Реклама

“Саломатлик” поезди олис сафардан қайтди

Мана бир неча йилдирки, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ёш авлодни жисмонан соғлом ва маънан етук шахс этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, республикамизнинг чекка ҳудудларида яшовчи аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан ҳамкорликда “Саломатлик” поезди лойиҳасини ташкил этиб келмоқда.

Жорий йил 19-27 апрель кунлари ушбу хайрия карвони Қорақалпоғистон Республикасининг экологик ноқулай ҳудудларида яшовчи аҳолига тиббий ҳамда инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш мақсадида Тошкент – Қорақалпоғистон – Жаслиқ – Тошкент йўналиши бўйича сафарда бўлди.

Дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот тумани, “Қорақалпоғистон” ПФЙдаги 986 та ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон ва боқувчисини йўқотган оилага мурувват ёрдамлари кўрсатилди. Хусусан, 100 нафар фуқаро озиқ-овқат маҳсулотлари, 50 нафар кам таъминланган оилада туғилган чақалоққа болалар ваннаси, пойафзал, гигиеник воситалардан иборат инсонпарварлик ёрдамлари бевосита маҳалла фуқаролар йиғини раислари, Қўнғирот, Шуманай, Қонликўл туманлари Кенгаши вакиллари билан ҳамкорликда манзилли етказилди. Шунингдек, 836 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага дори-дармон, санитария-гигиена воситалари, пойабзаллар, уй-рўзғор буюмлари берилди.

Поезднинг кейинги манзили “Жаслиқ” темир йўл бекати бўлди. Саховатпеша ташкилот ходимлари томонидан “Жаслиқ” ПФЙдаги 1 минг 228 та ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон ва боқувчисини йўқотган оилага инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатилди. Қолаверса, посёлкадаги аҳоли пойтахтдан борган малакали шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди.

Хайрия тадбири давомида “Қўнғирот”, “Қорақалпоғистон”, “Жаслиқ” ПФЙлар, Шуманай, Қонликўл туманларининг узоқ ва чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи 2214 нафар фуқарога дори-дармон, уй-рўзғор анжомлари ва санитария-гигиена воситалари топширилди, – дейди фонднинг Қорақалпоғистон Республикаси филиали директори Урозгул Ембергенова. – Шундан 500 нафарига манзилли тарзда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 1 ёшгача болалари бўлган 100 нафар ёш оналарга уй-рўзғор буюмлари ва санитария-гигиена воситаларидан иборат инсонпарварлик ёрдами етказиб берилди. Қонликўл туманидан 2 нафар, Қўнғирот туманидан 1 нафар бола ногиронлар аравачаси, бир нафар қиз бола эса юриш мосламаси билан таъминланди.

Терапевт, педиатр, гинеколог, стоматолог, лор, офтальмолог, жарроҳ ҳамда невропатолог мутахассисларининг кўмаги билан доимгидек 2 минг 885 нафар аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Касаллик аниқланган беморларга соғломлаштириш юзасидан тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Тиббий кўрикдан ўтганларнинг 434 нафарини хотин-қизлар (улардан 148 нафари туғиш ёшидаги аёллар), 328 нафари болалар ва ўсмирлар, 158 нафарини эса нафақахўр ва ногиронлар ташкил этди.

Кўрик давомида беморларга аниқ лаборатория таҳлиллари ва замонавий текшириш усулларига таянган ҳолда ташхислар қўйилди.

Яна ўқинг:  Германияда наврўз байрами нишонланди

Шунингдек, мурувват ёрдамлари ҳудуддаги “Мурувват”, “Меҳрибонлик” уйлари ҳамда бошқа таълим муассасаларига ҳам етказилди. Жумладан, Хўжайли ва Чимбой туманларидаги “Мурувват” уйига, Тахиатош шаҳридаги “Гўдаклар” уйига инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатилди. Хўжайли тумани 1-сонли “Меҳрибонлик” уйига ҳам санитария-гигиена ҳамда уй-рўзғор буюмлари етказиб берилди. Хўжайли туман Республика кўп тармоқли 1-сонли болалар санаторийси, шу тумандаги 17-сонли мактабгача таълим муассасаси ўйинчоқ, тиббий асбоб-ускуналар ва санитария-гигиена воситалари билан таъминланди. Қолаверса, Қўнғирот тумани 4-сонли туманлараро силга қарши курашиш шифохонаси ҳамда Нукус шаҳар 1-сонли Республика руҳий-асаб касалликлари диспансерига витаминларга бой, қуритилган сабзавот аралашмасидан иборат озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Айтиш жоизки, ушбу хайрия акцияси давомида аҳолига ва даволаш профилактикаси муассасаларига жами 2 миллиард 844 миллион сўмлик озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий жиҳозлар, санитария-гигиена воситалари, витаминларга бой, қуритилган сабзавот аралашмасидан иборат озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

 

Эркин ҒОЗИЕВ,

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди етакчи мутахассиси

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: