ўқувчиларнинг ота-оналарига таълим муасасасига бормасдан, муассаса раҳбарларига бевосита учрашмасдан, муассаса тўғрисида шаффоф маълумот олишида, ортиқча бюрократик тўсиқларсиз фарзандини умумтаълим муассасаларига жойлаштиришига имкон яратади.

2018 йил 1 октябрдан бошлаб умумтаълим муассасаларининг васийлик кенгашлари тугатилиши ва таркибига муассаса фаолиятига жиддий ҳисса қўшишга қодир энг фаол ота-оналар, битирувчилар, ҳомийлардан иборат умумтаълим муассасаларининг кузатув кенгашларининг ташкил этилиши умумтаълим муассасаси раҳбарини сайлаш, уни эгаллаб турган лавозимидан озод этишда ота-оналар ва битирувчилар вакилларининг бевосита иштирок этишини таъминлаши билан аҳамиятлидир. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони билан умумтаълим муассасалари раҳбарлари, ўқитувчилари ва бошқа ходимларининг касбий фаолиятига асоссиз равишда аралашувдан ҳимоя қилиш мақсадида бу муассасалар фаолиятини текширишга ваколатли органларнинг қатъий рўйхати, текширув тайинлаш ва ўтказиш мезонлари ҳамда ҳуқуқий асослари қайта кўриб чиқиладиган бўлди. Бунда умумтаълим муассасалари фаолиятини назорат қилувчи органлар томонидан текшириш даврийлиги уларнинг рейтингда эгаллаб турган ўрнига боғлиқ бўлиши белгилаб қўйилмоқда.

Яна ўқинг:  Сахийнинг боғи гуллайди

Бундан ташқари, 2019 йил 1 январга қадар муддатда “Замонавий мактаб” Давлат дастурини тасдиқлаш ва 2030 йилга қадар умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни тизимли, минтақавий ва мақсадли ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, шунингдек, уни амалга ошириш бўйича “йўл харитасини” ўз ичига олган Халқ таълими тизимини ривожлантиришнинг узоқ муддатли концепциясини ишлаб чиқиш ҳам белгиланмоқда. Албатта, бу ўзгаришлар халқ таълими тизимида жиддий янгиланишларга асос бўлади.

Биз замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга, юртимизни модернизация қилиш ва демократик жамият қуриш йўлидаги мураккаб вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган, халқимиз манфаатларига садоқатли янги авлод кадрларини тайёрлаш масаласини принципиал, ҳал қилувчи аҳамиятга эга, деб биламиз.

 

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: