Реклама

Мақом оҳанглари руҳи ва фалсафаси қалблардан жой олди

Қарийб бир ҳафта давомида Шаҳрисабз жаҳоннинг турли давлатларидан келган энг сара мақом ижрочилари баҳсига мезбонлик қилди. Бир ҳафта давомида мовий гумбазлар остида оромбахш наволар янгради. Улардаги жозиба, оҳанг, илоҳий куч-қудрат мусиқага ошуфта қалбларни забт этди. Дунёнинг машҳур хонанда ва созандалари, маданият ва санъат арбоблари, мусиқашунос олимлар нигоҳи Шаҳрисабзда бўлди.

Мазкур халқаро санъат байрамининг асосий ғояси инсоният маданий меросининг ажралмас қисми бўлган мақом санъатини ривожлантириш, унинг қадимий тарихи, теран фалсафаси, бетакрор ижро услуби ва бой ижодий анъаналарини келажак авлодга етказиш ва давомийлигини таъминлашдан иборатдир.

Анжуманга тайёргарлик доирасида муаззам Оқсарой атрофидаги майдонда улкан амфитеатр барпо этилди. Унинг атрофида юртимиз вилоятларининг ўзига хос урф-одат ва анъаналари, турмуш тарзини акс эттирувчи этнографик шаҳарчаларда иштирокчилар ва сайёҳлар учун дастурлар ҳавола этилди. Мақом санъатига оид турли кўргазмалар, миллий созлар ва либослар, ҳунармандлик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат намуналари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, китоблар, альбомлар намойиши ва сотуви йўлга қўйилди.

Халқаро мақом санъати анжумани доирасида 7 сентябрдан бошлаб Тошкент-Шаҳрисабз-Тошкент йўналиши бўйича “Afrosiyob” замонавий электропоездининг мунтазам қатнови йўлга қўйилди. Нуфузли анжуманда жами 73 давлатдан 300 га яқин яккахон ижрочи ва мусиқий жамоалар, унинг доирасида ўтган халқаро илмий-амалий конференцияда 19 давлатдан 30 нафар мусиқашунос олим иштирок этди.

 

Ушбу фестивалнинг ҳар бир куни қизиқарли ва ўзига хос бўлди. Мени ўзбек халқининг бой маданияти, анъана ва урф-одатларини юксак қадрлаши, асраб-авайлаши, айниқса, ҳайратлантирди, – дейди тунислик мусиқашунос олим, Тунис олий мусиқа институти асосчиси Маҳмуд Гуеттат. – Шундай буюк ва бетакрор маданият ўзбек халқининг қонига сингиб кетгани мақом санъати анжуманида юртингизнинг барча ҳудудлари анъаналари намойишида янада ёрқин акс этди. Бир халқ, бир маданият бўлишига қарамасдан, бу ердаги ранг-баранглик ақлни шоширади. Президент Шавкат Мирзиёев санъат анжумани очилишидаги нутқида қайд этганидек, ушбу анжуманнинг мақсади бу ноёб бойликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, ундан дунё аҳлини баҳраманд қилиш, келгуси наслларга безавол етказиш, турли қитъа ва мамлакатлар вакилларини бу гўзал масканда мужассам этишдан иборат экани мени ғоят хурсанд қилди.

 

Санъат байрамининг очилишида ЮНЕСКО, Осиё халқаро фольклор ижодиёти ташкилоти, Россия, Қирғизистон Президентларининг маслаҳатчилари, Тожикистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия маданият вазирлари каби мартабали меҳмонлар ҳамда мамлакатимиздаги хорижий дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Яна ўқинг:  VATANIM O‘ZIBEKISTON

 

– Жаҳон халқларининг тарихий, моддий-маданий меросини ўрганиш ва тарғиб этишда бундай анжуманларнинг ўрни беқиёс, – дейди ЮНЕСКО департаменти бошлиғи Жоти Хосаграхар Висверварая. – Бизнинг ташкилотимиз фестиваллар тимсолида энг сара маданият намуналарини ҳисобга олиб боради. “Шашмақом” ана шундай энг қадимий ва мўътабар санъат дурдоналаридандир. Икки минг йиллик тарихга эга “Шашмақом” нафақат Ўзбекистонда, балки кўплаб мамлакатларда кенг тарқалган. Шунинг учун ушбу Халқаро мақом фестивали унинг тарихий маданиятни тиклашдаги аҳамиятини янада юксалтирди.

 

10 сентябрь куни дунё санъат аҳлининг бош саҳнасига айланган Оқсарой майдонидаги амфитеатрда Халқаро мақом санъати анжумани ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Дастлаб, фаол ижрочилар қатор номинациялар бўйича тақдирланди. Халқаро ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг чиқишларини учта – “Энг яхши мақом ансамбли”, “Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси” ва “Энг яхши яккахон хонанда” номинацияси бўйича баҳолади.

Туниснинг “Al Gharbi Twins”, Япониянинг “SPCP Japan” жамоалари ва Туркманистон вакили Сухонберди Оразбердиев учинчи ўринга лойиқ, деб топилди. Эроннинг “Настар” ансамбли ва ҳиндистонлик Устад Иқбол Аҳмат Хон иккинчи ўринга муносиб кўрилди. Озарбайжоннинг “Ҳайрати” жамоаси солисти Нигор Шабанова ва Ўзбекистоннинг “Сақил” ансамбли биринчи ўринга сазовор бўлди.

Ниҳоят, ҳаяжонли лаҳзалар. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Халқаро мақом санъати анжуманининг бош соврини – Гран-при Тожикистон мақом академиясига берилгани эълон қилинди.

Ғолиб ва совриндорларга пул мукофотлари, шунингдек, анжуманнинг махсус дипломи ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Бундан ташқари, анжуманда иштирок этган барча хорижий меҳмонларга сувенир ва махсус сертификатлар топширилди.

Маросимда юртимиз санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури ҳамда 3D проекция-мусиқали ёритиш томошаси намойиш этилди.

 

Ўлмас БАРОТОВ,

ЎзА

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: