“ТОШКЕНТ OPEN – 2012”: УЛКАН ИМКОНИЯТЛАР БЕЛЛАШУВИ
Пойтахтимиздаги Республика Олимпия заҳиралари Теннис мактаби кортларида 8 сентябрь куни “TASHKENT OPEN – 2012” анъанавий халқаро турнери старт олди. Унда дунёнинг 20 га яқин мамлакатдан келган теннисчи қизлар яккалик ва жуфтлик беллашувларида куч синашади. Баҳслар 15 сентябргача бўлиб ўтади.
Ўзбекистон жаҳон теннис ҳамжамиятига расман қўшилганлигига бу йил роппа-роса 20 йил тўлди. Мамлакатимиз теннис федерациясининг ITF, ATP ҳамда WTA сингари нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйганлиги эса ушбу спорт турининг юртимизда кенг қулоч ёзиб ривожланишига туртки берди. Жумладан, мамлакатимизнинг барча худудларида замонавий, ҳамма қулайликларга эга теннис мажмуалари, иншоотлари фойдаланувчилар ихтиёрига берилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда ўтказилаётган халқаро турнирлар сони 20 дан ошиб кетди. Ана шу мусобақалар орасида энг биринчилардан ҳисобланган “Toshkent open” халқаро турнири йил сайин WTA турнирлари орасида ўз ўрни ва нуфузига эга бўлиб бормоқда. Жаҳоннинг етакчи ракетка усталари маҳоратларидан баҳраманд бўлаётган ёшларимиз ўз малакаларини ошириб, халқаро ареналарда ўзларини кўрсатишга эришмоқдалар. Ирода Тўлаганова ҳамда Оқгул Омонмуродовалар ортидан Сабина Шарипова, Нигина Абдураимова, Влада Екшибарова Алина Абдураҳимова, Арина Фольтц, Сарвиноз Саидхаджаева сингари истеъдодли қизлар вояга етишаётгани қувонарли, албатта
“Toshkent open” халқаро мусобақаси эса бу йўлда изланаётган ўзбекистонлик теннисчилар учун навбатдаги маҳорат мактаби вазифасини ўташига ишонамиз.
Шубҳасиз, Олимпия Теннис мактаби бу ҳафта жуда кўплаб қизиқарли ўйинларга шоҳид бўлади. Эҳтимол мусобақа чемпиони жаҳоннинг энг кучли саккиз нафар ракетка устаси орасидан жой олиб, ноябрда Болгариянинг София шаҳрида ўтказиладиган ҳамда мавсумни якунлаб берувчи чемпионлар турнири қатнашчилари сафидан жой эгаллайди.